Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:06

Шаҳрисабзлик ўсмир теримчи калтаклаб ўлдирилди


Шаҳрисабзлик ўсмир милиционерлар томонидан калтакланиши оқибатида нобуд бўлгани айтилмоқда.
Шаҳрисабзлик ўсмир милиционерлар томонидан калтакланиши оқибатида нобуд бўлгани айтилмоқда.
Шаҳрисабз тумани расмийлари тасдиқлаган хабар тафсилотларида 18 ёшли хаста йигитни пахтадан қайтгани учун милиционерлар қаттиқ калтаклагани айтилмоқда.

Озодликка 8 октябр куни шахси сир қолиши билан хабар қилган манбанинг ёзишича, 1994 йилда туғилган ва Шаҳрисабз туманининг Тарахли кўчасида истиқомат қилган Наврўз исмли йигит туман милиционерлари томонидан калтаклаб ўлдирилган.

Хабарда айтилишича, бу йигит онасининг ўрнига пахта теримига чиққан ва 6 октябр куни соғлиги ёмонлашгани боис пахта теримидан эрта қайтишга мажбур бўлган.

Қайтаётган пайтида Наврўзни туман милиционерлари тўхтатган ва ўртада чиққан тортишув натижасида йигит қаттиқ калтаклангани айтилмоқда.

Шаҳрисабз тумани марказий шифохонасида ишлайдиган манбанинг, исми сир қолиши шарти билан, Озодликка айтишича, 18 яшар ҳашарчи йигит ўша куни оғир аҳволда касалхонага келтирилган ва ўша ерда вафот этган.

Аммо, бу ходим теримчи йигитнинг шахсини аниқлаштиришда кўмаклаша олмаслигини айтди. Унга кўра, туман мутасаддилари воқеани сир сақлаш ҳақида кўрсатма берган.

Шаҳрисабз туман ҳокимлигининг вакили марҳум йигитнинг жанозаси 7 октябр куни ўқилганини тасдиқлади ва унда ҳокимият расмийлари ҳам иштирок этганини айтди.

Аммо, Озодлик боғланган кезда расмийларнинг барчаси туман пахта пунктида йиғилишда бўлгани боис ҳокимиятдан бошқа маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Туман Ички ишлар бўлими ходимлари ҳам ҳодисани билвосита тасдиқлади, аммо йигитнинг милиционерлар томонидан калтаклаб ўлдирилгани қатъиян рад этди.

Бу хабар тафсилотларини ўрганаётган "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили, журналист Абдураҳмон Ташанов аниқлаган маълумотларга кўра, бундай ҳодиса Қашқадарё вилоятида сўнгги бир ҳафта ичида иккинчи бор содир бўлмоқда.

Журналистнинг Озодликка айтишича, ўтган ҳафта вилоятнинг Қамаши туманида ҳам бир ёш теримчини туман милиционерларидан бири маст ҳолда калтаклаган ва теримчи кейинчалик жон берган.

Ҳозирча, қамашилик теримчи шахсини аниқлашнинг имкони бўлмади.

Бу икки ҳодиса вилоят расмийларини жиддий ташвишлантириб қўйгани айтилмоқда.

Ташановнинг айтишича, 7 октябр куни вилоят ҳокими иштирокида катта йиғилиш ўтказилган ва теримчиларни калтаклаётган милиционерларга қарши чора кўриш масаласи кўтарилган.

Бунга қадар 30 сентябр куни Жиззах шаҳридаги Санъат коллежининг 2-курсида таҳсил олаётган 18 яшар Азиз Бахтиёров пахта тераётган пайтда кутилмаган юрак хуружидан далада вафот этгани хабар қилинган эди.

17 сентябр куни эса Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида тошкентлик ҳашарчи-теримчи 55 ёшли Игорь Ячкевский оламдан ўтгани, унинг ҳам юрак хуружидан вафот этгани айтилган эди.

Бу йилги пахта теримига мактаб ўқувчиларини чиқаришни тақиқлаган Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини оммавий равишда пахтага сафарбар қилган.

Пахта терими мавсумини кузатаётган баъзи ўзбекистонликлар ҳамда ҳуқуқ фаоллари бераётган хабарларга кўра, баъзи ҳудудларда расмийлар хаста талабалар ҳамда ишчи-хизматчиларни ҳам йиғим-теримга мажбуран сафарбар қилган.

Озодлик Шаҳрисабзда бўлган ҳодисага оид тафсилотларга аниқлик киритишга уринишда давом этмоқда. Қўшимча маълумотлар учун вебсайтни кузатиб боринг.
XS
SM
MD
LG