Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:03

Россия АҚШдан сўнг "Манас"ни эгалламоқчи


"Манас" аэропортидаги АҚШ ҳарбий учоқлари.
"Манас" аэропортидаги АҚШ ҳарбий учоқлари.

Бишкекдаги «Манас» аэропортидан АҚШ ҳарбийлари чиқарилганидан сўнг Россия мазкур ширкатнинг 51 фоиз акцияларини сотиб олиб, 1 миллиард доллар сармоя ётқизиш ниятида эканини маълум қилди.

Россия божхона хизмати раҳбари Андрей Бельянинов раҳбарлигида Бишкекка келган делегация ўз мамлакати “Манас” аэропортига 1 миллиард доллар сармоя ётқизиш ниятида эканини, бунинг учун Қирғизистон томони аэропорт акцияларининг 51 фоизини Россияга бериши юзасидан музокаралар олиб борилишини билдирди.

Қирғизистон бош вазири ўринбосари Жоомарт Ўтўрбаевнинг айтишича, бу борада Россия томони билан ният протоколи имзоланган, лекин ҳозирча сармоя ётқизиш шартлари, аэропорт акциялари масаласи муҳокама қилинган эмас.

-“Манас” аэропортини биз хабга айлантиришимиз керак. Хабга айлантирилса, бу ердан хориж ширкатлари учоқлари кўп уча бошлайди. Бунинг оқибатида давлат бюджетига тушаётган маблағ миқдори ҳам кўпаяди, -деди Жоомарт Ўтўрбаев.

“Манас” аэропортида 2001 йил декабрида АҚШ ҳарбий ҳаво базаси ташкил этилган эди. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев “Манас” аэропортидан АҚШ ҳарбийлари 2014 йилнинг июль ойигача чиқарилиши ҳақида баёнот берган. Шундан сўнг мамлакат парламенти ва ҳукумати ҳам бу ҳақда махсус қарор қабул қилган. Ҳозирча АҚШ томони ўз ҳарбийларининг “Манас” аэропортидаги ҳозирлиги юзасидан жиддий музокаралар ёки ҳаракатлар қилаётгани кузатилгани йўқ.

Сўнгги йилларда Россия Қирғизистондаги бир қатор лойиҳаларга сармоя ётқизиш мажбуриятларини олган. Бу лойиҳалардан энг йириги Қамбарота-1 ГЭСи ҳисобланади. Кремль бу лойиҳа учун 2 миллиард доллар сармоя ётқизишга тайёрлигини билдирган. Аммо шу кунгача бу лойиҳани молиялаштириш ишлари ортга сурилиб келмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари Райимбек Мамиров маълумот берди:

-Россия Қирғизистон лойиҳа юзасидан айрим масалаларни ҳал қилишни ортга сураяпти, деб иддао қилаяпти. Улардан энг муҳими ер масаласи эди. Россия делегацияси билан учрашувда бу масала ҳал этилди. Май ойида Қамбарота-1 лойиҳасининг устав капитали тасдиқланадиган бўлди, июнь ойида эса Россия ваъда қилган сармоянинг биринчи қисми берилиши юзасидан шартнома имзоланади. Октябрь ойидан эса Россия пул бера бошлайди,-деди вазир ўринбосари.

Айни пайтда Россия Қирғизистон ҳудудида Норин ГЭС каскадлари қурилишини бошлаб юборган.

Ўзбекистон халқаро даражада-БМТ анжуманларида ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғинларида Россия томонидан молиялаштирилаётган Қамбарота-1 қурилишга қарши эканини билдириб келмоқда. Ўзбекистон фикрича, Қамбарота-1 ГЭСи барпо этилса минтақа экологиясига катта зарар етказилади.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон қаршилигини изоҳлар экан, Тошкент сиёсий ўйинлардан қўрққани учунгина мазкур қурилишга қаршилик кўрсатиб келмоқда, деган фикрни билдирган:

- Бу лойиҳа Қирғизистонга қандай зурур бўлса, Ўзбекистонга ҳам шунчалик муҳим. Мен Ўзбекистон нимадан қўрқаётганини биламан. Ўзбекистон раҳбарлари қандайдир сиёсий ўйинлардан қўрқмоқда. Шунинг учун ҳам мен сўнгги учрашувимизда ҳурматли Ислом Абдуғаниевичга "сизлар ҳам бу лойиҳага қўшилинглар", деб шахсан таклиф киритдим. Агар Ўзбекистон бу лойиҳага қўшилса, бу қўрқув ўз-ўзидан йўқолади, -деган эди Атамбаев.

Қирғизистон президенти “Ўзбекистон қандай сиёсий ўйинлардан қўрқаётгани”га ойдинлик киритмади. Айни пайтда мутахасислар Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши билан Қирғизистон минтақдаги сув заҳиралари назоратини қўлга киритишини таъкидлайдилар. Шундан келиб чиқилса, Ўзбекистон минтақа сув заҳираси назорати Кремль ихтиёрига ўтиб , бунинг ортидан рус ҳукумати Тошкентга босим кўрсатиш воситасига эга бўлиб қолишидан чўчиётгани англашилади.

Қирғизистонлик айрим таҳлилчилар ҳам, агар Россия томонига “Манас” аэропорти улушининг 51 фоизи берилса, у ҳолатда мамлакатнинг стратегик аҳамиятга эга ҳаво транспорти соҳаси Кремль назоратига ўтиб қолишидан хавотир билдиришаётир.
XS
SM
MD
LG