Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:21

Икки адвокат порахўрликда айбланиб ҳибсга олинди


Тошкентдаги “Az-Ixlos” адвокатлик фирмаси адвокати Ботир Жумаев ва Қашқадарё вилояти адвокатлар палатаси адвокати Олим Суюнов порахўрлик ва фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинди. Адвокатларнинг айби тасдиқланса, улар 5 йилдан 8 йилга қадар озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Жорий йилнинг 18 март куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан пойтахтдаги “Az-Ixlos” адвокатлик фирмаси адвокати Ботир Жумаев ҳибсга олинди.

Озодлик манбаларига кўра, 52 яшар Жумаев пора олди-бердисида воситачилик қилиш ва фирибгарликда айбланмоқда.

Тошкентнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбадан олинган маълумотга кўра, Жумаев ўз ҳимоясидаги жинсий тажовуз қурбони Л. исмли вояга етмаган қизнинг қарши томонига (зўравонларга) таъмагирлик қилган ва уларнинг ишини ҳам ҳал қилиб беришини айтган.

“Ботир Жумаев собиқ прокуратура ходими эди. Унинг таъмагирлиги, касбига нисбатан ҳурматсизлиги хусусида фуқаролардан кўплаб шикоят хатлари бор эди” деди манбамиз.

Шунингдек, жорий йилнинг 11 март куни МХХнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси ва вилоят прокуратураси қошидаги Департамент тезкор вакиллари томонидан Қашқадарё вилояти адвокатлар палатаси адвокати Олим Суюнов ҳибсга олинди.

Қашқадарёдаги Озодлик манбасига кўра, Суюнов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми (Фирибгарлик) ва 25/211-моддаси (Пора бериш) билан айбланмоқда.

Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг исми очиқланмаслигини сўраган ходими берган маълумотига кўра, Олим Суюнов собиқ суд раиси бўлиб ишлаган, у узоқ муддат Қашқадарё вилояти Ғузор тумани суди раиси, Қашқадарё вилояти суди ҳайъати аъзоси бўлган.

Ҳар икки иш бўйича ҳам таъмагирлик ва фирибгарлик воситаси бўлган пул миқдори юзасидан маълумотлар мавжуд эмас.

Иккала адвокатга нисбатан илгари сурилаётган айбловлар тасдиқланса, улар 5 йилдан 8 йилга қадар озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
XS
SM
MD
LG