Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:25

Депортация қилинган ўзбек муҳожирлари Россиядан кета олмаяпти



Россия суди давлат ҳисобидан ўз мамлакатига депортация қилиниши ҳақида қарор чиқарганига қарамай¸ юзлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ватанига кета олмай¸ ойлаб депортация лагерларида сарсон қолмоқда. Шундайлардан бири Россия миграция қонунчилигини бузганлик учун жарима тўлагани ва депортация ҳақида суд қарор чиқарганига қарамай, уч ойдан бери Ўзбекистонга кета олмаётган андижонлик 27 яшар Акрамжондир.

Озодлик билан суҳбатда Акрамжон суд қарорини ижро этишга кимларнинг тўсиқ бўлаëтгани ҳақида гапиради.

“Бизга ким жавоб беради???”


Facebook ижтимоий тармоғи орқали Озодликка мурожаат қилган 27 ёшли андижонлик Акрамжон ўтган йил ўрталарида Россиянинг Воронеж вилояти Борисоглебск шаҳрига иш излаб келган.

Патент тўлови учун ўз вақтида етарли маблағ топа олмаган Акрамжон кўп ўтмай 2000 рубл миқдорида жаримага тортилган:.

- Патент пулини уч ойлигини пул йўқлиги сабабли тўлай олмаган эдим. Шунга биринчи маротаба 2000 рубл штраф қилди, тўлаганимдан кейин ўша куни икки соатдан кейин яна ушлади, фмсдагилар границага чиқиб келиб¸ яна патент қилсанг бўлади, деди. Мен икки соат ичида границага чиқиб кела олмайман-ку, дейди бир куннинг ўзида икки маротаба миграция қонунини бузгани учун жавобгарликка тортилган Акрамжон.

Иккинчи маротаба полиция томонидан қўлга олинган муҳожир йигит икки кунлик қамоқдан кейин судга олиб келинган ва бу гал 5000 рубл миқдорида жаримага тортилган. Суд приставлари унга Россия ҳукумати ҳисобига икки ой ичида мамлакатни тарк этишини маълум қилган.

“Мана уч ойдан ортди, бизни ватанимизга юборишмаяпти. Ҳар куни Борисоглебск шаҳри Суд приставлари бўлимига борамиз, лекин натижадан дарак йўқ”, дейди суҳбатдош.

Паспорти приставлар қўлида экани боис ишга ҳам жойлаша олмаётгани, пулсиз ва мутлақо ҳуқуқ доирасидан ташқарида қолганини ëзган Акрамжон ўз тақдирига на элчихона, на бошқа мутассади ташкилот қизиқиш билдирганини айтади:

- Судга “Ўзимиз чиқиб кетамиз, имкон беринг”, деб айтиш мумкин экан. Бизга шуни ҳам айтишга имкон бермади. Бизга булар қулоқ солармиди.. Ҳозир машинада тожикистонлик бир бола билан уч кишини қўлимизга браслетларни солиб олиб кетаяпти. Билмадим, Поворино деган шаҳарчага олиб кетаяпти, шекилли, дейди ниҳоят депортация лагерига жўнатилгани ва у ерда яна қанча муддат қолишини билмаслигини айтган андижонлик Акрамжон.

Озодлик мухбири Акромжоннинг қандай қилиб бу ҳолатга тушиб қолгани ва нима сабабдан қарийб тўрт ойдан буён Ўзбекистонга жўнатилмаётгани сабабларини аниқлаштириш мақсадида унинг иши билан шуғулланувчи Борисоглебск Суд приставлари бошқармаси раҳбари Ольга Богомоловага мурожаат қилди:

- Гап шундаки, у мажбуран чиқариб юборилаяпти. Судя шундай қарор қабул қилди. Бугун уни махсус приёмникка юбордик ва ишонамизки, кейинги ҳафталарда у юртига етиб олади. Агарда судя бу йигитга ўзи ҳисобига билет олиб, чиқиб кетишга имкон берганида – бошқа гап. Судя бу вазиятда уни мажбуран чиқариб юбориш керак, деган хулосага келди. Биз эса суд қарорини бажарамиз, холос. Тўғриси, шахсан мен биринчи маротаба маъмурий қонунбузарликка йўл қўйган шахсларни ҳибсга олиш тартибини аллақачон йўқ қилиш керак, деган фикрдаман, дейди Озодлик билан суҳбатда суд пристави Ольга Богомолова.

