Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:07

Доллар ошгани муҳожирлар пул жўнатмаларини камайтира бошлади


Сўнгги ҳафтада Россияда АҚШ доллари қийматининг рус рублига нисбатан ошиб кетиши меҳнат муҳожирлари пул жўнатмаларига салбий таъсир қилди. Россия рублида олган маошини долларга айлантириб уйига жўнатаётган муҳожирлар ҳар минг доллардан қарийб 50-70 доллардан зарар кўрмоқда. Кузатувчиларнинг айтишларича, агар Ўзбекистонга меҳнат муҳожирлари юбораётган валюта миқдори камайса, мамлакат ички “қора бозор”ида ҳам долларнинг сўмга нисбатан қиймати яна ошиши мумкин.

Сўнгги кунларда Россияда АҚШ доллари қийматининг Россия рублига нисбатан сурункали ошиб бориши ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ҳам ташвишга солиб қўйди.

5 февраль куни Москва шаҳри биржаларида доллар ўртача 35,45 рублдан сотилди.

АҚШ доллари курсининг бирданига кўтарилиши рублда маош олиб ишлайдиган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари пул жўнатмаларига сезиларли таъсир қила бошлади.

Москва шаҳридаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Аброр уйига аввалгидан анча кам пул жўнатганини айтади:

- Агар мен 25 минг рубль ойлик оладиган бўлсам, шунинг 20 мингини уйга жўнатардим. Бу процентлари билан 600 доллар бўларди. Энди эса 20 минг рубль 560 доллар бўляпти. 40 доллар ютқазяпман. Доллар қанча ошса, бизга шунча минус бўлади-да, дейди Аброр.

Россиянинг Новосибирск шаҳрида ошпаз бўлиб ишлаётган Нодиранинг айтишича, уларда бир доллар 36 рублга чиқиб кетган:

- Бизда 100 доллар 3600 рубль бўлди. Илгари 100 доллар 33 ярим минг рубль бўлган бўлса, энди минг доллардан 2,5 минг рубль зиён бўляпти. Бу 70 доллар ютқазяпмиз дегани, деди Нодира.

Меҳнат муҳожирларининг айтишларича, энди улар ё озиқ-овқатидан қисиб уйга кўпроқ пул жўнатишлари ёки жўнатмалар миқдорини камайтиришлари керак.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Миркомил Тошкандий фикрича, агар Россиядаги меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга пул жўнатмалари камайиб кетса, бу мамлакат “қора бозор”ида долларнинг ошишига олиб келади:

- Мана ўтган йилда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россиядан 6 миллиард доллардан ортиқ пул жўнатган. Умумий хомчўт қилсак, агар рублнинг курси шу даражада турадиган бўлса, олти миллиарднинг олти фоизи 360 миллион доллар бўлади. Бу албатта, Ўзбекистондаги “қора бозор”га таъсир қилади ва долларнинг курси янада кўтарилиши кутилади. Чунки Ўзбекистон иқтисодиётини ҳозир меҳнат муҳожирлари юбораётган валюта ушлаб турибди, деди Миркомил Тошкандий.

Россия Марказий Банки берган маълумотга кўра, пайшанба куни кечга бориб 1 АҚШ доллари қиймати 23 копейкага арзонлаб, 34, 72 рублга тушган.

Сочидаги Қишки Олимпиада ўтиб бўлганидан сўнг, Россияда АҚШ доллари курсининг яна кўтарилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG