Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:37

Тожик таҳлилчилари Каримовнинг фикрларига қўшилмайди


Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий фикрича, агар Марказий Осиё раҳбарлари ҳақиқатан ҳам ҳар қандай хавф-хатар ва беқарорликдан қўрқса ва бунинг олдини олишни истаса, аҳолининг турмуш шароитини ўнглаши, ижтимоий тенгликни таъминлаши,
Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий фикрича, агар Марказий Осиё раҳбарлари ҳақиқатан ҳам ҳар қандай хавф-хатар ва беқарорликдан қўрқса ва бунинг олдини олишни истаса, аҳолининг турмуш шароитини ўнглаши, ижтимоий тенгликни таъминлаши,

Тожикистонлик айрим сиёсатчилар ва таҳлилчилар Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2014 йилда Марказий Осиё барқарорлиги издан чиқиши мумкинлигига оид фикрларини ваҳимадан ўзга нарса эмас, демоқдалар.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов республика Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 20 йиллиги муносабати билан куни кеча матбуотда эълон қилинган табригида АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этиши ортидан “террорчилик ва экстримистик фаолиятнинг кенгайиш хавфи ортиши” ҳамда Марказий Осиёда кескинлик кучайиши эҳтимолидан огоҳлантирган. Шунингдек, президент Каримов сўнгги пайтларда минтақа ўзининг улкан табиий бойликлари боис йирик давлатларнинг стратегик манфаатлари тўқнашган ҳудудга айланиб қолганини таъкидлаган.

Аснода Тожикистондаги айрим сиёсатчилар ва таҳлилчилар Ўзбекистон давлат раҳбарининг АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетиши оқибатлари ҳақидаги хавотирлари замирида бошқа мулоҳазалар бор, деган фикрдалар. Хусусан, Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирийга кўра, ҳақиқатан минтақада беқарорлик хавфи кучли, аммо бунинг асосий омили ташқи хавф эмас, балки минтақа аксарият давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам мавжуд бўлган ижтимоий тенгсизликдир.

- Агар Марказий Осиё раҳбарлари ҳақиқатан ҳам ҳар қандай хавф ва беқарорликдан қўрқса ва бунинг олдини олишни истаса, у ҳолда, аҳолининг турмуш шароитини ўнгласин, ижтимоий тенгликни таъминласин, аҳолига кўпроқ эркинлик берсин. Ўшандагина инқилоб ҳам, давлат тўнтариши ҳам бўлмайди. Бундан бошқа йўл йўқ, - дейди Тожикистон парламенти депутати Кабирий.

Хавфсизлик масалалари бўйича мустақил таҳлилчи Амруллоҳ Собир эса Ўзбекистон президенти Каримовнинг фикрларида жон борлигини айтади.

Унингча, келгуси икки йил ичида Марказий Осиё ташқи кучлар ёки сиёсий ўйинчилар таъсири остида доимий беқарорлик ўчоғига айланиши мумкин.

- Ҳақиқатан Марказий Осиё арзон электр, сув, табиий газ ва атом энергиясининг асосий манбаи саналади. Сўнгги йилларда фойдаланилмай келинган бу манбаларни эгаллаш иштиёқи кучли бўлган Россия, АҚШ ва Хитой каби давлатлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб, минтақада беқарорликни юзага келтириши мумкин, - дея мулоҳаза билдиради таҳлилчи Амруллоҳ Собир.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мазкур нутқида яна Марказий Осиёнинг айрим давлатларидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ёмонлиги минтақавий хавфсизликка таҳдид солаётганини ҳам қайд этган.

“Минтақада жойлашган айрим мамлакатлардаги ижтимоий норозиликнинг кучайиши, ёмонлашиб бораётган ижтимоий-иқтисодий вазият минтақавий барқарорлик ва хавфсизликка қарши жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда”, деган президент Каримов гап қайси давлат ҳақида бораётганига аниқлик киритмайди.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Нўъмонжон Фахриддинов тахминича, Ўзбекистон президенти бу ўринда минтақа давлатларидан кўпроқ Тожикистонни назарда тутаётир.

- Номини тилга олмаган бўлса ҳам, бу ерда Тожикистонни кўзда тутгани сезилиб турилибди. Ҳар қандай ўзини билган одам шундай хулосага келади. Лекин бизнинг иқтисодий кучсиз бўлишимизга, биринчидан, Ўзбекистоннинг ўзи сабабчи бўлаяпти. Мана, нарх-наволар ошиб кетаяпти. Йирик давлатлар бизга - кичкина бир республикага шунчалик катта мушкулликлар келтираяпти. Ундан ортиқ яна қандай хавф-хатар бўлиши мумкин? - дея савол ташлайди мустақил таҳлилчи Фахриддинов.

Шу ўринда айтиб ўтсак, АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этиши ортидан минтақада беқарорлик хавфи кучайиши мумкинлиги ҳақида Тожикистон расмийлари ҳам жамоатчиликни ўтган йил бошларида огоҳлантирган эди.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази экспертлари хулосасича, Марказий Осиё хавфсизлигига таҳдид бўлаётган асосий омиллар минтақанинг ўзидадир. Тожик экспертлари фикрича, қўшни давлатлар кўп ҳолларда яхши қўшничилик принципларига амал қилмаётгани ва айрим давлатлар минтақада якка ҳокимликни даъво қилаётгани Марказий Осиё барқарорлигини савол остига қўймоқда.
XS
SM
MD
LG