Айни пайтда, Россия Федерал Миграция хизмати Воронеж вилоятининг Старая Ведуга қишлоғи ёнида жойлашган ташландиқ икки қаватли мактаб биносида 70 кишига мўлжалланган хориж фуқароларини сақлаш депортация маркази ишга туширилишини маълум қилди.

“Катта Ўйин” сирлари

2013 йилнинг 31 октябрида Воронеж шаҳар вақтинчалик сақлаш изоляторида бир неча ойдан буён депортация қилинишини кутиб ётган Ўзбекистон фуқаролари очлик эълон қилган эди.

Норозилик акцияси иштирокчилари ўшанда ўзларининг зудлик билан депортация қилинишини талаб этган эди.

Воронеждаги “Ватан” Ўзбеклар маданий маркази раҳбари Нишон Гулмирзоев изоляторда очлик эълон қилган ўзбек муҳожирларини ўзбек диаспораси ва мигрантлар яқинлари моддий кўмагида Ўзбекистонга жўнатиш тўғрисида маҳаллий ҳукумат билан келишилганини маълум қилди.

Суд приставлари бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Россия қонунчилигида давлат ҳисобидан мамлакатдан чиқариб юбориш фақат ҳаво транспорти орқали амалга оширилиши кўзда тутилган.

Ўзбеклар диаспораси раҳбари “мигрантларни Россия ҳукумати ҳисобига депортация қилиш” деб суд чиқарган қарор айрим ҳолларда қўли эгри ФМС ходимлари ва суд приставлари учун қўшимча “даромад” манбаига айланиб қолганини айтади:

- Бунақа депорт қилинганлар жуда қўп! Спискаси қўлимда. Ким пул берса, ўшаларни жўнатаяпти. Қарор чиқарилгандан кейин эса давлатнинг пули билан жўнатилиши керак! Булар ўзини ҳам қўймайди. Аслида, Россия депортация қилаяптими – ҳаммасини бўйнига олиши керак. Пул берган ҳолатларнинг кўпида суд приставлари пул ишлаяпти шундай қилиб. Айтяпти “Мен сенга пул тўладим, сен ўзингга тўлайсан”, деб пулини олиб қолаяпти 20 минггача. Болаларни шундай алдаяпти-да. Бу ерда катта ўйин кетаяпти, дейди Воронеждаги “Ватан” Ўзбеклар маданий маркази раҳбари Нишон Гулмирзоев.

Айрим Россия оммавий ахборот воситаларида ноқонуний меҳнат муҳожирларини давлат бюджети ҳисобидан депортация қилиниши рус миллатчилари эътирозига сабаб бўлмоқда.

Россия Федерал Миграция хизмати директори Константин Ромодановский миллатчиларнинг депортация жараëнига жуда катта миқдорда давлат маблағи сарфланаëтгани ҳақидаги иддаосини "абсурд" деб атаб, 2013 йилда нолегал муҳожирлар бадарғасига патент ва жарималардан тушган маблағнинг атиги 1 фоизи сарфланганини маълум қилди.

“2013 йил бошидан буён депортация ишларига 115 миллион рубл сарфланди. Айни пайтда, салкам уч йил давомида патент сотиш ва жарималардан тушган маблағ ҳисобига давлат бюджетига 27,5 миллиард рубл ўтказилди”, деди биргина 2013 йил ҳисобида бу тушумнинг 10 миллиард рублдан кўпроқ бўлганини таъкидлаган Константин Ромодановский.
XS
SM
MD
LG