Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:52

Қирғиз депутати ўзбекчa имтиҳонга қарши


Депутат Жўлдўшева тест синовларининг ўзбек тилида олиб борилиши Конституцияга зид, деб ҳисоблайди.
Депутат Жўлдўшева тест синовларининг ўзбек тилида олиб борилиши Конституцияга зид, деб ҳисоблайди.

Қирғизистон парламенти келаси ҳафтада этник ўзбекларнинг ўз тилларида имтиҳон топшириши нақадар қонуний эканини муҳокама қилмоқчи.

Қирғизистон парламенти депутати Жилдизқан Жўлдўшева 18 март куни ўтган парламент йиғинида умумреспублика тест синовининг ўзбек тилида ўтказилиши Конституцияга зид келишини иддао қилди. Депутат қонунчиликка биноан ўқувчи ва талабалар тест синовларини фақат қирғиз ва рус тилларида топшириши шарт, деб ҳисоблайди.

- Тест саволларининг барчаси ўзбек тилига таржима қилинибди. Қирғизистонда 80 миллат вакили яшайди. Шундан келиб чиқсак, тест саволларини уйғур, дунган тилларига ҳам таржима қилишимиз керакми? Нега Конституцияни ҳурмат қилмаяпмиз, - деди Жилдизқан Жўлдўшева.

Унинг бу талабини бир қатор депутатлар ҳам қўллаб-қувватлади. Натижада Қирғизистон парламенти бу масалани келгуси ҳафтада муҳокама қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Парламентда мазкур масала кўтарилган бир пайтда “Қирғизистон Ёшлар кенгаши” Бишкек марказий майдонида ўзбек тилида тест синовлари топширилишига қарши норозилик митинги ўтказди. Митингчиларнинг айтишларича, Қирғизистонда давлат тили сифатида қирғиз тили, расмий тил сифатида рус тили тан олинади. Шунинг учун ҳам бошқа тилларда имтиҳон топшириш қонунчиликка зиддир.

- Биз бу масаланинг ҳал этилишини талаб қиламиз. Қирғизистонда барча ҳужжатлар қирғиз тилида олиб борилмаса, мустақиллигимиз хавф остида қолади, -деди митинггга келганлардан бири Алмазбек Жазибаев.

Аммо Қирғизистон Таълим вазирлиги депутатлар ва қирғиз ёшлари томонидан бу масаланинг кўтарилишини республика фуқаролари ҳуқуқларини бузиш ҳаракати сифатида баҳолайди. Таълим вазирлигига кўра, Қирғизистонда умумреспублика тест синови 2002 йилда жорий этилган. Тест синови жорий этилган кундан бошлаб қирғиз, рус ва ўзбек тилларида ўтказилиб келинган.

- Қонун ва Таълим вазирлиги қарори асосида тестни қайси тилда топширишни битирувчининг ўзи ҳал қилади. Жумладан, битирувчи ўзбек тилида тест топшириши мумкин. “Нега ўзбек тилида тест синови ўтказилади?” деган савол пайдо бўлса, унга “Республика фуқароларининг конституциявий ҳуқуқлари бузилмаслиги учун”, деб жавоб бераман, - деди Қирғизистон таълим ва фан вазири Канат Садиқов.

Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистонда 780 минг ўзбек яшайди. Мамлакатда 91 та ўзбек мактаби фаолият кўрсатади. Бу мактабларда ўзбек миллатига мансуб 110 минг нафар ўқувчи таълим олади.

2010 йилда Қирғизистондаги миллатчи гуруҳлар мамлакат Конституциясининг ўзбек тилига таржима қилинишига қаршилик кўрсатган эдилар. Бу қаршилик оқибатида Бош қонун ўзбек тилига таржима қилинмай қолган.
XS
SM
MD
LG