Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:21

Касалхоналарда болалар совуқдан кўкариб қоляпти


Қишлоқ касалхоналарида электр энергияси йўқлиги боис оғир операцияларда электр движоклардан фойдаланиляпти.
Қишлоқ касалхоналарида электр энергияси йўқлиги боис оғир операцияларда электр движоклардан фойдаланиляпти.

Ўзбекистонда электр энергияси ва газ тақчиллиги боис касалхоналардаги вазият оғирлигича қолмоқда. Озодликка мактуб ёзган тингловчилардан бири Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги марказий шифохонада электр энергияси йўқлиги боис, касаллар қийналаётгани, чақалоқлар эса совуқдан кўкариб қолаётганини айтади. Касалхона шифокорлари бу ҳолатни рад этмади.


Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида яшайдиган муштарийларимиздан бирининг WhatsApp орқали Озодликка ёзишича, Жомбой тумани марказий шифохонасида аҳвол жуда ҳам ёмон:

“Мен Жoмбoй туманиданман. Ўтган йил 25-нoябрда фарзандли булдим. Имoратга деб йиғиб қўйган ёғoчларни ёқиб, қишни ўтказаётгандик. 2014 йил 13 январ кечаси ўғлимнинг тoби қoчди. Дoктoрга oлиб бoрдик. Шамoллатгансизлар деб реанимацияга ётқизди. Бугун палатага oлишган экан, ишдан қайтишда кўришга кирcам cвет йўқ, хoналар cовуқ, печка йўқ. Ҳали 2 oйлик бўлмаган гўдак совуқдан юзлари кўкариб кетган. Боламнинг йиғлагaнини кўриб, йиғлагим келди. Шуми бoлаларга эътибoр, ҳеч бўлмаса шифoхoнага газ cвет бермайдими?”, деб ёзади жомбойлик тингловчи.

Озодлик бу ҳолатга изоҳ олиш мақсадида Жомбой тумани марказий шифохонаси билан боғланди.

Овози эфирга берилмаслик шарти билан гапирган касалхона шифокорларидан бирининг айтишича, улар ҳам бу вазиятдан чиқишнинг иложини қилишолмаяпти:

- Туманимизда тўрт суткадан бери свет йўқ. Мана ҳозир ҳам йўқ. Касалхонамиз котелнийси свет билан иситишга мўлжалланган. Бизга суткасига икки соат свет беряптию, лекин котелний сувни қизитишга улгурмаяпти. Бош врачимиз аҳвол шундай бўлса болницани ёпамиз деяпти. Ҳақиқатан аҳволимиз жуда оғир,- дейди касалхона шифокорларидан бири.

Айни пайтда, жомбойлик шифокор тасвирлаган ҳолатнинг мамлакатнинг бошқа туманларидаги касалхоналарда ҳам кузатилаëтгани айтилмоқда.

Қашқадарё вилоятидаги касалхоналардан бирида ишлайдиган шифокорнинг айтишича, беморлар қалин кийимлари билан ётадилар:

- Бизда ҳам аҳвол шу. Хоналарга электр печкалар қўйилган. Уларнинг аксариятини касаллар уйларидан олиб келган. Икки-уч соат свет берганда хонани сал илитиб олишади. Кейин рўмолларга ўраниб, иссиқ кийимлари билан ухлашади,- дейди қашқадарёлик шифокор.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида яшайдиган шифокор Абдурайим Бозоровнинг айтишича, иссиқлик етказиб беролмагани сабабли тумандаги туғруқхона ёпилган:

- Бизларда ҳам иситиш системаси умуман ишдан чиққан. Болницами, мактабми ҳаммасида аҳвол ёмон. Каттақўрғон туманидаги роддомни ёпиб қўйишди. Ҳозир тўлғоқ тутган аёлларни қўшни Навоий шаҳрига олиб боришяпти. Лекин бу аҳволни биров сўрамайди,- дейди Абдурайим Бозоров.

Сўнгги бир неча кун ичида Озодликка Наманган, Самарқанд, Жиззах вилоятларидан келган шикоятларда элекр токи таъминотидаги узилишлар боис шифохоналардаги аҳвол оғирлашиб бораётгани тилга олинган эди.

Ўзбекистонда қишнинг қаттиқ келиши қишлоқ мактаблари ўқитувчи ва ўқувчиларини танг аҳволда қолдиргани ҳақида ҳам Озодлик хабар берган эди.

Газ таъминотидан батамом узилган мактабларнинг ўқувчилари совуқдан азоб чекмоқда. Баъзи туманларда, синфхоналарни иситиш учун ўқувчилар навбат билан ўтин олиб келишга мажбур бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG