Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:52

Санкт-Петербургда ўзбекистонликларнинг “Умид” жамияти тўхтатилди


Санкт-Петербург шаҳар суди 6 ноябрь куни Россия Адлия вазирлиги даъвосини қондириб¸ ўзбекистонликларнинг “Умид” юртдошлар жамияти фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди.

Бу ҳақда “Умид” юртдошлар жамияти раиси 61 ëшдаги Алижон Ҳайдаров Озодликка маълум қилди.

Алижон Ҳайдаров
Алижон Ҳайдаров
Ҳайдаровнинг айтишича¸ Россия "шимолий пойтахти"да 23 йилдан бери фаолият олиб бораëтган ўзбеклар жамиятини ëпиш борасидаги суд қарори устидан шикоят аризаси берилган:

- Ўзбек мигрантларига ҳуқуқий¸ моддий ва маънавий кўмакчи бўлиб келаëтган бу ташкилотнинг ëпилишига йўл қўймаймиз. Суд қарори устидан аппеляция шикояти бердик. Олий судгача борамиз. Меҳнат мухожирлари учун энг керак пайтда бизни фалаж қилишларига йўл бермаймиз¸ деди “Умид” ташкилотининг раиси умид билан.

Санкт-Петербургда ўзбекистонликларнинг “Умид” юртдошлар жамиятида кўнгилли бўлиб ишлаëтган ва ўзини Валижон деб таништирган йигитнинг айтишича¸ ташкилотнинг муассислик ҳужжатларидаги ноаниқликлар Россия Адлия вазирлиги шикоятига сабаб бўлган:

- Бу шунчаки расмиятчилик учун атайлаб топилган xато. Россиядаги рус бўлмаганларга қарши кайфият боис бизнинг ташкилот фаолияти тўхтатилди¸ деб тахмин қила оламиз. Суд қарори сатрлари орасидан шундай маъно чиқб келади. Лекин бизда ғайрат ва шижоат бор. Ташкилотнинг 8000 аъзоси бир-жону бир тан бўлиб 23 йилдан бери давом этаëтган фаолиятимизни тўхтатиб қўйилмаслиги учун ҳаракат қиламиз. Ҳозир ҳуқуқшунослар ишлаяпти¸ дейди суҳбатдош.

Санкт-Петербургдаги ўзбекистонликлар диаспораси вакиллари 1995 йилда «Умид» юртдошлар жамиятини тузишган эди.

Бу жамиятнинг илк ташкилотчиси ва раиси Алижон Ҳайдаров бўлиб, у бир вақтнинг ўзида “Турон””юртдошлиги ва Ўзбек маданий марказида ҳам ана шундай лавозимларни эгаллайди.

Озодлик билан суҳбатда Ҳайдаров бугунги кунда бу икки жамоатчилик ташкилотини Санкт-Петербург ўзбек миллий-маданий мухториятига бирлаштириш режасида эканини айтди.

"Умид" ташкилоти Россия Шимолий-Ғарбий федерал округдаги илк ўзбек ташкилоти бўлиб ҳисобланади.

“Умид” раҳбарининг Россия Федерацияси 44 субъектида бўлимлар очиш¸ ҳамда ўзбекистонликларнинг Умумроссия бирлашмасини ташкил этиш бўйича ҳам режалари бор.

Россия фуқароси бўлган Алижон Ҳайдаров Болтиқ флотида 25 йил хизмат қилиб, 1993 йилда капитан унвонида истеъфога чиққан.
XS
SM
MD
LG