Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:25

Президент Каримов танқид қилинган видеони 200 минг киши томоша қилди


YouTube орқали президент Каримовга мурожаат қилган ўзбек
YouTube орқали президент Каримовга мурожаат қилган ўзбек
Жорий йилнинг 17 апрель куни Интернетга жойлаштирилган видеода ўзини ўзбекистонлик Фурқат Раҳматуллаев деб таништирган меҳнат муҳожири президент Ислом Каримовга мурожаат қилиб, уни давлатни бошқаришда лаёқатсизликда айблади. Ўзбекистондаги сиёсий режим танқид қилинган ушбу видеомурожаатни Youtube, Yandex, Vk.com, Одноклассники.ру саҳифалари орқали камида 200 минг одам томоша қилди.

Мазкур видеомурожаатда Ислом Каримов тарафидан Ўзбекистонда диктаторлик режимини сақлашга қаратилган тоталитар тизим яратилгани таъкидланади.

Янги медиа соҳаси мутахассиси Тўлқин Умаралиевга кўра, Тошкент режимига алоқадор мавзуларга эҳтиёткорлик билан ёндашадиган ўзбекистонликлар орасида ушбу видеога қизиқиш катталиги кузатилмоқда:

- Мен ҳозир ҳисоблаб кўрсам, 200 мингдан кўпроқ одам бу видеони томоша қилди. Бу ўсиб бораëтган рақам. Шу пайтгачага Ўзбекистон сиëсати танқид қилинган видеога бундай катта қизиқиш кузатилмаган. Интернетдан фойдаланувчи ўзбеклар ва айниқса, ëшлар сиëсий мазмун ташиган контентга қизиқмаслигини ҳисобга олганда бу катта рақам. Youtubeнинг ўзида бу видео бир нечта айри¸ айри муштарий тарафидан юкланган. Масалан, улардан бирини пайшанба кунигача 83 минг кишидан кўп томоша қилган. Одноклассникига эса бу видеоконтент 14 марта юкланган¸ - дейди Тўлқин Умаралиев.

"Сиз бизнинг орзуимизни ўғирладингиз жаноб президент!"

Youtube порталига жойлаштирилган ушбу видеомурожат тагида 200га яқин шарҳ қолдирилган. Бу шарҳларнинг аксариятида Фурқат Раҳматуллаев “ҳақиқатни қўрқмай айта олган ботир“, дея таърифланган.

Россиядаги кўп сонли ўзбекистонлик меҳнат мухожирларидан бири экани тахмин қилинган Фурқат Раҳматуллаевниинг ўзини топишнинг иложи бўлмади.

Унинг рус тилидаги видеомурожаатидан айрим иқтибосларни таржима қилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилсак:

- СССР парчаланганидан сўнг бизнинг буюк давлат қуриш орзуимиз бор эди. Сизнинг 23 йиллик бошқарувингизда биз нимага эришдик? Сиз бизнинг орзуимизни ўғирладингиз жаноб президент! Буюк давлат ўрнига иқтисодий жиҳатдан боши берк йўлга кириб қолдик. Барча йирик корхоналар инқирозда, банкрот ҳолатида ёки талон-тарож қилинган. Биз саноатлашган ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ўрнига бошқа давлатларнинг хом ашё етказиб бериш манбаига айланиб қолдик, – дея таъкидланади Раҳматуллаевга нисбат берилган видеомурожаатда.

Раҳматуллаев ўз мурожаатида давлат бошқарув тизимига ҳам тўхталади:

- Давлат тузилмаларида эса энг қуйидан бошлаб тепагача, сизнинг вазирларингизгача коррупцияга ботган. Сиз давлат ҳокимиятининг шундай вертикал шаклини яратдингизки, ҳатто энди ўзингиз ҳам қўл остингиздагиларни назорат қила олмаяпсиз. Янада қуйироқдагилар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Шу сабабли ҳам ўз қўл остингиздаги барча йирик мансабдор шахсларнинг хорижга чиқишлари учун шахсан ўзингиздан рухсат олишлари лозимлиги тўғрисида фармон бердингиз. Бунинг маъноси шуки, кемангиздаги барча каламушлар қочишни бошлаган, сиз эса уларни тўхтатиб қолиб “чўксак, ҳаммамиз бирга чўкамиз” демоқдасиз, - дейилади видеомурожаатда.

