Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:31

Ўзбекистон аэропортларида йўловчилар компьютерлари "ҳаддан ортиқ" текширилмоқда


Йўловчилар мобил телефон ва компьютерларини синчковлик билан текшириш тўғрисида МХХ раҳбариятидан топшириқ берилган.
Йўловчилар мобил телефон ва компьютерларини синчковлик билан текшириш тўғрисида МХХ раҳбариятидан топшириқ берилган.

Ўзбекистон аэропортларида йўловчиларга тегишли компьютер ва мобил телефонларни текшириш чоралари кучайтирилди. Россиядаги меҳнат муҳожирлари Озодликка етказган бу хабарни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидаги Озодлик манбаси тасдиқлади. Унинг айтишича, мамлакатнинг халқаро мақомга эга аэропортларида хориждан келаётган ва хорижга жўнаб кетаётган йўловчилар шахсий текширувдан ўтказилиб, юклари тинтилмоқда.



Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлардан Тошекнт аэропортида йўловчиларга тегишли мобил телефон, компьютер ва флеш карталардан тақиқланган материалларни қидириш жараёни ҳаддан ортиқ мураккаблаштириб юборилганини айтишмоқда.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожир Абдулло яқинда укасини уйга жўнатиб юборгани, Тошкент аэропортида йўловчилар бир неча соат давомида текширувдан ўтказилганини айтади Озодлик билан суҳбатда.

- Яқинда, 25 феврал куни кетди. Айтаяпти, қанақадир аппарат чиқарган. Бошига тутиб кўради ва компютер, флешкаларни текшираяпти. Компютерингизни очамиз, деб туриб олади. Ҳаддан ортиқ қилиб юборганлар, дейди Озодлик суҳбатдоши.

Абдуллонинг айтишича, йўловчилар ёнидан чиққан флешкарта ёки мобил телефонларда диний мавзудаги материаллар ёки порнографиядан ташқари, компьютерлари махсус хонага олиб кирилиб, мустақил ахборот агентликлари, хусусан Озодлик радиоси сайтига кирилганми, йўқми текширилмоқда.

- Олиб кириб кетади. Флешкани олиб кириб кетиб текшириб, компютерни энди ўзининг нимасини текширадию памятини, қаерга киргансиз, нима. Озодлик радиосига кирган бўлсанг ҳам шунақа дейишаяпти. Шунақа қаттиқ қўрқитишаяпти. Масалан, биз ҳам Озодликдан янгилик ўқиймиз. Мен ўзим доимо Озодлик радиосига кириб янгиликлардан хабардор бўлиб тураман. Ўзинг эркин бўлиб туриб бир нарсани ўқиб билмасанг, дейди Абдулло.

Ўзбекистонда халқаро мақомга эга бўлган аэропортларда электрон ахборот ташувчи мосламаларни текшириш кучатийрилганини Озодликнинг Миллий хавфсизлик хизматидаги манбаси ҳам тасдиқлади.

Мамлакатнинг халқаро аэропортларидан биридаги МХХ бўлими мулозимининг, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ҳам хориждан келаётган, ҳам хорижга жўнаб кетаётган йўловчиларнинг мобил телефонлари, компьютер ва флэш карталарини синчковлик билан текшириш тўғрисида МХХ раҳбариятидан топшириқ берилган.

“Бизда асосан, мамлакатга Россиядан кириб келаётган йўловчилар текширилмоқда. Лекин жўнаб кетаётганларнинг юклари ҳам, ўзлари ҳам текширувдан ўтказилмоқда. Россиядан келаётган йўловчиларни текширишга икки-уч киши қўйилади. Асосан, диний мавзудаги материалларни аниқлаш бўйича иш олиб бориляпти”, деди МХХ ходими.

Унинг яна айтишича, топилган материалларнинг мазмунига қараб, қонунбузарларга нисбатан чора кўрилмоқда.

“Кўпинча ёнларида тақиқланган материаллар чиққан йўловчиларга маъмурий жавобгарлик кўрилмоқда. Лекин жиноий жавобгарликка тортилаётганлар ҳам бор. Масалан, кейинги уч ой ичида бир нечта шундай ҳолат бўлди. Ҳозир Тоҳир Йўлдошнинг ваъзлари ёки Жундуллоҳ материаллари (Ўзбекистон Исломий ҳаракати тарғибот бўлими-таҳр.) тез-тез чиқяпти. Бир марта ҳатто Россияга кетаётган йўловчи телефонидан аудио ёзув чиқди ва уни рейсдан тушириб қолдик. Бундай ҳолларда йўлвочи аэропртга махсус бириктирилган жиноят қидирув бўлими ходими томонидан ҳибсга олинади”, дейди МХХ ходими.
XS
SM
MD
LG