Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:39

Россия фуқаролигини олмоқчи бўлган ўзбеклар кўпаймоқда


Россия фуқаролигини олаётган ўзбекистонликлар, иложи бўлса, Ўзбекистон паспортини ҳам сақлаб қолиш истагида.
Россия фуқаролигини олаётган ўзбекистонликлар, иложи бўлса, Ўзбекистон паспортини ҳам сақлаб қолиш истагида.

Украинадаги бўҳрон фонида собиқ иттифоқ фуқароларига Россия фуқаролигини бериш тартибининг соддалаштирилганидан фойдаланиб қолиш истагини билдираётган ўзбекистонликлар сони кўпайгани айтилмоқда. Бунда Тошкетдаги Россия элчихонасига топширилган аризаларнинг кўпчилигига қондирилаётгани айтилмоқда. Россия фуқаролигини олаётганлар орасида миллати ўзбек бўлганлар кўпчиликни ташкил қилади, дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда, ўтган ҳафта “Ватандошларни Россияга кўчириш” дастури бўйича топширган аризасига ижобий жавоб олган ўзбекистонликлардан бири.




Ўтган ойда Россия ҳукумати собиқ Совет республикалари фуқароларига Россия фуқаролигини беришни осонлаштирувчи қонунни қабул қилганидан кейин ундан фойдаланиш истагини билдираётган Ўзбекистон фуқаролари сони кўпаяётгани айтилмоқда.

Озодлик мухбири билан, шахси сир қолиши шарти билан гапирган 40 ёшлардаги ўзбекистонлик аёл, ўтган ҳафта Тошкентдаги Россия элчихонасидан бу мамлакат фуқролигини олиш борасида топширган аризасига ижобий жавоб олиб чиққани ҳақида гапириб берди.

Миллати ўзбек бўлган аёлнинг Озодликка айтишича, “Ватандошларни Россияга кўчириш” давлат дастурига кўра ўзи, эри ва 9 ёшли қизига тақдим қилинаётган Россия фуқаролигини олиш у энди оиласи билан Россиянинг Калуга вилоятига кўчиб бориб, ўша ерда камида 3 йил давомида муқим яшаши керак бўлади.

Озодлик мухбирининг миллатингиз ўзбек бўлса, нима сабабдан Россияга кўчиб кетишга қарор қилдингиз, деган саволига суҳбатдошимиз “ўйлаб қарасам, бу ердан кетмасак бўлмас экан”, дея жавоб берди.

Унинг айтишича, Россия элчихонасига фуқаролик сўраб мурожаат қилаётганлар орасида ўзбек миллатига мансублар кўпчиликни ташкил қилади.

Ўзи ва турмуш ўртоғи олий маълумотли бўлишига қарамасдан, тайинли иши бўлмагани сабабидан эри бир неча йилдан бери Россияда мардикорлик қилишини айтади, бу аёл. Унинг яна айтишича, ота-онаси, ака-укалари Ўзбекистонда қолмоқда, лекин оиласи нормал ҳаёт кечиришининг бирдан-бир йўли ўлароқ Ўзбекистондан кетишга қарор қилишган.

“Бола-чақа келажаги учун кўчиб кетишга қарор қилдик. Яқинда хўжайинимининг олдига бориб келдим, у ерда касби бўйича бўлмаса-да, тирикчилик учун етадиган иши бор”, дейди Россия фуқаролигини олаётган ўзбекистонлик аёл.

Россия фуқаролигини олишни истаётган ўзбекистонликлар кўпаяётганини бунга оид саволлар билан Озодлик таҳриятига мурожаат қилаётганларнинг сонидан ҳам билиш мумкин. Озодлик ҳатто бу мавзуга ОзодЖавоб рукнининг сўнгги сонларидан бирини бағишлади.

Ҳозирда Москвада истиқомат қиладиган Дилдора ҳам бундан бир неча йил аввал Россия фуқаролигини олган. Ҳозир Ўзбекистонда қолган қаллиғига ҳам Россия фуқаролигини олишга ҳаракат қилишаётганини айтади у.

- Мен ўзим 2008 йилда фуқроликни олдим. Мен Татаристонда рўйхатдан ўтганман. Ҳозир йигитим Ўзбекистон фуқароси, уни ҳам бу ерга олиб келмоқчимиз. Яқинда ЗАГСдан ўтмоқчимиз. Яна бир-икки ҳафтадан кейин келиши керак Москвага. Шундан кейин ҳужжатларни расмийлаштиришни бошлаймиз, дейди Дилдора.

Йигитининг миллати ярми ўзбек, ярми украин эканини айтган Дилдора ҳам бўлажак турмуш ўртоғи билан Россияда яшаш қарорини олишларига Ўзбекистонда ўзлари учун истиқбол кўрмасликлари сабаб бўлганини айтади. Ҳозир Россия фуқароликни олишни соддалаштиргани фурсатидан фойдаланиб қолмоқчимиз, дейди у.

- Менимча, биздақангилар жуда кўп. Чунки Ўзбекистонда вазият яхшиланиш ўрнига, кундан кунга ёмонлашмоқда. Россияда эса, айниқса йирик шаҳарларда, меҳнаткаш одам ҳар қанасига нонини топиб кетади. Нонининг устида сариёғ, икра ва колбасаси ҳам бўлади. Шунинг учун иқлимининг мушкллигига қарамасдан, кўпчилик Россияга кетиб қолмоқда, дейди Дилдора.

Озодликка маълум бўлишича, Россия фуқаролигини олаётган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги, иложи бўлса, Ўзбекистон паспортини ҳам сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.

Россия парламенти 4 апрел куни қабул қилган ва 21 апрель куни президент Валадимир Путин имзолаган қонунга кўра, “Россия Федерацияси, жумладан Россия Империяси ёки СССР ҳудудида узлуксиз яшайдиган, ёки узлуксиз яшайдиган қариндошлари бўлган, ёки бундан аввал яшаган” ҳар қандай шахс Россия фуқаролигини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мазкур қонун март ойида Укрананинг Қрим минтақаси Россия томонидан аннексия қилиниб, Украина шарқида россияпараст айирмачилар исёни авж олгани фонида қабул қилингани кўпчилик кузатувчиларнинг Москва бу қонундан собиқ иттифоқ республикалари устидан ўз назоратини кучайтириш воситаси сифатида фойдаланмоқда, деган хулосаларига сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG