Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:50

Олимжон Тўхтаохунов: Нью-Йорк маҳкамаси ҳукмидан норозиман!


Олимжон Тўхтаохунов.
Олимжон Тўхтаохунов.
30 апрель куни Нью-Йорк маҳкамаси "Тайванчик ва бошқалар иши" дея таснифланган жиноят иши бўйича 34 шахсни ноқонуний қимор ўйинларини ташкил қилиш ва товламачиликда айбдор деб топди. Ушбу жиноят иши марказида бўлган асли ўзбекистонлик ишбилармон Олимжон Тўхтаохунов Озодлик билан суҳбатда маҳкама ҳукмидан норози эканлигини айтди.

АҚШ федерал судяси Жесси Фурман собиқ Совет Иттифоқидан чиққан Вадим Тринчер, Анатолий Голубчикларга 5 йилдан қамоқ жазоси тайинлаб, 20 миллион долларлик жарима белгилади.

Қолган 32 айбланувчидан 28 нафари айбига иқрор бўлгани, яна икки кишига нисбатан иш эса кейинга қолдирилгани билдирилди.

Яширин казино тузиш ва товламачилик тафтиш қилинган ушбу жиноят иши марказида "Тайванчик" лақаби билан танилган, асли тошкентлик ишбилармон Олимжон Тўхтаохунов туради.

Айблов хулосасига кўра, Тўхтаохунов "қарздорлардан пул ундиргани " эвазига 12 миллион доллар ҳақ олган.

Жиноят иши материалларида у "вор в законе" дея таснифланади.


Ҳозирда Москвада истиқомат қилаëтган Олимжон Тўхтаохунов Озодлик билан суҳбатда ўзига қўйилган айбловларни мутлақо рад қилди:

- Бу уйдирма-ку! Тўғри, ўша иш бўйича 30 тача одамдан иккитасини мен ҳақиқатан танийман. Улар менинг киевлик танишларим. Лекин мен АҚШ маҳкамаси айбловларини мутлақо рад қиламан. Мен айбдор эмасман¸ мен айбдор эмасман, - дея таъкидлади Тўхтаохунов.

Олимжон Тўхтаохунов билан тўлиқ суҳбатни қуйида тинглайсиз:
Узр, лекин бу хизмат ҳозирча ишламайди

Ўтган йили АҚШ маҳкамаси россиялик таниқли тадбиркор 65 ёшли Олимжон Тўхтаохуновни халқаро уюшган жиноятчилик гуруҳини тузганлик ва унга раҳбарлик қилганликда айблаб чиққан эди.

Тўхтаохунов Озодлик билан суҳбатда бу айбловларни “эртак ва америкалик терговчиларнинг алаҳсираши”, дея атади.

Бизнесменнинг сўзларига кўра, Америка ҳуқуқ-тартибот органлари уни 2002 йилдан буён қидирмоқда.

Ўшанда АҚШда Тўхтаохунов Солт- Лейк- Ситидаги қишки Олимпия ўйинларида фигурали учиш бўйича мусобақа ҳакамларига пора беришда айбланган эди.

Тўхтахунов 2003 йилда бу айбловлар бўйича Италияда ҳибсга олингани, бироқ айбловлар асоссиз экани боис Россияга чиқариб юборилганини айтди.

2003 йилнинг 23 июлида Италиядан Москвага учиб келган Тўхтаохунов 10 йилдан буён ҳеч бир мамлакатга чиқа олмаслигини таъкидлади:

- Мен 11йилдан бери ҳеч қаерга чиқа олмайман. Россияда ўтирибман, чунки улар тинимсиз мана шундай уйдирмаларни ўйлаб топаяпти. Улар менинг номимни бу ишга аралаштириб, бутун дунёга овоза қилмоқчи. Аллақандай америкаликлар ноқонуний қимор ўйинида айбланмоқда. Менинг бунга қандай алоқам бор? Мен қонунларни бузган бўлсам, Россия ҳуқуқ-тартибот органлари менга эътироз билдириши керак. Мен на Россия, на АҚШ қонунларини бузмаганман,- дейди бизнесмен.

Олимжон Тўхтаохунов 1949 йилда Тошкентда туғилган. Ёшликда “Пахтакор” футбол жамоаси дублида ўйнаган. Ўша йиллари машҳур “алюминий қироли” Михаил Черной ва Россия теннис бўйича терма жамоаси бошлиғи Шамил Тарпишчевлар билан танишган.

Собиқ Совет Иттифоқининг энг машҳур қиморбозларидан бўлган. “Россия футбол жамғармаси” президенти, ҳозирда ёпилиб кетган “Метропол”, “Европа”, “Осиё” казинолари хўжайини.

1999 йилда ҳомийлик ишлари учун “Муқаддас Константин ордени” рицари унвонига сазовор бўлган.

Кўплаб Россия шоу-бизнеси вакиллари – Иосиф Кобзон, Алла Пугачева, София Ротару, Никита Михалков, Дарья Донцова ва бошқалар билан дўстлашган.

Форбс жиноятчилар рўйхатида бешинчи ўринга қўйилган. АҚШ ФТБси томонидан қидирилаётган ўнта “энг хавфли жиноятчилар” қаторидан ўрин олган.

Уйланган, тўрт нафар фарзанднинг отаси.
XS
SM
MD
LG