Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:15

Сирғалидаги ўқитувчилар “мардикор”га айлантирилди


Тошкент шаҳрининг Сирғали туманидаги мактаб ўқитувчилари ва боғчаларнинг тарбиячилари ободонлаштириш ва тозалаш ишларига мажбурий тарзда жалб қилинмоқда. Сирғалидаги манбага кўра, ўқитувчи ва тарбиячилар тумандаги “Бобур” маҳалласини намунали маҳаллага айлантириш тадбирида текин ишчи кучи сифатида ишлатилмоқда.

Пойтахтнинг Сирғали тумани 7 ва 8 мавзелари ҳудудида жойлашган “Бобур” маҳалласини тумандаги энг намунали маҳаллага айлантириш тадбирида, асосан, мактаб ва боғчаларнинг ходимлари иштирок этмоқда.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Сирғалидаги манбага кўра, ўқитувчи ва тарбиячилар ҳатто дам олиш кунлари ҳам маҳаллани ободонлаштириш ва тозалаш ишларига жалб қилинаяпти.

“Масалан, ўтган шанба-якшанба Сирғали Халқ таълими мудири топшириғи билан тумандаги 300-мактаб ва “Малика” тўйхонаси атрофини тозалашга ҳар бир мактаб ва боғчадан 10тадан ишчи чиқарилди. Ҳар шанба-якшанба шу аҳвол. Бу ишчиларнинг бола-чақаси, уй-жойи йўқ, деб ўйлашади, шекилли. Дам олиш куни ишчи ҳам уйида бўлиши керак-ку. Кейин ҳафта давомида иш пайти ҳам чиқаришади. Мактаб ва боғчалар бола тарбияси билан шуғулланмасдан мардикорлик қилишаяпти”, дейди микрофонсиз суҳбатда Сирғалидаги ўқитувчилардан бири исмини ошкор қилмаслик шарти билан.

Сирғалидаги 322-сонли мактаб ўқитувчиларидан олинган маълумотга кўра, ушбу мактабдан ҳар сафар 6 ёки 7 ўқитувчи “Бобур” маҳалласини ободонлаштириш ишларида қатнашади.

“Маҳалладаги ноқонуний қурилган темир панжара ва уйларнинг навесларини бузишга ёрдамлашдик. Фақат эркак кишилар боришди. Мактабимизга ажратилган ҳудудга қараймиз. Ариқ тозалаймиз. Оҳак, краска билан боғлиқ ишлар бўлса, ЖЭК ишчиларига ёрдамчимиз. ЖЭКда ишчи кам-ку, уларга ёрдамлашамиз. “Бобур” маҳалласини намунали маҳалла қилиб, бошқа маҳаллаларга ўрнак қилишмоқчи. Шунга биз ҳам ёрдамлашаяпмиз”, деди 322-мактабнинг исмини очиқламаётганимиз ўқитувчиси.

Сирғалидаги 304- сонли мактабдан эса маънавият ишлари бўйича директор ўринбосари билан ўқув ишлари бўйича мудир ободонлаштириш ишларига мунтазам чиқишади.

“Завуч билан замдиректордан ташқари яна икки аёл қатнашади. Қачон чақиришса, боришади. Асосан, шанба якшанба кунлари чақиришади. Кунлар исиши билан чиқаришни бошлашди. Аёллар ҳовлиларнинг атрофидаги ўт-ўланларни тозалашади. Домларнинг огородларини тозалаб чиқишади. Эркаклар ноқонуний қурилмаларни бузишда қатнашишаяпти”, деди 304-сонли мактабнинг ўзини таништирмаган ўқитувчиси.

Сирғали туман Халқ таълими бўлимининг исмини очиқламаётганимиз масъулига кўра, боғча ва мактаб ходимлари фақат шанбалик эълон қилинган кунларда ободонлаштириш ишларига чиқарилаяпти.

“Бобур” маҳалласи масъулларидан олинган маълумотга кўра, ободонлаштириш ва тозалаш ишлари “Соғлом бола йили” давлат дастури доирасида амалга оширилаяпти.

Маҳалла масъулига кўра, ободонлаштириш ва тозалаш ишлари учун ҳаражатларга уй-жой мулкдорлари ширкатларига имтиёзли кредит ажратилиб, ўтказилаётган “ҳашар ва шанбалик”ларда нафақат ўқитувчилар, балки маҳалланинг барча аҳолиси фаол иштирок этмоқда.
XS
SM
MD
LG