Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:07

Ҳукумат эски заёмларга пул беришни бошламоқчи


Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳамда Халқ банки 1992 йилги 12 фоизлик ютуқли заёмларни аҳолидан қабул қилишини билдирди. 1992 йилдаги 500 сўмлик ёки 1000 сўмлик облигациянинг қиймати бугунги кунга келиб қанчани ташкил этиши борасидаги ҳисоб-китоб жамоатчиликка маълум эмас.

Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳамда Халқ банки 1992 йилги 12 фоизлик ютуқли заёмларни аҳолидан қабул қилишини билдирди.

-1 апрелдан 1 июлгача банкимиз облигацияларни қабул қилади. Заём эгалари Халқ банкининг ваколатли бўлинмаларига келиб, уларни кассага топширишлари мумкин. 1 августдан 30 ноябрь оралиғида индексацияни ҳисобга олган ҳолда, пул маблағлари тўлаб берилади, -деди Ўзбекистон Молия вазирлиги расмийси Искандар Ҳакимов.

Белгиланмаган муддатларда топширилмаган облигациялар эскирган бўлади ва тўловга қабул қилинмайди.

1992 йилда Ўзбекистонда жисмоний шахслар учун йигирма йил муддатга облигациялар чиқарилганди. Ўшанда ўзбекистонликлар ихтиёрий равишда номинал қиймати 500 ва 1000 сўм бўлган облигацияларини сотиб олгандилар.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг Қимматли қоғозлар ва молия бозори бошқармаси мутахассиси Искандар Ҳакимовга кўра, ўша пайтда 500 сўмлик ва 1000 сўмлик облигациялар кўринишида жами 20 миллиард сўмлик заём сотилган.

- Жами 25 миллиард сўмлик заём чиқарилган 92-йилда. Шундан 20 миллиарди аҳолининг қўлида. 5 миллиарди сотилмаган,- деди Ҳакимов.

Бир неча йил ўтиб облигация ютуқлари ўйналмай қўйилди, банклар эса уларни қабул қилмай қўйди.

12 фоизли ушбу давлат заёмларининг амал қилиш муддати эса шу йил 1 июлда тугайди.

1992 йилдаги 500 сўмлик ёки 1000 сўмлик облигациянинг қиймати бугунги кунга келиб қанчани ташкил этиши борасидаги ҳисоб-китоб жамоатчиликка маълум эмас.

Ўзбекистон Молия вазирлиги расмийлари бу ҳақда ҳали қарор чиқмаганини айтишди.

- Бу бўйича ҳали қарор йўқ.1 апрелдан 1 июлгача облигациялар Халқ банкига топширилади. Бу облигациялар қандай индексацияланиши бўйича 1 августга қадар қарор чиқади ва шу асосда маблағлар тўлаб берилади, - деди Молия вазирлиги расмийси.

1992 йилда Ўзбекистонда 1 АҚШ доллари тахминан 15 сўм атрофида бўлган. Сўнгги 20 йил давомида ўзбек сўмининг фақат қадрсизланиши кузатилди.

- Ҳозир қора бозорда бир АҚШ доллари уч минг сўмга яқин. Икки юз бараварга кўп. Агар облигациялар индексация қилинадиган бўлса, 1000 сўмлик заёмни қиймати ҳозир 200 минг сўм бўлиб чиқаяпти,- дейди 1992 йилда заём сотиб олган узбекистонлик Ҳакимжон ака.
XS
SM
MD
LG