Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:39

Mezon.uz сайти солиқчилар тафтиши сабаб ёпилган


Mezon.uzнинг Facebookдаги саҳифаси ҳам 18 декабрдан буён умуман янгиланмаяпти.
Mezon.uzнинг Facebookдаги саҳифаси ҳам 18 декабрдан буён умуман янгиланмаяпти.

Ўтган йили Ўзбекистонда “Энг яхши сайт” деб топилган Mezon.uz - Иқтисодий тадқиқотлар марказига қарашли сайт янги йил арафасида ёпилди. Ҳозирда пойтахт солиқчилари мазкур ахборот марказининг молиявий фаолиятини тафтиш қилаётгани айтилмоқда.



Дастлаб Mezon.uz техник сабабларга кўра ёпилгани эълон қилинди. “Техник носозликлар бартараф қилингач, 2-3 кун ичида сайт қайта ишга тушиши” хабар қилинганидан қарийб уч ҳафта вақт ўтаётган бўлса-да, вебсаҳифа ёпиқлигича қолаяпти.

Сайтнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ҳам сўнгги хабар 18 декабрь куни қолдирилган ва шундан сўнг саҳифа умуман янгиланмаган.

Сўнгги хабарларга қараганда, Mezon.uz сайтининг ёпилишига солиқчиларнинг тафтиши сабаб бўлган.

Тошкент шаҳар солиқ бошқармасидаги ўзини таништирмаган мутахасисга кўра, солиқ ходимлари Mezon.uz порталининг хўжалик, иш юритиш фаолиятини йиллик режа бўйича текширяпти.

Лекин солиқ мутахасиси солиқчиларнинг сайт ёпилишига алоқаси бор ёки йўқлигини очиқлашни истамади.

Mezon.uz сайтининг ёпиқ қолаётгани сабабларини ўрганган Uzmetronom.com сайтига кўра, тафтиш давомида бу ташкилотнинг молиявий фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, хорижий ташкилотлар томонидан берилган маблағ эвазига олинган техник асбоб-ускуналар текширувчиларни қизиқтирмоқда.

“Mezon.uz Ўзбекистон президентининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси Вячеслав Аркадьевич Голишев ташаббуси билан БМТнинг грантлари асосида ташкил қилинган. Сайтнинг ёпилиши ортида ҳам айнан ушбу давлат маслаҳатчисининг шахсига бўлаётган қизиқиш ётган”и ҳақида ёзди Uzmetronom.сом.

Янги йил арафасида ҳукумат идоралари тизимида кадр алмашинувлари кузатилди. Жумладан, Ўзбекистон президенти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси Жамшид Файзиев лавозимидан бўшатилди. Ўзбекистон ички ишлар вазири ва унинг ўринбосарлари ҳам янгиланди.

Mezon.uz - Иқтисодий тадқиқотлар марказининг мувофиқлаштирувчи раиси Голишев шахсига ҳам айнан мулозимлар алмашинуви билан боғлиқ сабаблар боис “қизиқиш” ортаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистондаги медиа тармоқлар фаолиятини кузатиб келаётган Озодлик манбасининг иддаосига кўра, Mezon.uz ва бугунги кунда мамлакатда оммабоп бўлган ўнга яқин сайт Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши томонидан тузилган бўлиб, ҳукумат мулозимлари ушбу сайтларга бириктирилган.

“Совбез (Хавфсизлик кенгаши-таҳр.) томонидан жами 9та сайт очилган. 12.uz, 12news.uz, Gazeta.uz, Kun.uz, Mezon.uz, Gorizont.uz каби сайтлар гўёки мустақил нашрлар сифатида ташкил қилинган. Бироқ улар контролда ушлаб турилади. Уларнинг барчаси грантлар асосида битта пакетда ташкил қилинган. Президент ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши томонидан сайтларнинг масъулияти ва назорати ҳукумат мулозимлари зиммасига юклатилган. Бу мамлакатдаги ахборот майдонини қўлда ушлаб туриш мақсадида қилинган”, дея иддао қилди суҳбатдош.

Ўтган йилнинг ёзида ўз фаолиятини бошлаган Mezon.uz сайти Ўзбекистон ва Марказий Осиё бўйича янгиликларни ёритиб келаётган эди.

Mezon.uz сайти 2013 йилда ўтказилган UZ миллий домени бўйича Интернет фестивалда “Энг яхши сайт” деб топилган.

Ҳозирда Ўзбекистонда яна бир сайт - Olam.uz нашри ёпиқ қолмоқда. Мамлакатдаги энг кўп ўқиладиган сайтлардан бирига айланган Olam.uz ўтган йилнинг январь ойи бошида ҳам маълум муддатга ёпилиб, орадан бир қанча ой ўтгач қайта очилган эди.

Ўтган йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Olam.uz сайтини оммавий ахборот нашри сифатида рўйхатга олди. Бироқ бир муддат фаолият кўрсатган сайт яна қайта ёпилди.

Айрим манбалар сайт ёпилишига унинг ноширларига қарши жиноий иш очилгани сабаб бўлгани ҳақида хабар қилган эди.
XS
SM
MD
LG