Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:40

Эҳтиёжманд оилаларга нафақалар “лимити” камайтирилмоқда


Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаро икки ёшгача бўлган болаларга бериладиган нафақага “лимит” қўйилгани боис яқинда туғилган фарзанди учун нафақа ололмаётганидан шикоят қилди. "Лимит" борлигини тан олган расмийлар маҳалла фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд, деб эътироф этилган оилаларгина нафақа ва моддий ёрдамнинг фақат бир турини олишга ҳақли эканини айтмоқда.



Жиззах шаҳрининг "Иттифоқ" маҳалласида яшовчи Раимжон Одилов ўтган йил декабрь ойида туғилган фарзанди учун давлат томонидан бериладиган нафақани ололмаётганидан Озодликка шикоят қилди.

- 22 декабрда фарзандли бўлдим. 27 декабрда суюнчи пулини олиш учун ариза топширдим. Орқасидан бир ой югуриб олдим. Кейин Иттифоқ маҳалласига бордим. Ёрдам пули керак бўляпти, етишмовчилик бўляпти, деб айтдим. Йўқ, биз қабул қилмаймиз. Май ойларига келсангиз қабул қилишимиз мумкин, дейишди. Нима учун, деб сўрасам, лимит кўпайиб кетган, маъмуриятдан ариза қабул қилманглар деб айтишяпти, дейишди, дейди Раимжон Одилов.

24 яшар Одилов бир йилдан бери ишсиз қолгани, турмуш ўртоғи уй бекаси эканини ва улар ижарага олинган уйда яшаётгани учун ёрдам пулига муҳтож эканини айтди.

19 февраль куни маҳалла идорасига бориб қайтган Одилов маҳалла идорасида икки ёшгача бўлган болаларга бериладиган ижтимоий нафақалар учун арзизалар қабул қилинмаслиги ҳақидаги эълон ҳали ҳам осиғлиқ турганини айтди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах шаҳар бўлими раиси вазифасини бажарувчи Баҳром Мелиев Озодлик билан суҳбатда эҳтиёжманд оилаларга нафақалар лимити камайтирилаётганини тан олди.

- Лимит, масалан, "Иттифоқ" маҳалласида икки ёшгача болалар нафақасини 100 та оила олса, ўшани кесиб ташлаяпти. Борган сайин камайтириш мақсадида. Масалан, ўтган йил 100 та оила бўлса, бу йил 90та оила қилинаяпти шаҳар молия бўлмидан.

10 тасини кесиб ташлаяпти. Имкон қадар бориб текшириб ҳаққоний, айнан кам таъминланган оилаларга берилсин, деган мақсадда шундай қилиняпти, деди Баҳром Мелиев.


Жиззах шаҳар ижтимоий таъминот бўлими, яъни, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ходими Ҳасан Эргашев Озодлик билан суҳбатда ўз ташкилоти фуқароларга фақат янги туғилган чақалоқ учун суюнчи пулини тўлашини, нафақалар эса маҳалла фуқаролар йиғини орқали берилишини айтди.

Унга кўра, бир марта тўланадиган суюнчи пули энг кам иш ҳақининг икки баробари миқдорида қилиб белгиланган.

- Суюнчи бир марталик нафақа ҳисобланади. Фарзанд туғилганидан кейин 6 ой давомида бизга мурожаат қилсангиз, суюнчи пулини берамиз. Ҳозирги кунда суюнчи пули 183 минг сўмни ташкил қилади. Агар ишласангиз, иш жойиздан оласиз. Ишламасангиз биз томондан почта орқали берилади, деди Жиззах шаҳар ижтимоий таъминот бўлими ходими.

Нафақа “лимити” бутун республика бўйлаб камайтирилмоқда

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида яшовчи фуқаролар ҳам болаларга тўланадиган нафақалар ҳаммага ҳам берилмаётганидан шикоят қилиб келади.

Тошкентлик Зарифа опа Озодлик билан суҳбатда ҳамшира бўлиб ишлайдиган 26 яшар қизи икки фарзандига ҳеч қачон нафақа пули олмаганини айтди.

- Олдин нафақа пули ишлаган ва ишламаган аёларга, ҳаммага бир хил берилар эди. Қизим “декретний ва суюнчи” пулини олган холос. Олдинги “пособия”лар йўқ, берилмаяпти. Нимага эканини билмайман. Пулни эконом қилишадими, билмайман, дейди тошкентлик Зарифа опа.

“Маҳалла” хайрия жамғармаси Жиззах шаҳар бўлими раиси Баҳром Мелиев Озодлик билан суҳбатда кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан амалга оширилаётгани ва қонун бутун Республикага таллуқли эканини айтди.

- Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарорига 1-илова. Бу “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низом. 44-сон қарор билан тасдиқланган биринчи илова. Ўша низомнинг олтинчи бандида фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд деб эътироф этилган оила нафақа ва моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эгадир, дейилган.

Илгари битта оилада ҳам икки ёшли бола, ҳам аяси, ҳам 14 ёшгача бўлган бола моддий ёрдам оларди. Ҳозир ўшани фақат бир турини олади. Вазирлар маҳкамасининг 44-сон қарори бутун республикага таллуқли, деди Баҳром Мелиев.

“Маҳалла” жамғармаси расмийсига кўра, болали оилаларга нафақа ёки моддий ёрдам ариза берувчининг доимий яшаш жойи бўйича маҳаллий фуқаролар йиғини томонидан тузилган 15 кишилик комиссия хулосаси асосида берилади.

Мелиев нафақалар “лимит”ини камайтиришдан мақсад моддий ёрдам фақат эҳтиёжманд оилаларгагина берилишини таъминлаш ва бюджет маблағини тежашдан иборат эканини айтди.

- Мақсад одамларни боқимандалик фикридан йироқ қилиб, ёрдамни фақат эҳтиёжманд оилаларгагина бериш. Ҳозир бу ҳар уч ойда текшириляпти. Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққан. Бюджет ўзимизники, давлатимизники. Шунинг учун назоратни ҳам давлат қиляпти, деди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах шаҳар бўлими раиси.
XS
SM
MD
LG