Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:27

Набижон Жўрабоев: Менга туҳмат қилган 28 яшар судья 11 ярим йилга кесилди


OzodMikrofonга боғланган жиззахлик 75 яшар фаол Набижон Жўрабоев унга 5 ярим йиллик қамоқ жазосини тайин қилган 28 яшар судья пора олишда айбланиб, 11 ярим йилга озодликдан маҳрум қилинганини хабар қилди. Набижон ота ҳукм ўқилган куни судда бўлгани ва маҳкум судьяга ўзини хотирлатганини айтмоқда.


Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида истиқомат қиладиган 75 яшар фаол Набижон Жўрабоев Ғаллаорол тумани Жиноят ишлари суди 28 яшар судьяси пора олишда айбланиб, 11 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилганини хабар қилди.

Самарқанд вилояти Жиноят ишлари судида ҳукм ўқилган 2 май куни маҳкамада иштирок этганини айтган кекса фаол маҳкум катта миқдорда пора олганликда айбдор, деб топилганини айтмоқда.

- Самарқанд вилоят Жиноят ишлари судида ҳукм ўқилди. Пора олгани тўлиқ исботини топди, дейилди. Бу судья бўйнига олмади: "Уйда хотинимга ташлаб кетишган, мен йўқ эдим", деди. Лекин, уни айблаганлар уйда унинг қўлига бергани, буларга у судья ароқ қуйиб берганини яширинча видеога ёзиб олган экан, исботлаб беришди. Шу билан 28 яшар судья 11 йилу 6 ойни бўйнига олиб, кетди қамоққа, - дейди Набижон Жўрабоев.

Унинг айтишича, судья 2013 йилнинг 13 ноябрь куни ҳибсга олинган ва Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасида сақланган. Аммо, иш бўйича ҳукм ўқишни Самарқанд вилояти Жиноят ишларига оширилган.

Ҳукм ўқилган куни маҳкамада қатнашган кекса фаол маҳкумга ўзини хотирлатганини айтди.

- Мени туҳмат билан 5 ярим йилга ҳукм қилганида, мен сўнгсўз ўрнида айтган эдим: "Мен 75 ёшга кирдим, туҳмат билан қамаяпсиз! Қамоқдан қайтиб чиқаман насиб қилса, лекин у ерда сизга жой тайёрлаб келаман!" деган эдим. Чунки, судья адолат қилиш ўрнига, туҳмат қилаётган эди. Мана қайтар дунё экан, унинг ўзи қамоққа кетди. Давлат уни шунча ўқитди, тайёрлади, у бўлса 28 ёшида карьерасига нуқта қўйди, - дейди Набижон Жўрабоев.

Қуйида кекса фаол билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк


Озодлик тингловчилари орасида Набижон Жўрабоев исми билан танилган, асл исми Тўрабой Жўрабоев бўлган 75 ёшли фаол 2013 йилнинг 31 майида Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман суди томонидан товламачилик ва фирибгарликда айбдор топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилган, 29 декабрь куни эса озодликка чиқарилган эди.

Набижон Жўрабоев Озодликнинг мамлакат ичидаги юзлаб фаол суҳбатдошларидан бири бўлиб, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ва қўшни туманларда содир бўлаётган воқеалар ҳақида ўз муносабатини билдириб келаётган тингловчилардан биридир.

Жумладан, у ўтган йилнинг баҳорида селдан жабр кўрган ғаллаоролликларга ҳукумат томонидан ваъда қилинган ёрдам деярли берилмагани ҳақида, Жиззахда сирли эпидемияга чалинган минглаб қўй ўлгани ҳақида ва шу каби қатор долзарб мавзуларда Озодликка хабар берган эди.

Набижон Жўрабоевнинг асл касби ўқитувчи. У киши 10 йиллар муқаддам асл туғилган жойи бўлган Ғаллаорол туманига Тошкент шаҳридан кўчиб борган.
XS
SM
MD
LG