Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:15

Обид қорига қилинган суиқасд тергови билан Швеция махсус хизматлари шуғуллана бошлади


Швециядан олинган хабарга кўра, мамлакат хавфсизлик хизмати Обидхон қори Назаровга қилинган суиқасд юзасидан тергов бошлаган. Швециянинг Умио шаҳридаги касалхонадан олинган хабарга кўра, бошидан жароҳатланган ўзбекистонлик диний уламо аҳволи кечаси ёмонлашган.

Швеция хавфсизлик хизмати 22 феврал кунги суиқасд юзасидан тергов бошлагани ҳақида Östersunds-Posten газетаси мухбири Филип Густавсон Озодликка маълум қилди.

- Швеция хавфсизлик хизмати бу иш бўйича текширув ўтказмоқда. Ҳозирда Стромсунд қишлоғида полициячилар сони кўпайтирилган, дейди швед журналисти.

Филип Густавсоннинг айтишича, швед махсус хизматининг мазкур суиқасд билан қизиқаётгани ўзбек имомига қилинган суиқасдни оддий жиноят сирасидан чиқаради.

- Бу Стромсундда кимнингдир ўлдирилишига оид одатий жиноятдан кўра жиддийроқ масала эканига ишора қилади. Яъни ўтказилаётган тергов ҳам каттароқ эканини англатади. Ҳозирда, менимча, улар бу суиқасд қурбони бўлган имомнинг Ўзбекистондан экани билан қизиқишмоқда. Шунингдек, хавфсизлик хизмати бу иш билан шуғулланар экан, ўзбек имомига суиқасд қилганлар Ўзбекистон махсус хизматларига алоқадор бўлиши мумкинлиги эҳтимоли ҳам текширалаётганини тахмин қилиш мумкин, дейди Östersunds-Posten газетаси мухбири Филип Густавсон.

Обидхон қори Назаров 22 феврал куни унга қарши уюштирилган суиқасдда бошидан жароҳатланган эди. Қори тушга яқин намоздан қайтаётганда Стромсунд қишлоғидаги уйи олдида номаълум шахс томонидан ўққа тутилди. Камида битта ўқ унинг бошига теккани айтилди.

Обидхон қори Назаров аҳволи оғирлашди

Чоршанба куни оғир аҳволда касалхонага олиб келингандан кейин ўзбекистонлик Обидхон Назаров жарроҳлик операциясидан ўтказилди.

23 феврал, пайшанба куни 54 ёшли Обидхон қори Остершунд шаҳридаги касалхонадан вертолётда Умио шаҳрига олиб кетилган эди.

Жума куни Умио шаҳаридаги тиббиёт университети қошидаги шифохона вакиллари Озодлик радиосига бошидан жароҳатланган Обидхон қори Назаровнинг аҳволи оғирлашганини билдирди.

Пайшанба куни Остершунд полицияси матбуот вакили Микал Обрамсон Озодлик билан суҳбатда жиноят жойидан қурол топилганини билдирди.

- Кеча 50 ёшлар атрофидаги бир одам ўқ отар қуролидан отилиб, жароҳатланди. Полиция бу ҳодиса ҳақида 13:40 да хабар топди. Дарҳол тергов ишлари бошланди. Жиноят жойидан ўқ отар қурол топилди, деди полиция вакили Обрамсон 23 феврал куни.

Топилган қурол қайси русумда экани ёки бошқа манбаларда айтилаётгандек овозини ўчириш мосламаси бўлганми, йўқми бу маълумотни ошкор қила олмаслигини қўшимча қилди полиция расмийси.

Шунингдек, Остершунд полицияси чоршанба куни ўтказган матбуот анжуманида шахси номаълум қолётган ҳужумчи Обидхон Назаровнинг бошига камида бир марта ўқ узганини маълум қилди.

Остуршенд шаҳар полицияси вакилига кўра, ҳозирда тергов ишлари доирасида гувоҳлик кўрсатмаларини олиш мақсадида жиноят жойига яқин уйлар бирма-бир айланиб чиқилмоқда.

- Тергов сири бўлгани боис жиноятга оид тахминларни ҳам ошкор қила олмаймиз, деди Остершунд полиция расмийси Озодлик билан суҳбатда.

Обидхон қори Назаров Ўзбекистон махсус хизматлари таъқиби остида 1998 йилнинг баҳорида ўз уйини тарк этган.

2000 йилда қўшни Қозоғистонга ўтиб, у ерда 2006 йил баҳорига қадар яширин ҳаёт кечирган эди. 2006 йилнинг мартида БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги томонидан қочқин, деб тан олинган ва Швециядан сиёсий бошпана олган эди.
XS
SM
MD
LG