Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:08

Хўжайлилик қурувчи: Намунавий уйлар 4-5 йилда тўкилиб тушади!


Ислом Каримов намунавий уйлар томлари черепицадан бўлиши керак деб айтганди, бироқ ҳозир бу уйлар томлари арзон тунукалар билан ёпилмоқда.
Ислом Каримов намунавий уйлар томлари черепицадан бўлиши керак деб айтганди, бироқ ҳозир бу уйлар томлари арзон тунукалар билан ёпилмоқда.
Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги Тўкеш овулида қурилган намунавий уйлар сифати жуда пастлигидан Озодликка шикоят келиб тушди. Бу уйлар қурилишида ишлаган сувоқчининг айтишича, қурилиш материаллари ўғирлангани сифатсизликнинг асосий сабабидир. Хўжайли тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Таксибой Наримбоев бу маълумотни қисман тасдиқлади ва янги уйлар комиссия томонидан қабул қилинмаганини айтди.


Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида истиқомат қиладиган 35 ёшли Сапарали (исми ўзгартирилган) қурувчи бўлиб ишлайди. У ўн йил Тошкент шаҳри ва Қозоғистонда турли хил объектлар қурилишида сувоқчи, ғишт терувчи бўлиб ишлаган.

Ўтган йили Сапарали ва унинг укаси Хўжайли туманининг Ойбек массивидаги Тўкеш овулида қурилган намунавий уйларда "Маҳалла қурилиш" ташкилоти билан оғзаки шартнома тузиб, сувоқчилик қилган.

Бу қурилиш ортида турган камчилик ва ўғирликка гувоҳ бўлган Сапарали президент номи билан қурилаётган бу уйларнинг сифатсиз бўлиши ортида турган қинғир ишлар ҳақида Озодликка бирма-бир айтиб берди.


“Пойдевор мустаҳкам эмас”

Сапаралининг айтишича, намунавий уйларнинг сифатсизлиги аввало уларга қўйилган пойдевордан бошланади:

- Фундамент яхши қўйилмайди. Керакли чуқурлик кавланмасдан, шундай қоқ ернинг устига фундамент қўйишади. Растворда цемент жуда кам. Бу уйлар жуда кўп билан 3-4 йил туради, кейин чўкади. Мен ҳали қурилиб битмасдан ўртасидан тарс ёрилиб кетиб, ғиштлари кўриниб қолган уйларни ҳам кўрдим, - дейди Сапарали.


“Бир КамАЗ қумга 10 қоп цемент”

Қурувчига кўра, намунавий уйлар пойдеворининг чўкиб, деворлардаги сувоқларнинг тўкилиб кетишига цементнинг эритмага етарли миқдорда қўшилмагани сабаб бўлмоқда.

- Цемент етарли миқдорда қўшилмаганидан сўнг ҳеч нарса ушламайди. Ғишт теришда тайёрлайдиган растворимиз шундай қум бўлиб ётарди. Тасаввур қилинг, бир КамАЗ машина қумга 10 қоп цемент беради. Бу раствор бўладими кейин? Тоза қум етмагандан кейин тупроқ ҳам ишлатдик. Туалет ваннага босилган кафеллар ҳам тушиб кетяпти. Полнинг аҳволига эса қараб бўлмайди. ДСП қоқилган, юрсангиз лапанглайди, - дейди Сапарали.


“Қурилиш материаллари ўғирланади”

Сапаралининг айтишича, уйларнинг сифатсизлигига қурилиш материалларининг ўғирланиши сабаб бўлмоқда.

- Прораблар, бригадирлар қурилиш материалларини бозорга олиб чиқиб сотишади. Менинг бригадир бўлиб ишлайдиган танишим бор. Бозорда унинг қурилиш моллари сотадиган дўкони ҳам бор. Тўкеш овулидаги намунавий уйларга берилган қурилиш молларини ана ўша магазинида сотади.


Ишчилар ва маош

Намунавий уйлар қурилишида, асосан ёлланган мардикорлар ишлайди ва улар билан фақат оғзаки шартнома тузилади. Сапаралининг айтишича, иш ҳақининг жуда озлиги боис, ёлланган қурувчилар ҳам ишни қўл учида қилишади.

- Масалан мен уч қават сувоқ қилардим. Бир квадрат метрга 1000 сўмдан ҳақ берарди. Бир уйнинг сувоғи учун 700-800 минг сўм ҳақ олардик. Уч-тўрт уста шуни бўлишиб оламиз. Агар шу ишни биз Қозоғистонда қилсак камида 4-5 минг доллар олган бўлардик. Шунинг учун усталар ҳам апил-тапил қилиб, чиқиб кетишаверади. Кейин нима бўлади, у билан ҳеч кимнинг иши йўқ, - дейди Сапарали.


Ҳокимият: "Бу уйларни ҳали давлат комиссияси қабул қилгани йўқ!"

Хўжайли тумани ҳокимлигининг қурилиш ишлари бўйича бош мутахассиси Таксибой Наримбоев Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам қурилиш ишларида камчиликлар борлигини тан олар экан, Тўкеш овулидаги намунавий уйлар ҳали давлат комиссияси томонидан қабул қилинмаганини айтди:

- Тўғри, камчилик бор. Лекин бу уйларга ҳали одамлар кўчиб киргани йўқ. Ҳали давлат комиссияси, ишчи комиссияси қабул қилиб олгани йўқ. Бу уйлар қурилишларини пудратчи ташкилотлар тендердан ютиб олган. Ўшаларнинг қурувчилари ишлаяпти. 2013 йил қурилган уйлар ҳали расман топширилгани йўқ, - деди Таксибой Наримбоев.


Усти ялтироқ, ичи қалтироқ

Озодликка мурожаат қилган кўплаб ўзбекистонликлар сўнгги йилларда президент топшириғи билан қурилаётган намунавий уйларнинг аксарияти сифатсиз экани ва бу уйлар қурилиши учун асли касби қурувчи бўлмаган шахслар жалб қилинаётганидан шикоят қиладилар.

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Намунавий уйларни ташкилотлар ёллаган мардикорлар қуряпти. Озодлик манбаларига кўра, уйларнинг томига черепица ўрнига арзон тунукалар ёпилмоқда, уйларнинг ғишти эса лой билан терилаяпти.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида ўтган йили қурилган намунавий уй эгаларига кўра¸ уй деворлари айни кунларда ëрилиб¸ сувоқлар уқаланиб тушган, иссиқлик батареяларидан сув оқиб, пол тахталари қайишиб кетган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасида 17 январь куни қилган чиқишида 2013 йилда қишлоқ жойлардаги 353 та массивда умумий майдони 1 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 10 мингта шинам уй-жой барпо этилгани ва бу мақсадлар учун 650 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилгани ҳақида мақтанди.

Озодлик ўрганган маълумотларга кўра, намунавий уйлар қурилиши учун ўқитувчи ва шифокорлар ойликларидан ушлаб қолинаяпти.

Хусусан¸ 22 январь куни Озодликка гапирган жиззахлик ўқитувчиларга кўра, маҳаллий ҳокимлик ўзлари ва ҳатто ўқувчиларга намунавий уйлар қурилиши учун ўлпон солмоқда.
XS
SM
MD
LG