Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:55

"Украина Россия тўсиқларига қарамасдан Ўзбекистон билан ҳамкорликни кучайтиради"


Ўзбекистон элчиси Алишер Абдуалиев Украина вазири Игорь Швайка билан.
Ўзбекистон элчиси Алишер Абдуалиев Украина вазири Игорь Швайка билан.
Украина Аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазири Ўзбекистон элчиси билан учрашувда икки давлат ўртасидаги аграр соҳадаги ҳамкорликни кучайтиришини айтди. Вазирга кўра, Россия ҳукумати қўяётган сунъий тўсиқларга қарамай икки томонлама иқтисодий муносабатлар давом эттирилади.

Украина Аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазири Игорь Швайка 30 апрель куни Киевда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Абдуалиев билан учрашув ўтказди.

Бу ҳақда хабар берган вазирлик веб саҳифасига кўра, вазир ва элчи иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан Украинадан Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш, биргаликда қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш имкониятларини муҳокама қилган.

Ўзбекистон элчиси Алишер Абдуалиев Украинада бўлаётган воқеаларга ўзбек томони бефарқ эмаслигини таъкидлаган:

“Ўзбекистондан Украинадаги вазият ҳақида жуда кўп саволлар оляпман. Ваҳоланки мен доим Украинада бўлар эканман, бу ерда бўлаётган воқеаларни ўз кўзим билан кўряпман ва мамлакатдаги вазият осойишта эканлиги ҳақида ўзбек томонига ахборот беряпман”, деган Алишер Абдуалиев.

Элчи, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида гапирган:

“Бизнинг мамлакатларимизнинг умумийлик жиҳатлари жуда кўп эканлигини қайд қилмоқчиман. Ўсимликшунослик ва қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш борасидаги ишларимизни давом эттирамиз, деб умид қиламан. Украинанинг жанубий ҳудудлари учун қўл келадиган мелиорация ишларидаги тажрибаларимиз билан бўлишсак бўлади”, деган Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Абдуалиев.

Украина Аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазири Игорь Швайка Ўзбекистон компанияларини Украинага таклиф қилар экан, икки давлат ҳамкорлигига яқин қўшнилар қўяётган тўсиқлар ҳам монелик қилолмайди, деб айтган:

“Бизда хориж компанияларига нисбатан нохолис муносабат йўқ. Асосий масала Россия Федерацияси қўяётган сунъий тўсиқларни чеклаб ўтиб, сизнинг мамлакатингизга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни муҳокама қилишдир. Биз ўзбек компанияларини Украинага таклиф этамиз”, деб айтган вазир.

Игорь Швайка Украинада ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникаларини Ўзбекистонга етказиш ва бу техникаларга хизмат кўрсатиш борасида қўшма корхона тузиш таклифини ҳам илгари сурган.

Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш тўғрисидаги сўзлашувлар Украина ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг совуқ даврига тўғри келяпти.

Украинада содир бўлаётган бугунги воқеалар боис Россия томони Украинанинг Россия орқали бошқа давлатларга борадиган транзит юкларини ўтказмаётгани иддао қилинади.

Жумладан, жорий йилнинг 28 апрель куни Россиянинг “Россельхознадзор” федераль хизмати Гукова темирйўл ўтказув пунктида Украинадан Ўзбекистонга кетаётган транзит юк - беш вагонга юкланган 188,5 тонна товуқ гўштини ўтказмай қўйган эди.

-------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
Habar, foto va videoni Ozodlik radiosiga +420724971539 WhatsApp, Telegram raqamiga yuboring!

Jonli efirlarimizda qatnashmoqchi bo'lsangiz har Dushanba va Chorchanba kunlari Toshkent vaqti bilan 19:00 dan boshlab ozodovoz, ozodlikonline va ozodskype Skype manzillariga qo'ng'iroq qiling!

60 yildan beri habarchilik qilayotgan Ozodlik radiosi shaxsingiz sir qolishini kafolatlaydi.
XS
SM
MD
LG