Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:21

Jameson вискиси ўзбекларникими ёки ирландларники?


Jameson вискиси (суратда) Ирландияда 1780 йилдан бери ишаб чиқарилади.
Jameson вискиси (суратда) Ирландияда 1780 йилдан бери ишаб чиқарилади.

Ирландиянинг виски ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда ном қозонган Irish Distillers Ltd. ширкати билан Ўзбекистоннинг Legion Trade Asia ширкати ўртасидаги брэнд можароси ҳозирча ўзбек томони фойдасига ҳал бўлди. Ўзбекистон Интеллектуал мулк қўмитаси можарога сабаб бўлган Jameson вискиси товар белгиси учун эгалик ҳаққи Ўзбекистон ширкатига оид, деб қарор чиқарди.



Irish Distillers Ltd. ширкатининг ўзига қарашли Jameson вискиси товар белгисини ўғирлади, деган даъво билан Ўзбекистондаги Legion Trade Asia ширкати устидан киритган арзи қондирилмади.

Илк бор 1780 йилда Дублинда ишлаб чиқарила бошлаган Jameson вискиси 2008 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳам чиқарила бошлаган.

Бу ичимлик учун товар белгисини Ўзбекистондаги Legion Trade Asia ширкати Ўзбекистон Интеллектуал мулк қўмитасида қайддан ўтказган эди.

Қўмитанинг Апелляция кенгаши Ирландия ширкати эгалик ҳаққи учун киритган даъво аризасини қондирмади ва бу товар белгиси остидаги истеъмол маҳсулотини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳамда сотиш ҳаққини маҳаллий ширкатда қолдирди.

Бу ҳақда РИА-Новости агентлигига сўзлаган қўмитадаги манба Jameson брэнди учун Ирландияда патент сўралгани ва бу брэнднинг Ирландиядаги миллий базага 1998 йилда киритилгани экспертиза чоғида эътиборга олинмаганини билдирган.

Тошкентдаги Озодлик манбасига кўра, ўзбек ва ирланд ширкатлари ўртасидаги тортишув боис, Jameson вискиси алкогол ичимликлар сотиладиган бўконлар пештахталаридан йўқолган.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Интеллектуал мулк қўмитасидан бу можарога оид бирор расмий изоҳ олишга муваффақ бўлмади.

Аммо мухбир билан микрофонсиз суҳбатлашган ва лавозими ҳамда исмини ошкор қилмаётганимиз мулозимга кўра, қўмита олган қарор ҳам маҳаллий, ҳам халқаро қонунларга мосдир.

"Гап шундаки, Jameson вискиси товар белгиси остида маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш учун патент сўраб, Ўзбекистондаги Legion деган компания 2008 йилда мурожаат қилган. Ўшанда бу компания патентни олган. Ирландлар эса Европа патент идорасидан бу товар номи учун патент олаётганда уни сотиш ва ишлаб чиқариш ҳаққини Ўзбекистон учун ҳам қайд эттириши керак эди, аммо афтидан улар буни қилмаган", деди Ўзбекистон Интеллектуал мулк қўмитасининг мухбир билан микрофонсиз суҳбатлашган мулозими.

Бу мулозимнинг сўзларидан тушунилишича, қўмита қарорига биноан Jameson бренди остидаги маҳсулотни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва сотиш ҳаққи фақатгина Ўзбекистондаги Legion Trade Asia ширкатига берилган.

Яъни, нафақат Ирландия, балки бошқа бирор хориж давлати, шунингдек, бирор маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳам бу номда Ўзбекистонда маҳсулот чиқариш ва сотиш ҳаққига эга эмас.

Айнан Jameson вискиси Irish Distillers Ltd. ширкатини нафақат Европа балки дуёнинг аксар давлатларида танитган ичимликлардан биридир.

Илк бор бу ном остидаги виски 1870 йилда Дублинда тайёрланган ва ўзи ўйлаб топган рецепт асосидаги ичимликка ўз номини берган ирландиялик Жон Жеймсон қолдирган рецептлар ҳозир ҳам виски ишлаб чиқариш саноатида кенг қўлланилади.

Ўзбекистон Интеллектуал мулк қўмитасининг исмини ошкор қилмаётганимиз мулозими бу брэнд учун 2008 йилда Ўзбекистонда патент олган ширкат эгаларини "уддабуронлар" деб атади.

"Legion ширкатидаги уддабуронлар ўша 2008 йилларда шу Jameson вискисига ўхшаган кўпгина машҳур спиртли ичимликлар товар белгиси учун Ўзбекистондан патент олволган. Чет элдаги ширкатлар эса патентни Европадан олаётганда, Ўзбекистонга ўхшаган давлатларни ўз спискасига қўшмаган. Видимо, Ўзбекистонни кичкина, виски ўрнига чой ичадиган давлат, деб ўйлашганда. Энди қарашса, каттагина давлат", деди агентлик мулозими Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Мулозимнинг айтишича, Ўзбекистонда маҳаллий ширкат аризаси билан рўйхатга олинган ва патентланган дунёга машҳур товар белгилар кўп.

"Яъни, бизнинг идора бу маҳсулот номи ва тарихи билан қизиқиб ўтирмайди. Ариза киритилган санага қадар бундай товар белгиси Ўзбекистонда қайд этилмаган бўлса, бўлди", деди Ўзбекистон Интеллектуал мулк қўмитасининг исмини ошкор қилмаётганимиз мулозими.

2012 йилда дунёда энг кўп виски экспорт қилган ширкатлардан бири, деб топилган Irish Distillers Ltd. ширкатини доғда қолдирган Legion Trade Asia масъулияти чекланган жамиятнинг "уддабурон" эгалари билан боғланишнинг эса имкони бўлмади.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий ширкатлардан бирининг ходими бундан 10 йилча муқаддам Legion Trade Asia масъулияти чекланган жамияти тугатилганини айтди.

"Озгина жанжаллар бўлган, кейин раҳбарлари ишдан олинган эди, адашмасам. Ҳозир бунақа компания йўқ. Лекин улар чиқарган ичимликлар чиқяпти ҳалиям. Бошқа фирмалар чиқаряптида", деди исми ва ширкати номини ошкор қилмаётганимиз тадбиркор.

Айни маълумотни тилга олган Ўзбекистон Интеллектуал мулк қўмитаси мулозими ҳам ўз вақтида истиқболи порлоқ бўлиши кутилган Legion Trade Asia ширкатининг шу кунда бошқа номда ва эҳтимол, бир неча алоҳида ширкатлар ҳолида ишлаётганини айтди.

"Ўз вақтида бу Legion Trade Asia деган ташкилот 200-300 номдаги ароқ, шампан, виноларга товар белгиларини эгаллаб олган эдида бу мошенниклар. Кейин тугатилганда ҳам шу товар знакларини бошқа ширкатларга сотган бўлиши керак. Энди ирландлар Ўзбекистонда бу товар белгиси учун патентни фақат шу ширкатлардан сотиб олиши керак, бошқа йўли йўқ", деди Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган мулозим.

Озодлик мухбири брэнд можароси ортидан Irish Distillers Ltd. ширкатига ҳам боғланди.

Ширкат матбуот хизмати ходими Ива Нун ҳозирча бу борада ҳеч қандай изоҳ берилмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG