Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:17

Гулнора Каримованинг ҳамкори Янис Галанос ўзининг қийноққа солинганини рад қилди


13 ноябрь кунидан бери Ўзбекистонда ҳибсда қолаëтган ва Гулнора Каримовага оид твитларда қийноққа солингани иддао қилинган Греция фуқароси 31 ëшли Янис Галанос ўзининг қийноққа солинаëтганини ҳуқуқ фаоллари билан учраштирилган пайтда рад қилди.

Мамлакатда расман рўйхатга олинган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 4 декабр куни тарқатган 35-сонли матбуот хабарномасида Янис Галанос билан ўтказилган интервьюга таянган ҳолда, унинг қийноққа тутилмагани маълум қилинган.

Матбуот хабарномасида айтилишича, Янис Галанос Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг раисаси Васила Иноятова ҳамда жамиятнинг Тошкент вилоят бўлими раҳбари Абдураҳмон Ташановлар билан учраштирилган.

Янис Галанос билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:37 0:00


Учрашув пайтида Янис Галанос: “Мен айбимга тўла иқрорман, ҳақиқатан ҳам мамлакатингизда яшаш билан боғлиқ қонун-қоидаларга хилоф иш тутганман”, деб айтган.

Галанос билан учрашган Васила Иноятова ҳамда Абдураҳмон Ташановларнинг Озодликка айтишича, маҳбус иқрорининг видеотасвирга олинишига ҳам изн берилган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:10 0:00
Бевосита линк


Янис Галанос “Эзгулик” вакиллари билан учрашув чоғида ўзини қийноққа солинаëтгани ҳақидаги гапларни “бўҳтон” деб атаган.

“Эзгулик” тарқатган матбуот хабарномасида Янис Галанос Гулнора Каримова твитларидаги уни қийноққа солингани ҳақидаги гапларни қатъий рад қилгани айтилади:

“Twitter муаллифининг: "Янис Галаносни жуда қаттиқ калтаклашган ва у камера олдида кўрсатма беришга мажбур бўлган - қандай даҳшат, бу каби ҳолатларни аввал фақат фильмлардагина кўрардик" қабилидаги гапларини у бўҳтон, деб атади. Шунингдек, "Галанос қийноқлар натижасида 20 килога озиб кетган ва унинг видеосида юзидаги кўкарган ва шишган жойлари билиниб турибди" каби сўзларни қатъиян рад этди", дейилади “Эзгулик” тарқатган матбуот хабарномасида.

Хабарномада айтилишича, “Эзгулик” ташкилоти Янис Галанос кечмишлари билан боғлиқ тафсилотларни ўрганиш учун Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганидан кейин маҳбус билан учраштирилган:

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, МХХ ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига шу йилнинг 1 декабрида расмий мурожаатномалар билан чиқди", дейилади хабарномада.

Ана шу мурожаатдан кейин 4 декабрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси реаблитация марказида сақланаётган Греция фуқароси Янис Галанос билан “Эзгулик” фаоллари учраштирилган.

Галанос билан учрашган фаолга кўра¸ Тошкент шаҳар ИИББда паспорт режими, Ўзбекистонга кириш ва чиқиш тартибини бузганлик билан терговолди суриштирувларга жалб қилинган Янис Галанос “Эзгулик” вакилларининг саволларига тўла, самимий жавоб берган ҳамда учрашувни видеотасвирга олишга розилик ҳам берган.

Бу учрашувдан сўнг “Эзгулик” ташкилоти махсус хабарнома тарқатиб, Галанос касбий фаолияти учун эмас¸ балки виза режимини бузганлиги учун ҳибсга олинганини маълум қилди:

“Греция фуқароси Янис Галанос Ўзбекистон маданияти ва санъати жамғармасида бир муддат дизайнер ва фотограф бўлиб ишлаган. Аммо унинг ҳибсга олиниши ва терговолди суриштирувларга жалб қилиниши касбий-профессионал фаолияти билан боғлиқ бўлмай, аксинча, хориж фуқароси ўлароқ паспорт режими қоидаларини бузиб келганлиги бўлиб чиқди", дейилади мамлакатда расман рўйхатга олинган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти баëнотида.

Эслатиб ўтамиз, 30 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Янис Галанос Ўзбекистон МХХ ертўласида “айбига иқрор бўлгунига қадар" қийноққа тутилгани ҳақида твит ëзган эди.

"Янис Галаносни жуда қаттиқ калтаклашган ва у камера олдида кўрсатма беришга мажбур бўлган - қандай даҳшат, бу каби ҳолатларни аввал фақат фильмлардагина кўрардик", дея твитлаган эди Каримова.

Гулнора Каримова твитларига кўра, Янис қийноқлар оқибатида Каримова Twitter-фолловерларининг 90-99 фоизи сохта, дея айтишга мажбур бўлган.

Гулнора Каримова ўз твитларида қийноқлар воситасида Янис МХХ генерали Ҳаёт Шарифхўжаев тўқиб берган матнни видеокамера олдида ўқишга мажбур бўлганини ëзади.

Каримованинг твитларига кўра, Янис Галаноснинг видеокўрсатмасини МХХ ичидагилар унга сиздирган.

Каримова ўз твитларида "Галанос қийноқлар натижасида 20 килога озиб кетган ва унинг видеосида юзидаги кўкарган ва шишган жойлари билиниб турибди", дея иддао қилган эди.

Янис Галанос кечмишлари билан боғлиқ тафсилотларни Озодлик мухбиридан олган элчихонанинг жамоатчилик билан алоқа қилиш бўйича мулозими бу масала борасида Греция Ташқи Ишлар вазирлиги билан маслаҳаталашув бораëтганини билдирган эди.

- Шу пайтгача бизнинг элчихона бундай ҳолат билан дуч келмаган эди. Агар Янис Галанос ҳақиқатан ҳам Греция фуқароси экани аниқланса, биз унга керакли даражада ҳуқуқий кўмак берамиз. Ҳозирги пайтда Афина билан бу масала ечимини муҳокама қилишга киришдик¸ - деганди Озодликка гапирган Грециянинг Москвадаги элчихонаси жамоатчилик билан алоқа қилиш бўйича мулозими.

Айни пайтда Греция фуқароси 31 ëшли Янис Галаноснинг 13 ноябрдан бери Ўзбекистонда ҳибсда қолаëтганлиги масаласини Грециянинг Москвадаги элчихонаси ўрганишда давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG