Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:30

Пайариқда коллеж ўқувчилари намунавий уй қуришга мажбурланмоқда


Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи 3-босқич ўқувчилари диплом амалиёти ўлароқ мажбуран намунавий уйлар қурилишига чиқарилди. Вилоят Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси коллеж ўқувчилари Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида ишлаб чиқариш амалиёти доирасида қурилишга жалб қилинганини маълум қилди.



Самарқанд вилоятининг Пайариқ тумани Челак шаҳрида жойлашган Хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчилари бир ҳафтадирки аҳолига мўлжалланган намунавий уйлар қурилишида ишламоқда.

Бир ҳафтадан буён дарс ўқиш ўрнига ғишт ташиётган ўқувчилар соат 8дан 18 га қадар, фақат бир маҳал овқат билан тўхтовсиз ишлатилаётганини айтмоқда.

Бу ҳақда Озодликка қурилишда ишлаётган ўқувчилардан бирининг яқинлари шикоят қилди. Улар Челак шаҳрида жойлашган Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуиасининг шундоққина ёнида бораётган қурилишда ўқувчилар ишлаётгани акс этган фотосуратларни ҳам таҳририятга йўллади.



Исмини ошкор қилмаётганимиз бу оила Озодликка интервью беришни истамади.

Аммо, уларнинг кўмагида боғланганимиз ва микрофонсиз суҳбатлашган ўқувчилардан бири эрталаб соат 8да кеч соат 6гача, деярли тўхтовсиз ишлатилаётганини айтди.

"Ҳозиргина 2 машина ғишт туширдик, туалет қазидик. Шу қурувчиларга ёрдамчилик қилаяпмиз. 2 ойга чиқарилганмиз. Томи ёпилиб, эгалари киргунича юрарканмиз. Фақат ўғил болалар қурилишда. Қизлар дарсда лекин", деди ҳозир уйлар қурилишига мажбуран ёлланган ва исмини ошкор қилмаётганимиз коллеж ўқувчиси.

Унинг айтишича, ўқувчилар меҳнатини коллежда Меҳнат фанидан дарс берадиган ўқитувчи Норйигит Ёдгоров ва намунали уйлар қурилишини олиб бораётган хусусий ширкатнинг эгалари назорат қилмоқда.

"Обедда ярим соат вақт беради. Ҳар куни ош келади, лекин ошини еб бўлмайди, тўғриси. Шу ярим соат бўлди, кейини тўхтовсиз ишлаяпмиз. Кимдир тўхтаб қолса, дарров ота-бола Собир ва Ботирлар келиб, қаттиқ гапириб, ишланглар, деб дўқ қилиб кетаяпти. Иши жуда оғир лекин. Бир ҳафта ишлаганимизга 9 минг сўм берди, холос", деди микрофонсиз суҳбатлашган коллеж ўқувчиси.

Озодлик бу мурожаат ортидан коллеж раҳбариятига ҳам боғланишга уринди. Коллеж директори Дониёр Нодировдан бу борада бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, болаларни мажбурий меҳнатга олиб чиққан ўқитувчи Ёдгоров ўқувчилардан бирининг Озодликка арз қилган ота-онаси билан мухбир сўровига кўра ўтказилган суҳбатда 3-босқичда ўқиётган ўғил болалар диплом амалиёти ўлароқ намунавий уйлар қурилишига олиб чиқилгани ва унда иштирок этиш мажбурий эканини таъкидлади.

Айни маълумотни Ўрта махсус касб-ҳунар таълими Самарқанд вилояти бошқармасининг ўзини Розиқ Файзиев, деб таништирган ходими ҳам тасдиқлади.

Озодликнинг Пайариқдаги манбаси билан микрофонсиз сўзлашган бу ходим мана бундай изоҳ берди:

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори бор - ишлаб чиқариш амалиётини намунавий уйлар қурилишида ўтказиш бўйича. Мутахассислиги яқин ва шу мутахассисликка мос йўналишлардагилар қурилишда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ дастури бор. Шу дастурга асосан чиқарилади. Ҳар битта коллежда ишлаб чиқариш амалиёт дастури бор - 288 соат, 8 ҳафтага мўлжалланган", деди бошқарма ходими Озодлик манбаси билан суҳбатда.

Бу ходим Вазирлар Маҳкамаси махсус қарорига оид қўшимча маълумот беришдан бош тортди. Шунингдек, Пайариқ Хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида қурилиш соҳасига алоқадор бўлмаган йўналишлардан таълим берилишию шунга қарамасдан ўқувчиларнинг қурилишга олиб чиқилгани сабабларини ҳам аниқ изоҳлаб беролмади.

Бунга қадар таълим муассасаларида ишлаб чиқариш амалиёти дастури доирасида институт ва университетлар талабалари пахта теримига жалб қилингани ҳақида расмий баёнотлар олинган эди.

Эндиликда айни сабаб билан коллеж ўқувчиларининг намунавий уйлар қурилишида қатнашишга мажбурланаётгани юзасидан Ўзбекистон Олий ва Ўрта махсус касб-ҳунар таълим вазирлигидан ҳам бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Уч йиллик таълимнинг далили ўлароқ бериладиган дипломни олиш учунгина намунавий уй қурилишига чиққанини айтган ва исмини ошкор қилмаётганимиз ўқувчи таълим бошқармасининг бу талабига ҳамма ўқувчи ҳам бўйсунмаётганини қўшимча қилди.

"Жами 14 та группа бор. 150 тача ўғил бола бор. Шулардан фақат 20 таси қурилишда бугун. Кўпчилиги қочиб юрибди, ҳеч ким совуқда қурилишда ишлашга розимас чунки. Ўзи 80 тача бола ўқиш бошланганидан бери келгани йўқ. Уларни кўрмаганмиз, кимлигиниям билмаймиз. Илтимос, бизга ёрдам беринглар, биз ўқишни хоҳлаймиз, ғишт ташиш учун ўқишга кирмаганмиз", деди Пайариқ тумани Челак шаҳрида жойлашган Хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчиси.

Озодлик таҳририяти Самарқанд вилояти Ўрта махсус касб-ҳунар таълим бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказидан Пайариқдаги коллеж ўқувчиларининг намунали уйлар қурилишига мажбуран жалб қилингани борасида расмий изоҳ кутмоқда.

Озодлик бундан аввал ҳам намунавий уйлар қурилишига талаба ва ўқитувчиларнинг жалб қилинаётгани тўғрисида хабар қилган эди.

Бундан мақолалардан бири Жиззах шаҳридаги мактаб ўқитувчиларидан давлат қураётган намунавий уйлар харажатининг бир қисмини кўтариш талаб қилинаётгани ҳақида эди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 17 январь кунги 2013 йил якунларига оид мажлисида қилган чиқишида 2013 йилда қишлоқ жойлардаги 353 та массивда умумий майдони 1 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 10 мингта"шинам уй-жой"барпо этилгани ва бу мақсадлар учун 650 миллион доллари миқдоридаги маблағ йўналтирилганини “алоҳида ифтихор” билан қайд этди.

Шахсан президент ташаббуси билан давом этаëтган “Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши бўйича давлат дастури”га мувофиқ 2014 йилда Ўзбекистон бўйлаб яна 11 минг шундай уй (жами 388 массив) қурилади ва бу 2013 йилга нисбатан мингтага кўпдир.

Расмийлар таъкидича¸ 2015 йил охирига бориб республика бўйлаб бундай уйлар жами сони 41 400 тага еткизилади ва бу уйлар Осиё Тараққиёт банки ажратган 100 миллион долларлик қарз ҳисобига амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонликларнинг давлат қураётган намунавий уйларга муносабати бир хил эмас. Баъзилар уларни мақтаса, бошқалар уйларнинг сифатсизлиги ва қимматлигидан зорланади.

Кейинги йилларда эса намунавий уйлар қурилишига қурувчи фирмалар ишчиларидан ташқари, маҳаллий бюжет ташкилотларидан тўпланган ҳалфана тушумга ёлланган мардикорлар, жамоат ташкилотлари ходимлари, ўқитувчилар ва мана энди коллеж ўқувчиларининг ҳам ёлланаётгани кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG