Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:42

Ўзбекистонда кимлар хотирланди, кимлар қадрланди?


“Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни сифатида белгиланган 9 май энг осуда ва энг руҳсиз байрам десак хато бўлмас. Бу кун аслида қандай байрамлигини тушунгандан, тушунмаган кўп”. Озодлик радиоси муштарийларидан бири веб-сайтимиз учун йўллаган блогини мана шундай сўзлар билан бошлаган.

Қабристонларга бориб вафот этган қариндошлари қабрини зиёрат этиб келаётган инсонларни ҳисобга олмаса, асосан қишлоқларда яшовчи ўзбекларнинг серташвиш ҳаёти ҳар доимгидек давом этди.

-Хотирлайдиган яхши кунлар, яхши инсонлар, яхши воқеалар кўп бўлди ҳаётимизда,-дейди ўқитувчи Абдусамад ака.- Лекин қадрлашчи? Нимани қадрлашни ўйлаб қоласан. Қадриятни ўзи қолмади, ҳисоб. Биринчи галда ўқитувчи қадрланиши керак эди. “Устоз отангдан улуғ”, деган машойиҳлар гапи ҳам унутилди, бу жамиятда. “Сен бюджетдан маош олиб оилангни, бола-чақангни боқаяпсан”, деган таъналар билан жамиятнинг энг илғор қатлами ҳукуматнинг дастёрига, давлатнинг чўрисига айлантирилди.

-Мен бу байрамга ҳеч ҳам тушунмайман,-дейди фермер хўжалиги раиси Холиқул ака.-Эрталаб қўшним отасини қабрини зиёрат қилиб қабристонга кетаётса “байрамлар билан”, деб юборишимга сал қолди. Ҳайронман, бу кун марҳумлар ёдига фотиҳа ҳам ўқийверамиз, байрам муборак ҳам деяверамиз, бизга ўхшаган фермерлардан ободонлаштиришга деб ўлпон ҳам олишаверади.

- Қадрлаш кунида биз пенсионер отахону онахонлар ҳам бир эсланиб, нафақа пулларимизни пластик карточкада эмас, фоизсиз нақд пулда бериладиган қилишса, бир Каримовни дуо қилардик,-дейди нуроний отахон Чори бобо Улуғов.- Ахир қариялар жуда қийналиб кетди-ку, Бир томон қимматчилик, бир томон пенсия хомталаш.

-Бу байрамни асли номланиши нотўғри бўлган, -дейди кекса тарихчи Боймирза домла.- 9 май Иккинчи жаҳон урушида фашистлар устидан ғалаба қилинган кун. Ундан ташқари бу кун тараққийпарвар кучларнинг жаҳонда тинчлик, осойишталикни таъминлаш йўлида олиб бораётган кураши натижаларини, давлатнининг мудофаа қудратини намойиш этадиган кун бўлиши керак. Хотира эса бошқа нарса. Бу кунда дунёдан ўтган инсонлар хотирасига Қуръон тиловат қилинса, ёшларимиз ҳаётига ўрнак бўладиган тадбирлар ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлади, менимча.

Кейинги йилларда кимларни хотирлаш керагу, кимларни хотирламаслик керак, деган масала жамиятдаги бир ҳовуч кишиларнинг кайфияти ва хоҳиш истагига боғлиқ бўлиб қолди. Мана яқинда халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг таваллуд куни керагидан ортқча дабдаба билан нишонланди, шу ойда тугилган Абдулла Қодирий ёдга ҳам олинмади.

Навруз байрами арафасида турк дунёсининг буюк шоири, мустақил Ўзбекистон Республикаси мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири А. Орипов, оташнафас шоир Р. Парфининг таваллуд кунларида ёдга олинмаслигини нима билан изоҳлаш мумкин?

Сабаби равшан.” Ҳалокатга юз тутган жамият ўз улуғларини унутади”, дегани шу бўлса керак.
------------------------------------------------------------------------------------
Бизга мақола йўллаган муштарийларимизнинг ўз мақолаларида билдирган фикр-мулоҳазалари Озодлик радиосининг нуқтаи назарини англатмайди ва Озодлик радиоси позициясига мос келмаслиги мумкин.
XS
SM
MD
LG