Бугунги кунгача 200 минг киши томоша қилган видеороликнинг 12- минутида Ўзбекистоннинг бугунги кундаги муаммолари санаб ўтилади ва Ислом Каримов давлатни бошқариш лаёқатига эга эмасликда айбланади.

Шунингдек, Раҳматуллаев Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзбошимчалиги ва бутун мамлакатнинг коррупция домига тушиб қолганини таъкидлаб, Каримовга ўз ўрнини бўшатишдан олдин учта ислоҳотни амалга оширишни таклиф қилади:

- Биринчиси, бу суд тизимидаги ислоҳот. Мен бу ислоҳотни ўта зарур, деб биламан. Судялар президент девонига¸ СНБ¸ прокуратура ва турли ҳокимларга муте бўлиши керак эмас. Иккинчиси, эркин ва озод оммавий ахборот воситалари бўлиши керак. Чунки фақат эркин матбуотгина демократик жамият яратилишига кўмак беради. Фақат эркин матбуот коррупцияга қарши кураш минбари бўла олади. Эркин матбуот порахўрликни фош қилиб, жамиятдаги бошқа иллатларни оммага ошкор қила олади. Учинчи таклиф: Очиқ¸ эркин ва демократик тарзда ўтадиган президентлик сайловини ташкил қилиш. Сиз мамлакат президенти ва конституция гарови сифатида бу ишларни қилишга мажбурсиз¸ - дейилади видеомурожаатда.

Мурожаат сўнгида ўзбек халқи Каримов бошқарувидан аччиқ сабоқ чиқариб¸ бундай бошқарувнинг бошқа такрорланмаслиги учун курашиши лозимлиги урғуланади.

Видеомурожаатнинг интернетга жойлаштирилиш жараëни билан танишган Тўлқин Умаралиевнинг билдиришича¸ бу видеоролик кўпроқ одамга етиб бориши учун малакали тактика қўлланилган.

- Бу малакали тактика боис бу роликни кўп одам кўрди.Бу эса видеомурожат оддий мардикор ташаббуси эмаслигига ишора. Бу видеоролик орқасида жиддий ташкиллашган гуруҳ бўлиши мумкин¸дейди суҳбатдош.

Видеоролик мазмуни остига Совет ўтмишини қўмсаш туйғулари яширингани ҳам кузатилади.


Ҳақиқат айтилган бир дам

Ўзбекистондаги Интернет муштарийларининг 10 миллиондан ошгани расман айтилаëтган пайтда уларнинг сиëсий мавзулардан масофаланиши кузатувчилар назарида мамлакатда парваришланаëтган қўрқув омили билан боғлиқ.

Ўзбекистонда ëшларни салбий ахборотдан ҳимоя қилишга доир тадбирлар изчил ўтказиб келинади.

Ўзбекистон расмий телевидениеси ва матбуотида ҳам ёшларни Интернетдаги салбий ахборотлардан ҳимоя қилишга қаратилган кампания кетаётганини кузатиш мумкин.

Бу тадбирлар боис интернет нашрларидаги ўзбек мухолифатчиларининг видеомурожатларини нари бериси минг кишидан кўп одам кўрмаëтгани айтилади.

Бунинг фонида Каримов танқид қилинган видеомурожаатни 200 минг киши томоша қилгани ўзбекистонлик Интернет муштарийларининг фаоллиги сифатида қаралмоқда.
XS
SM
MD
LG