Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:10

“Спорт” телеканали: Европа чемпионатларини намойиш қилмаймиз!


Ўтган йили "Спорт" телеканали Осиё Футбол Конфедерацияси Чемпионлар лигаси ўйинини Ал-Жазира телеканалидан ёзиб олиб кўрсатди. (Сурат Санжар Ризаевнинг Twitter саҳифасидан олинди)
Ўтган йили "Спорт" телеканали Осиё Футбол Конфедерацияси Чемпионлар лигаси ўйинини Ал-Жазира телеканалидан ёзиб олиб кўрсатди. (Сурат Санжар Ризаевнинг Twitter саҳифасидан олинди)
"Спорт" телеканали Европанинг футбол бўйича кучли бешлик чемпионатларини 1 мартдан бошлаб яна эфирга узатиши мумкинлиги ҳақидаги хабарни инкор қилди. Маҳаллий матбуот орқали телеканалда Англия, Германия, Испания, Италия ва Франция чемпионатларини тўғридан-тўғри эфирга узатишга ҳозирлик бораётгани хабар қилинган эди. Телеканал раҳбарияти Европа чемпионатлари ўтказилаётган пайтда жонли эфир орқали фақат махсус кўрсатув намойиш қилишга қарор қилган.

"Спорт" телеканали раҳбарияти Озодлик мухбирига футбол бўйича Европа чемпионати мусобақаларини тўғридан-тўғри эфирга узатиш йўлга қўйилиши ҳақидаги маҳаллий матбуот хабарини инкор қилди.

Телеканалнинг 25 февраль куни Озодликка сўзлаган исмини ошкор қилмаётганимиз мулозимига кўра, "Спорт" телеканали Европа чемпионатларини намойиш бўйича шартномага эга эмас.

"Бизда ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Бу борада шартномага эга эмасмиз. Биз Европа чемпионатларини трансляция қилиш ҳуқуқига эга эмасмиз. Режа бор. Лекин ҳали амалга ошганича йўқ", деди телеканал мулозими.

Унинг айтишича, чемпионатлар пайти жонли эфирда махсус кўрсатув намойиш қилиниб, ўйиндан лавҳалар олиб берилади.

"Ўйин пайти тўғридан-тўғри эфирга узатиладиган кўрсатувда ўйиндан 15 дақиқа олиб кўрсатилади. Кейин студияга таклиф қилинган футбол мутахассислари ўйин борасида фикрларини билдиришади. Яна 15 дақиқа ва яна мутахасислар фикри. Ҳар бир ўйинда шу шаклдаги кўрсатув тўғридан-тўғри эфирга узатилади", деди "Спорт" телеканали мулозими.

18 февраль куни Uff.uz, Stadion.uz сайтлари, "Эрудит Спорт” газетаси каби бир қанча маҳаллий нашрлар 1 мартдан бошлаб "Спорт” телеканали орқали Англия, Германия, Испания, Италия, Франция чемпионатларини, Европа ва Осиё чемпионлар лигаси, Европа Лигаси мусобақаларини тўғридан-тўғри эфирга узатиш йўлга қўйилиши ҳақида хабар тарқатган эди.

“Спорт” телеканали Ўзбекистон ҳудудида маҳаллий ва халқаро спорт мусобақаларни трансляция қиладиган ягона телеканал ҳисобланади.

Бироқ ўтган йилнинг баҳорида "Спорт" телеканали футбол бўйича Испания кубоги финали ва Англия чемпионатининг сўнгги тур ўйинларини намойиш қилишни тўхтатди.

Stadion.uz мухбири Cардор Юсупов Европа чемпионати ўйинлари намойишининг тўхтатилиш сабабларини мустақил таҳлил қилиб, буни трансляциялар учун пул талаб қилинганига боғлади.

Сардор Юсуповга кўра, "Спорт" телеканали йиллар давомида хорижий чемпионатлар трансляцияси учун бир тийин тўламасдан ўйинларни намойиш қилиб келган.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, “Спорт” телеканалининг хорижий чемпионатларни бепул намойиш қилиб келгани учун телеканалга катта миқдорда жарима солинган ва шундан сўнг халқаро мусобақалар трансляцияси тўхтатилган.
XS
SM
MD
LG