Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:16

Шифокорлар бу йил ҳам мажбуран пахтага олиб чиқилади


Бу йил ҳам ўзбекистонлик шифокорларнинг мажбурий тарзда пахта далаларига олиб чиқилиши кутиляпти. Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонликлар сўзларидан шуни хулоса қилса бўлади.



Озодликка бу ҳақда маълум қилган манбага кўра, касалхоналарда пахтага чиқариладиган шифокорлар рўйхати тузилмоқда, пахтага чиқа олмайдиган ходимларнинг ойлик маошидан пул ундирилиши ҳақида огоҳланитирилмоқда.

Улардан “ўз ихтиёрим билан бердим”, деган мазмунда тилхатлар ҳам олинмоқда.

Манбамизга кўра, иш жойидан ажралиб қолиш таҳдиди остида шифокорлар шундай тил хат ёзиб беришга мажбур бўлмоқда.


Озодлик манбасининг айтишича, Тошкентдаги касалхоналардан бирида айрим шифокорлар ойликлари 250 минг сўм атрофида экани, ойлигини деярли ярмини беришга қийналишлари ҳақида айтишса, шу шифохона бош шифокори бу президент қарори эканини пеш қилиб, сиёсатга аралашмасликни, акс холда бунинг жуда ёмон оқибатлари бўлишидан огоҳлантирган.


Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси Ўзбекистонда пахта мавсумида мажбурий меҳнатдан фойдаланилиши билан боғлиқ вазиятни мониторинг қилиб келади. Ташкилот раҳбари Елена Урлаева ҳам ўзбекистонлик шифокорларнинг мажбурий тарзда пахта далаларига олиб чиқилиши ҳақида маълумотга эгалигини билдирди.

Альянс раҳбари Озодлик мухбири билан суҳбатда пахтага чиқариладиган тиббиёт муассасалари ходимларининг рўйхати аллақачон тузилаётганини айтди.

- Мен кечагина Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 5-сонли болалар касалхонаси шифокорлари билан гаплашдим. Улар жуда хафа бўлиб ўтиришибди. Пахтага чиқариладиган ходимлар рўйҳати тузилаётган экан, боролмайдиганларни ҳар ойлигидан 100 минг сўм пул ундириб олиниши ҳақида қаттиқ огоҳлантиришган уларни, - дейди Урлаева.

Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги 1-сонли касалхона шифокори Иқбол Авлоқулованинг Озодликка айтишича, улар ҳам пахта теримига чиқарилишлари ҳақида огоҳлантирилганлар.

- Бу йил 5 сентябрдан пахтага дейишяпти. Биласизми у ерда биринчидан шароит жуда ёмон. Иккинчидан, шифокор шифокорлигини қилиши керак эмасми. Ўтган йили ҳамшираларимиз боришган эди. Аҳвол жуда ёмон деб келишган. Бизни касалхонадан ҳар йили 60га яқин шифокор пахтага боради. Бормаганларни ойлигидан 80 минг сўм олиб қолинган эди, ўшанда,- дейди Авлоқулова.

Ўзбекистонлик шифокорларнинг мажбурий тарзда пахта теримига жалб этилишлари билан боғлиқ шикоятлар юзасидан изоҳ сўраб Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига боғланганимизда, вазирлик мутасаддиси телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Кузатувчиларга кўра, мажбурий болалар меҳнати боис халқаро босимлар остида қолган Ўзбекистон ҳукумати мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига оммавий жалб этмасликка ҳаракат қилмоқда.

Болалар ўрнига давлат бюжетидан молияланадиган корхоналар, жумладан шифохоналар ходимлари ва мактаб ўқитувчиларини дала ишларига мажбур этмоқда.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, сўнгги йилларда тиббиий муассасалар ходимларининг чопиққа ёки пахта термига олиб чиқилиши кўлами ортган.

- Биринчидан ходимларнинг мажбурий пахтага олиб чиқилиши, боролмайдиганлардан яна пул ундириб олиниши бу мутлақо қонунга зид амал. Мардикорлар учун тўлаймиз, деб шифокорлар ойлигидан уриб қолинаётган бу пулларнинг миқдори жуда катта. Пул қаерга кетаётганини аниқлаш эса жуда мушкул,- дейди Урлаева.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ўтган йилги пахта мавсумида бир миллиондан ортиқ фуқаросини, жумладан ўқитувчи, шифокор ва ҳамшираларни оғир шароитда пахта теришга мажбур қилган.

Ўзбекистон расмийлари эса мамлакатда мажбурий меҳнат муаммосини ўрганмоқчи бўлган халқаро меҳнат ташкилоти мутахассисларини беш йилдан буён мамлакатга киритмай келяпти.

Шу кунга қадар дунёнинг юздан зиёд чакана савдо ширкати мажбурий меҳнат эвазига етиштириладиган Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган махсулотлардан воз кечган.

XS
SM
MD
LG