Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:39

Содиқжон изоляторда ўзини осганми?


Ўзбек ҳибсхонасидан яна бир жасад чиқди.
Ўзбек ҳибсхонасидан яна бир жасад чиқди.

Жиззах шаҳар 1-сонли ички ишлар бўлимига милиция ходимлари томонидан ушлаб олиб келинган 21 ёшли Содиқжон Эргашев изолятор хонасида ўзини осиб қўйди.

Содиқжоннинг жасадини кўрган амакисининг ўғли 16 ёшли Фурқат ҳам ўша куни уйида ўзини осган.

Эргашевлар хонадонига кетма-кет келган бу офатдан, унинг яқинлари жуда катта қайғуга тушдилар.

Жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Мамиржон Азимовнинг айтишича, бу воқеа 12 ноябрь куни содир бўлган эди:

- Содиқжон Эргашев ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган. У бир дўсти билан бирга бўлган, иккаласи ҳам ушланган. Ҳозир амакиси Пардавой билан гаплашдим. Унинг айтишича, кечаси соат бирларда Содиқни “200 минг сўм пул топиб келсанг, қўйиб юборамиз” чиқариб юборган. Кечаси у уйига келган, кейин аммасидан 200 минг сўм пул олиб, аммаси билан бирга милиция бўлимига борган. Милиция ходимлари эса "бу пулинг кам, яна топиб келасан", деган.

Кейин у норозилик билдирган, ичкарида анча бақир- чақир бўлган. Кейин уни яна алоҳида изолятор хонасига қамаб қўйишган. Бир оздан кейин Содиқнинг овози чиқмай қолган. Милиция ходимларининг айтишича, уни ёлғиз қолдириб кетишганидан кейин, Содиқ кроссовкасининг ипи билан изолятор хонасидаги панжарага ўзини осган,- дейди Мамиржон Азимов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, шундан сўнг Содиқжон Эргашев касалхонага олиб борилган, бироқ у аллақачон жон таслим қилиб бўлган эди. Марҳумнинг жасади унинг яқинларига берилган, бироқ прокурор Содиқнинг жасадини яна қайтариб олиб келиб, суд тиббий экспертизасидан ўтказган.

Мамиржон Азимовнинг Содиқжоннинг амакиси Пардавой Эргашев берган маълумотларга таяниб айтишича, бу йигитларнинг ҳибсга олинишига чойхонадаги ўтиришдан кейин содир бўлган жанжал сабаб бўлган:

- Чойхонадан чиққандан кейин яна қанақадир можаро бўлган дейишяпти. Бунга қизлар ҳам аралаш дейишяпти. Содиқжоннинг яқинлари фикрича, ички ишлар ходимлари суюқ қизларнинг қўли билан ҳам йигитлардан пул ундириш мақсадида шунақа ишларни ўзлари уюштирган бўлиши мумкин. Содиқжонни ҳам 200 минг топиб келасан, деб чиқариб юборганда “шармандангни чиқарамиз, ишхонангга ёзамиз”, деб қўрқитишган экан,- дейди Мамиржон Азимов.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, Содиқжоннинг ўлими бу оила учун яна бир кутилмаган бахтсизликни олиб келган:

- Содиқжонни жасадини уйига олиб келишгандан сўнг, унинг яхши кўрган жияни 16 ёшли Фурқат (Пардавой Эргашевнинг ўғли) жуда қаттиқ изтиробга тушган. Амакисини жасадини қучоқлаб ўкириб йиғлаган. Пардавой аканинг айтишича, кейин у болани ўз уйларига олиб кетишни буюрган. Фурқат уйига борганидан сўнг, ўша 13 ноябр куни кечқурун ошхонага кириб ўзини осиб қўйган. Бу жуда катта қайғу бўлди бу оила учун. Эртаси куни икки майитни ҳам бир хонадондан чиқаришди,- дейди Мамиржон Азимов.

Жиззахлик инсон ҳуқуқи фаолининг айтишича, Содиқжон Эргашевнинг милиция бўлими изоляторидаги сирли ўлими ва Фурқатнинг фавқулодда ўлими унинг яқинларини изтиробга солди. Улар очиқ қолган саволларга жавоб олиш учун ҳар куни ички ишлар бўлимига бормоқдалар. Бироқ, ҳозирча тергов жараёнлари кетаётгани учун улар қониқарли жавоб ололганлари йўқ.

Мамиржон Азимовга кўра, Содиқжон Эргашев яқинларини қийнаётган саволлар булар.

Агар Содиқжон бирор бир жиноятда гумонланиб ҳибсга олинган бўлса, нега уни ярим кечаси милиция ходимлари пул топиб кел деб, уйига жўнатиб юборишади?

Содиқжон ҳибсга олинар ва камерага қамалар экан, ундан ўз жонига қасд қилиши мумкин бўлган, ип, камар сингари буюмлар нега олиб қўйилмайди?

Нега Содиқжоннинг бўйнида ўзини осганлигига аниқ далил бўладиган излар топилмаган?

Бу каби саволларга жавоб олиш бизни Жиззах шаҳар ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилишга ундади. Жиззах шаҳар ички ишлар бўлими навбатчиси, ҳақиқатан ҳам шундай ҳолат юз берганини тасдиқлади. Бироқ айни пайтда тергов ишлари бораётгани учун, бу ҳақда телефон орқали маълумот бермаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG