Линклар

Шошилинч хабар
04 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:35

Тошкент кўчаларидан юздан зиёд шахс исмлари олиб ташланди


Топонимик номларни шахслардан тозалаш бир мунча аввал бошланган эди. Собир Раҳимов тумани ва метроси Олмазорга айланди.
Топонимик номларни шахслардан тозалаш бир мунча аввал бошланган эди. Собир Раҳимов тумани ва метроси Олмазорга айланди.
Тошкент шаҳар ҳокимияти халқ депутатлари Кенгашининг қарорига биноан шахс исмлари билан аталган маҳалла ва кўча номлари ўзгартирилди. Топонимик олимлар бу ўзгаришлар 2011 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президенти имзолаган “Географик объектлар номланиши тўғрисида”ги қонунга мувофиқ амалга оширилаётганини айтмоқдалар. Бироқ, баъзи маҳалла фаоллари фикрича, элга танилган ва халққа хизмати сингган шахслар номига қўйилган кўчалар ўзгартирилмаслиги керак.

Тошкент шаҳар ҳокимияти халқ депутатлари Кенгашининг Тошкент шаҳридаги кўчалар номларини ўзгартириш ҳақидаги қарори “Тошкент оқшоми” газетасида эълон қилинди.

Бу қарорда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек, Олмазор, Шайхонтоҳур, Миробод, Учтепа, Чилонзор, Юнусобод ва Яккасарой туманларидаги 119 та мавзе, маҳалла, кўча ва тор кўчалар номлари ўзгартирилгани айтилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги топонимик комиссия раисининг собиқ ўринбосари, топонимик олим Суюн Қораев Озодлик билан суҳбатда, бу ўзгаришлар коммунистик партия асоратларини мустақил Ўзбекистондан йўқотиш учун қилинаётганини таъкидлайди:

- Совет даврида меҳнат қаҳрамони бўладими, ё катта амалдор бўладими ё бир илм соҳасида катта хизматлари бўлган бўлса, шуларни номини қўйиш одат тусини олган эди. Ҳозир юқоридан шундай одамларнинг исмларини олиб ташлаш ҳақида кўрсатма бўлган. Бу тўғри қарор. Чунки, обком секретарлари, амалдорлар кўчаларга ўзларининг яқинлари номларини қўйиш ҳолатлари кўп бўлган. Аслида жойлар тарихий номлари билан аталса яхши бўларди, дейди профессор Суюн Қораев.

Топонимик олим фикрича, Ўзбекистон тарихида мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаётига катта ҳисса қўшган шахсларнинг исмлари билангина жой номларини аташ мумкин:

- Тарихий шахснинг исми ниҳоятда буюк бўлса ва дунё таниса қўйса бўлади. Обком, райком секретарлари, меҳнат қаҳрамонлари каби иккинчи ва учинчи даражали одамлар номини қўймаслик керак. Масалан, генерал Собир Раҳимов номи олиб ташланиб тўғри иш қилинди, у компартияга хизмат қилган шахс бўлган, дейди Суюн Қораев.

Қарорда профессор таъкидлаганидек, элга хизмат қилган ва дунё таниган шахслар номига қўйилган кўчалар ҳам ўзгартирилган.

Жумладан, Олмазор туманидаги Ўзбекистон Халқ рассоми Ўрол Тансиқбоев номига қўйилган мавзе Бешқўрғон номига, кўча эса Қорақамиш- 4га ўзгартирилган.

Исми сир қолишини сўраган Олмазор туманидаги маҳалла фаолларидан бири кўчаларга қўйилган шахс номларини ўша маҳаллаларда яшаётган аҳолининг рухсатисиз ўзгартирилишини ёқламаслигини айтади:

- Бизнинг кўчамиз Адҳам Юнусов номида. Бу кўчага ҳам Қорақамиш- 3 деган ном берибди, деб эшитдик. Адҳам Юнусов таниқли маориф ходими бўлган, 234-мактабни фундаментидан кўтариб, умрини охиригача директорлик қилган. Маҳалламиз учун кўп хизмати сингган. Кўчамизни номини ўзгартиришнинг нима кераги бор эди? Биз шу маҳаллада яшар эканмиз, нега биздан бир оғиз сўрашмайди? Куни кеча Ўрол Тансиқбоевнинг 110 йиллигини нишонлашди, катта байрам бўлди. Энди шу кишининг номига қўйилган кўчани ҳам Қорақамиш- 4 қилиб ўзгартиришибди. Ҳозир Қорақамиш деган кўча роса кўпайиб кетди. Тарихий номларнинг қолгани маъқул эди, деди маҳалла фаоли.

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан сўнг коммунистик партияга алоқаси бор номларнинг деярли ҳаммаси ўзгартирилди.

Йўлдош Охунбобоев, Акмал Икромов, Собир Раҳимов каби тарихий шахсларининг номлари ҳам уларнинг коммунистик партияга хизмати қилгани важи билан олиб ташланган эди.

Ҳамза номидаги театр ҳам Ўзбек миллий академик драма театрига айлантирилган.

2011 йилнинг май ойидан Тошкент шаҳар ҳокими қарорига кўра, пойтахт марказидан ўтадиган ва мустақил Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк номидаги кўча Зарафшон дея атала бошлаган.
XS
SM
MD
LG