Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:44

Тошкентлик ҳайдовчи тортиб олинган машинасини қайтариб ололмаяпти


Тошкентлик Асқар Атаматов суд қарори билан тортиб олинган Nexia машинасини икки йилдан буён қайтариб ололмаяпти. Ўтган ой суд Асқарнинг машинасини қайтариб бериш ҳақида қарор чиқарди. Лекин, суддагилар машина сотилиб кетганини айтиб, эгасига пул таклиф этишмоқда.



Тошкентлик 22 яшар Асқар Атаматов 2011 йилда гиёҳванд модда истеъмол қилган ҳолда машинани бошқарганликда гумонланиб, қўлга тушган ва Чилонзор тумани суди қарори билан унинг Nexia русумидаги машинаси олиб қўйилган эди.

Ўтган ой суд Атаматовнинг машинасини қайтариб бериш ҳақида қарор чиқарди. Лекин, суд вакиллари машина сотилиб кетганини айтиб, эгасига 22 миллион 840 минг сўм пул таклиф этишмоқда.

Асқар Атаматов Озодлик билан суҳбатда бу пулга машина сотиб ололмаслигини айтади.

- Машинам дяерли янги эди. Судга борсам "мана укам пулингни олгин-да кетавергин", дейди-да. Биринчидан, суднинг қарори чиқмасидан туриб, уни сотишга ҳаққи йўқ эди. Билсам, машинам олиб қўйилганидан икки ой ўтиб сотувга чиқарилган ва сотиб юборилган экан. Ҳозир менга 22 миллион 840 минг сўм, яъни 8 минг АҚШ долларига яқин пулни таклиф этишяпти, мен бу пулга бозордан машина ололмайманку. Бозорда меникидақа машина 11 минг АҚШ доллари туради,- дейди Асқар.

Тошкентлик Атаматов машинасини қайтариб олиш учун икки йил югурди. Ўтган ой Тошкент шаҳар Чилонзор тумани суди машина ноқонуний олиб қўйилган, эгасига қайтариб берилсин, деган қарорни чиқарди.

Чилонзор тумани судидагилар машина сотиб юборилганини тасдиқлашди ва машина эгасига у пул шаклида қайтриб берилишини айтишди.

- Бозор нархи деган нарса йўқ, бизда. Давлат белгилаган нарх бор. Шу пул эгасига қайтариб берилади,- деди Озодлик билан суҳбатда Чилонзор туман судининг исмини айтмаган ходимларидан бири.

Лекин, Атаматов суддан ё машинанинг ўзини ёки бўлмаса унинг ҳақиқий қийматига тенг пулни талаб этмоқда.

Ўзбекистонда қора бозордаги доллар қиймати реал қиймат, деб кўрилади. Лекин, қонуний ҳужжатларда машина нархи Марказий банк белгилаган курс бўйича, яъни 30 фоизга кам нархда баҳоланмоқда.

- Машинамнинг олиб қўйилиши ўзи ноқоқнуний бўлган. Судда ҳам машинам ноқонуний олиб қўйилган, эгасига қайтариб берилсин деган қарор чиқди. Энди билсам, машина сотилиб кетган экан. Сотилиб кетган бўлса менга шуни ҳақиқий қийматини беришлари керак. Улар Марказий банк курси бўйича ҳисоблашяпти, у курс бўйича машина олиб бўлмайдику, - дейди Аскар Атаматов.

Тошкентлик юрист Валерий Белковский мусодара этилган машиналарни суд сотиб юборишга ҳаққи борлигини айтади.

- Суд қарори амалда бўлган пайтда мусодара этилган машналарни суд сотиш ҳуқуқига эгадир. Бу ҳолатда ҳам машина суднинг қарори амалда бўлган пайтда сотиб юборилган. Қарор бекор қилинганидан кейин, унга шу машинанинг асл қийматини қайтариб беришлари керак. Лекин, Ўзбекистонда ҳуқуқий ҳужжатларда нархлар давлат курси бўйича ҳисобланади. Бозорда эса бутунлай бошқача вазият. Шу боис кўплаб чалкашликлар, келишмовчиликлар кўп бўлади,- дейди Белковский.

Ҳозирда Ўзбекистон валюта “қора бозор”ида бир АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбати 2960 сўмни ташкил этган бўлса¸ Марказий банк расмий курси бўйича у 2202 сўмни ташкил этмоқа.

Хориж валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан қадрини расман Марказий банк белгилайди. Фақат давлат ва саноқли “танланган” савдо ва ишлаб чиқариш компаниялари олди-бердиси учун қўлланиладиган бу расмий курс Марказий банк томонидан сунъий ушлаб турилади.

Бунинг жабрини эса оддий фуқаролар тортмоқда.

- Мен машинамни асл қийматини қайтариб беришларини талаб этиб, керак бўлса Олий судга шикоят қиламан,- дейди тошкентлик Асқар Атаматов.
XS
SM
MD
LG