Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:12

Ўшга газ бериш масаласи Москвада муҳокама қилинди


Россия Бош вазири Дмитрий Медведев ва Қирғизистон Бош вазири Жўўмарт Ўтўрбаев Москвадаги учрашув пайтида.
Россия Бош вазири Дмитрий Медведев ва Қирғизистон Бош вазири Жўўмарт Ўтўрбаев Москвадаги учрашув пайтида.

Москвага икки кунлик расмий ташриф билан борган Қирғизистон Бош вазири Жўўмарт Ўтўрбаев “Газпром” раҳбари Алексей Миллер билан 16 кундан бери газсиз қолаётган Ўшга газ бериш масаласини муҳокама қилди. “Газпром” тез орада бу муаммони бартараф этишга ваъда берган.

Ҳукумат делегацияси таркибида Москвага борган Қирғизистон энергетика ва саноат вазири Ўсмўнбек Артиқбаевнинг айтишича, “Газпром” раҳбари билан учрашган Қирғизистон Бош вазири Ўшга газ беришни тезлатиш масаласини муҳокама қилган.

-Энг биринчи масала мана шу бўлди. Газ таъминоти масаласида “Газпром” раҳбари Алексей Миллер шошилинч кўрсатма берди. Ҳозирги пайтда бу масала устида қизғин иш кетаяпти, -деди Ўсмўнбек Артиқбаев.

Бироқ “Газпром” раҳбарияти Ўзбекистон томони билан Ўшга газ таъминотини қайта тиклаш масаласида қачон шартнома имзоланиши ва ўшликларга қачон газ етиб бориши тўғрисида аниқ гап айта олган эмас.

10 апрель куни “Қирғизгаз”ни Россияга сотилиши юзасидан шартномани имзоланганидан тўрт кун ўтиб, яъни 14 апрель куни Қирғизистоннинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган Ўш аҳолиси газсиз қолган эди. Ўшанда Ўш газ хўжалиги расмийлари газ таъминотининг тўхтатилиши “Қирғизгаз” ширкатининг “Газпром”га сотилгани билан боғлаган эдилар.

-Биринчи чорак учун газ шартномаси 15 апрелгача тузилган эди. Бу шартномада “Агар корхона эгаси алмашса, газ таъминоти шартномаси автоматик тарзда ўз кучини йўқотади ва узайтирилмайди”, деб қайд этилган. Бизнинг билишимизча, ҳозир “Газпром” “Ўзбектрансгаз” билан музокараларни бошлаган, -деган эди “Ўшгаз” корхонаси раҳбарининг ўринбосари Зина Азимкулова.

Расмий Бишкек 16 кундан бери Ўзбекистон томони билан бу борада музокаралар олиб борилаётганини, аммо “Газпром” ширкати вакиллари ҳам, қирғиз ҳукумати расмийлари ҳам газ масаласида Тошкент билан тил топиша олмаётганини айтиб келмоқда.

Қирғизистон парламенти депутатлари ҳукуматни Ўзбекистон омилини ҳисобга олмаган ҳолда “Қирғизгаз”ни “Газпром”га сотиш тўғрисида қарор қабул қилгани учун кескин танқид қилиб келмоқда.

“Қирғизгаз”ни “Газпром”га 1 долларга сотиш тўғрисидаги шартнома 10 апрель куни имзоланган эди.

Қирғизистон Бош вазири Жўўмарт Ўтўрбаев Москвада Россия Бош вазири Дмитрий Медведев билан учрашиб, Қирғизистоннинг Божхона иттифоқига қўшилиши масаласини ҳам муҳокама қилди. Қирғизистон Божхона иттифоқига қўшилиш учун Москвадан бир қатор енгилликлар талаб қилаётган эди.

Экспертларнинг билдиришича, ўтган йиллари Қирғизистонга енгилликлар ва имтиёзлар берилишига унчалик рўйхуш бўлмаган Москва, Украина билан қарама-қаршилик кескинлашгани муносабати билан Бишкекка ён босиши мумкин.
XS
SM
MD
LG