Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:18

Қрим бўҳронини Ўзбекча Википедия ҳам диққат билан кузатмоқда


Умуман Википедиядаги, хусусан унинг ўзбекча саҳифасидаги Қрим Мухтор Республикасига оид мақолалар кейинги кунларда шиддат билан бойимоқда. Украина таркибидаги мазкур ҳудудга оид мақолаларга 2014 йил, 6 март санаси билан ҳам қўшимчалар киритилажаги аниқ.

Ўзини Қрим Мухтор Республикасининг “янги ҳукумати”, деб эълон қилган гуруҳ вакили, Бош вазир ўринбосари Рустам Темиргалиев 6 март куни ярим оролнинг янги мақомини белгилаш юзасидан референдум 16 март куни ўтказилажагини эълон қилди.

Овоз беришга қатнашадиган қримликларга “Қрим Украина таркибида қолсин” ëхуд “Қрим Россия таркибига кирсин” деган жавобдан бирини танлаш таклиф қилинадиган бўлди.

Киевга бўйсунишдан бош тортаëтган Қрим “ҳукумати”, ҳозирга қадар референдум кунини икки марта ўзгартирди – аввалига 25 майга белгиланган бу тадбир, сўнгра 30 мартга кўчирилган эди.

Референдум ўтказилишини февраль охирида эълон қилган Қрим “ҳукумати”, дастлаб, ярим оролнинг Украина таркибидан чиқиши масаласини кун тартибига қўймаган эди. Вазият Қримни Россия ҳарбийлари эканлигига ишонилаётган бир неча минг қуролли назорат қила бошлаганидан сўнг кескин ўзгариб кетди.

Бир неча кундан бери давом этаётган ва афтидан, яқин кунларда янада кучайиши мумкин бўлган Қрим бўҳрони кўпчиликнинг мазкур ҳудудга бўлган қизиқишни кучайтирмоқда.

Бу қизиқишни қондириш мақсадида Ўзбекча Википедия фаоллари “Қрим Мухтор Республикаси” мақоласини сўнгги бир кеча-кундуз ичида янгилаб, қўшимча маълумотлар билан бойитди. Ҳозир Википедияга кириб кетаётган бўлсангиз, яна қайтиб келинг, ҳали гап кўп:)

***

Юқорида мовий ранг берилган ишоратни босишга эриниб, Ўзбекча Википедияга кирмаганлар учун “Қрим Мухтор Республикаси” мақоласидан бир парчани ҳавола қиламиз (тўла кўчириб босиш учун мақола ҳажми жуда катта):


"...13-асрда Қримга мўғуллар бостириб киргач, бу ерда Олтин Ўрданинг Қрим улуси вужудга келди. 13-15-асрларда Қримда генуялик савдогарларнинг мудофаа истеҳкомлари бўлган савдо марказлари фаолият кўрсатди. Олтин Ўрда инқирозга учрагандан кейин (1443), Қрим улуси ўрнида Қрим хонлиги ташкил топиб, 1475-йилдан бошлаб Туркия вассалига айланди. 1783-йилда Қрим бутунлай Россияга қўшиб олинди. 1853-1856-йиллардаги Қрим уруши даврида Қрим ҳарбий ҳаракатлар майдонига айланди.


1917-йил феврал инқилобидан сўнг майда жамоат ташкилотлари пайдо бўлди ва улар „Қрим қримликлар учун“ шиори билан чиқиб, Қримни Россиядан ажратиб олишга ҳаракат қилдилар. 1917-йил 16-(29-) декабрда Севастополда, 1918-йил 13-(26-) январда Симферополда совет ҳокимияти ўрнатилди. 1918-йил 21-мартда Қримда Таврия Республикаси тузилиб, у РСФСР таркибига киритилди. Аммо шу йилнинг ўзида (апрелда) Германия Қримни ишғол қилди. 1918-йил ноябрда Қримга Антанта қўшинлари туширилди. 1919-йил апрелда улар Қримни тарк этди.


1921-йил 18-октабрда РСФСР таркибида Қрим мухтор республикаси ташкил этилди. 2-жаҳон уруши (1939-1945) даврида Қрим шиддатли жанглар майдонига айланди. 1944-йил майда немислардан озод этилди. 1945-йил 30-июнда мухторият тугатилиб, Қрим вилояти ташкил этилди. Вилоят 1954-йил Украина таркибига ўтказилди.[1]


Қрим аҳолисининг бир қисми — қримтатарлар 1944-йил Ўрта Осиёга депортация қилинди.[2] 1967-йил уларнинг конституциявий ҳуқуқлари тикланди. 1991-йил 12-февралда Қрим Мухтор Республикаси тузилди (Украина таркибида)..."


***

OzodWiki эшиттиришининг мақсади, албатта, у ёки бу мавзуда мақола билан танишишингиз учун Сизни Ўзбекча Википедияга йўналтириб қўйиш(гина) эмас.

Эътиборингизга OzodWikiнинг Wiki-эксперти Нодир Отаевнинг мақоласини ҳам ҳавола қилмоқчимизки, унда “Қрим Мухтор Республикаси” мақоласининг эски ва кечадан бери бойитилган янги варианти қиёсий таҳлил қилиб берилган.

Ҳа, айтганча, OzodWiki бугун ўзбек википедиячиларидан яна бири билан суҳбатлашди.

Мана энди Wiki-экспертимиз мақоласини ўқинг:



Нодир ОТАЕВ

Википедия Энциклопедиядан инжиқроқ

Ўзбекча Википедиядаги Қрим Мухтор Республикаси ҳақидаги мақола тўлалигича Ўзбекистон миллий энциклопедиясидан олинган.

ЎзМЭдан олинган мақолаларни Википедия қоидаларига таяниб ўзгартириш зарур.

ЎзМЭдан бот ("Бот" - "Робот"нинг қисқартмаси, махсус дастур) ёрдамида олинган ҳар бир мақолада қуйида кўрсатилган камчиликлар бўлади:

1. бўлим ва остбўлимларга ажратилмаган бўлади;

2. ЎзМЭнинг ўзидан бошқа қўшимча манбаларга эга бўлмайди;

3. матни Ўзбекча Википедияда мавжуд бўлган бошқа мақолаларга ишоратларсиз („ички ишоратларсиз“) бўлади;

4. ҳаволаларсиз, яъни мавзуга тегишли қўшимча маълумот олса бўладиган сайтларга ишоратларсиз („ташқи ишоратларсиз“) бўлади;

5. бошқа тиллардаги Википедияларга уланмаган бўлади;

6. андозаларсиз бўлади; масалан, Қрим Мухтор Республикаси ҳақидаги мақолада ушбу республика ҳақида қисқача маълумот берувчи қути бўлиши керак;

7. тасвирларсиз бўлади;

8. туркумларсиз бўлади;

9. таркибида ҳаддан ташқари кўп қисқартмалар бўлади (масалан, Қрим ҳақидаги мақолада ҳамма ерда „Қрим“ сўзи ўрнига „Қ.“ деб ёзилган; бу ЎзМЭда жой тежаш учун қилинган);

10. матнидаги баъзи сўзлар чизиқча билан бўлинган бўлади; бунинг сабаби ЎзМЭда кўп сўзларнинг бўғинга кўчириб ёзилганидир.

Қрим Мухтор Республикаси ҳақидаги мақоланинг камчиликлари тузатилмаган ва тузатилган икки версиясини қиёсласак юқорида айтиб ўтилган камчиликларни кўришимиз осон бўлади. Мақола бойитилишидан аввал мана бундай кўринишда эди:

https://uz.wikipedia.org/w/index.php?title=Qrim_Muxtor_Respublikasi&oldid=1547856

Таҳрир қилинганидан кейин бўлса мана бундай кўринишга келди:

https://uz.wikipedia.org/w/index.php?title=Qrim_Muxtor_Respublikasi&oldid=1605790

Агар келтирганимиз иккала манзилга ҳам кирган бўлсангиз, иккинчи - бойитилган версияда юқорида айтиб ўтилган камчиликлар тузатилганига гувоҳ бўлдингиз.

ЎзМЭдан олиниб Ўзбекча Википедияга жойлаштирилган барча мақолаларда (50 000 атрофида) Википедия қоидаларига жавоб бера олмайдиган камчиликлар мавжуд ва олдимизда уларни бартараф этиш вазифаси турибди.

Бу иш жуда кўп меҳнат талаб қилиши аниқки, Сизни ҳам Ўзбекча Википедиямизни бойитиш учун Wiki-ҳашарга таклиф қиламиз.


XS
SM
MD
LG