Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:16

Қирғиз-тожик чегарасида икки низонинг олди олинди


Қирғиз-тожик чегараси 14 март, 2014 йил.
Қирғиз-тожик чегараси 14 март, 2014 йил.

13-14 март кунлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яна зиддиятли вазиятлар юзага келди. Расмийларнинг билдиришича, фақат икки давлат куч тузилмаларининг ҳамкорликдаги ҳаракати туфайлигина қирғиз ва тожик фуқаролари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган оммавий тўқнашувнинг олди олинган.

Қирғизистон расмийларининг билдиришича, 14 март куни Тожикистоннинг Ворух экслави аҳолиси Боткен вилоятининг Оқсой қишлоғидаги йўлни таъмирлаш учун жўнатилган техникани ўтказмай қўйган. Қирғизистонликлар эса Тожикистоннинг Ворух экславига кирувчи йўлларни тўсган.

Бунинг натижасида ҳар икки тарафдан чегарага 200 га яқин киши тўпланиб, низолашув хавфи пайдо бўлган. Тожикистон фуқаролари томонидан қирғизистонликка тегишли бўлган автомашина тошбўрон қилинган.

Воқеа жойига зудликда Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари етиб боришган. Аҳоли орасида олиб борилган тушунтириш ишлари сабабли тўқнашувнинг олди олинган.

Тожикистон томони тошбўрон қилинган қирғизистонликнинг автомашинаси учун твон пули тўлаб беришга розилик билдирган.

13 март куни Қирғизистоннинг Тожикистон ҳудудидаги Тоштумшуқ ва Учтепа эксклавлари ҳамда Тожикистоннинг Хўжа Аъло қишлоғи аҳолиси ўртасида жанжал чиққан эди. Бу ерда ҳам жанжалга йўлнинг таъмирланиши сабаб бўлган.

-Бу йўл қирғизларга ҳам. тожикларга ҳам тегишли эмас. Бетараф ҳудуд ҳисобланади. Чегара мана шу йўлдан ўтади. Мана шу бетараф йўлни таъмирлаш учун қирғиз томони 40 КАМАЗ шағал тўккан эди. Йўл таъмири бошланиши билан жанжал бошланди, -деди воқеа гувоҳларидан бири бўлган учтепалик Кубанич Акматов.

Боткен вилоят милициясининг билидиришича, мазкур ҳудудга қирғиз томонидан 100, тожик томонидан эса 150 одам тўпланиб, вазият кескинлаша бошлаган. Тожик ва қирғиз чегарачилари ҳамда милиционерларининг ҳамкорликдаги ҳаракати туфайли оммавий тартибсизликнинг олди олинган.

Шу йилнинг 11 январида қирғиз-тожик чегарасидаги отишмада Қирғизистоннинг 5, Тожикистоннинг 3 чегарачиси яраланганидан бери, мазкур чегара ҳудудида бундай жанжаллар тез-тез такрорлана бошланди.

Икки давлат ўртасидаги чегара 11 мартдан бери ёпиқлигича қолмоқда. Тожикистон томони Бишкек расмийлари чегарани 5 март куни очишга розилик берганлари ҳақида маълумот тарқатган эди. Бироқ қирғиз томони бу маълумотни рад этган.
XS
SM
MD
LG