Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:20

Имомали Раҳмоннинг яна бир қариндоши “ёғли” жойни эгаллади


Имомали Раҳмон куёвининг укаси Зайнулло Соҳибов (чапда).
Имомали Раҳмон куёвининг укаси Зайнулло Соҳибов (чапда).

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг яна бир қариндоши мамлакатдаги “ёғли” лавозимлардан бирига тайинланди. “Тожик цементи” ширкатига раҳбар бўлган Зайнулло Соҳибов президент Имомали Раҳмон куёвининг укаси ҳисобланади. Кузатувчиларнинг айтишича, Тожикистондаги вазирлик ва катта уюшмаларнинг раҳбарлари, одатан, президентнинг қариндоши ёки ҳаммаҳалласидир.



Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг куёви Шамсуллоҳ Соҳибовнинг укаси Зайнулло Соҳибов “Тожик цементи” ширкатининг раҳбари этиб тайинланди.

Зайнулло Соҳибов отаси Маҳмадулло Соҳибов билан биргаликда Тожикистондаги катта ширкатлардан бири саналган “Фароз” ширкатининг 40 фоиз акциясига эгалик қилади. У, шунингдек, Кўлоб шаҳри “Равшан” футбол жамоаси раиси ҳамдир.

Президент қариндошлари юқори лавозимларда

Зайнулло Соҳибов президент қариндошларидан юқори лавозимга тайинланган биринчи шахс эмас.

Имомали Раҳмоннинг кўплаб қариндоши ва у туғилган юрт – Данғарадан бўлган танишлари мамлакатдаги вазирлик ҳамда бошқа “ёғли” идораларни эгаллагани кузатилади.

Имомали Раҳмон оиласи
Имомали Раҳмон оиласи
Президентнинг етти ўғли ва икки қизи бор.

Унинг 15 яшар ўғли Сомондан бошқа фарзандлари турмуш қурган.

Маҳаллий матбуот (“СССР” газетаси) президент қуда ва куёвларининг давлат мансабларини эгаллашини “қудавшина”, деб атади.

Президентнинг тўнғич ўғли Рустам Имомали Тожикистон божхона қўмитасига раҳбарлик қилади, қизи Озода Раҳмонова эса Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлиб ишлайди.

Тожикистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саидов ҳам Имомали Раҳмоннинг яқин қариндоши. Қайноғаси Ҳасан Асадуллозода Тожикистондаги энг катта тижорат банки - “Ориёнбанк”нинг раиси.

Айрим манбаларда унинг алюминий ишлаб чиқарадиган "ТАЛКО" заводини ҳам назорат қилади.

Президентнинг иккинчи қайниси Амонулло Саъдуллоев эса 2013 йилда электр энергияси сотилишига жавоб берадиган “Тожикэнергоснаб” идорасининг бошлиғи этиб тайинланган эди.

Президент қудаси Амонуллоҳ Ҳукуматуллоҳ Тожикистон темир йўлига раҳбар
Президент қудаси Амонуллоҳ Ҳукуматуллоҳ Тожикистон темир йўлига раҳбар
Президентнинг қудаси Амонуллоҳ Ҳукуматуллоҳ Тожикистон Темир йўллари ширкатига раҳбарлик қилади.

Президентнинг куёви Жамолиддин Нуралиев эса Тожикистон Молия вазирининг биринчи ўринбосаридир.

Бу куёвга “Спитаменбанк” ва Душанбе-Хўжанд автомобил йўлидан бож йиғувчи IRS компанияси ҳам тегишли. Бироқ Нуралиевнинг ўзи унга бу компаниянинг тегишли эканлигини рад қилади.

Илгари президентнинг бошқа бир куёви Муҳаммадзоҳир Соҳибов ҳукумат қошидаги Товарлар сотиб олиш, иш ва хизматлар давлат агентлигини бошқарган, қудаси Шерали Гул мамлакат Энергетика ва саноат вазири, тоғаси Матлубхон Давлатов эса Бош вазир ўринбосари бўлган. Бироқ, икки йил олдин номаълум сабабларга кўра, Соҳибов ишдан кетди, Гул ва Давлатов эса пенсияга чиқарилди.

2013 йилнинг октябрь ойида президент қудаси Амонулло Ҳукуматуллоҳнинг ўғли 16 яшар Расули Амонулло Душанбе шаҳрида катта йўл транспорт фалокати содир қилди. Оқибатда, уч киши ҳалок бўлди ва уч киши жароҳатланди.

Президент Имомали Раҳмоннинг амалдор қариндошлари кўп экани машҳур Foreign Policy журнали эътиборини ҳам тортди. Журналнинг декабрь ойи нашрида Тожикистондаги бугунги ҳукумат тизими nepotism (уруғ-аймоқчилик) ва cronyism (таниш-билишчилик) деб аталди.

Foreign Policy нашрининг қайд қилишича, мамлакатдаги барча муҳим лавозимлар Имомали Раҳмоннинг қариндош ва дўстлари қўлида қолмоқда. Муҳим объектлар унинг ўзи қўйган одамлар томонидан назорат қилинади.

Америка журналининг қайд қилишича, президент яқинларининг катта лавозимларга қўйилиши билан иқтисодиёт ривожланиши кузатилмаяпти, аксинча, аҳолининг бой ва қашшоқ қатлами ўртасидаги фарқ тобора катталашиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG