Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:40

Хориждан пул ўтказмаларига назорат кучайтирилди


Шу йилнинг 10 майидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига пул ўтказмалари орқали кириб келаётган маблағларни бериш, шунингдек, жўнатиш тартиби устидан назорат кучайди.


Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг терроризмни молиялашни таъқиқлашга оид амалий чора-тадбирлари ҳақидаги 2528-сонли буйруғи асосида эндиликда хориждан пул юборувчи шахс Ўзбекистонга 1001 АҚШ доллари ёки шунинг қийматига тенг маблағни жўнатиши учун ўтказма кодига қўшимча равишда шахсига оид барча маълумотларни илова қилиб жўнатиши лозим.

“Янги тартибга кўра, 1000 доллардан ортиқ маблағ юборган шахс пулни олувчига ўзининг шахсига оид маълумотлар, яъни яшаш манзили, туғилган йили ва санаси, паспорт серияси ва рақами ёки шахсини тақдиқловчи ҳужжат нусхасини юбориши керак. Шундагина биз унга келган маблағни монъеликсиз бера оламиз”, дейди пойтахтдаги “Турон” акциядорлик тижорат банки ходимаси Хуршида “Озодлик” билан микрофонсиз суҳбатда.

Бош прокурор буйруғида хориждан пул жўнатувчи шахснинг Ўзбекистондаги минимал маош миқдорининг 25 бараваригача (2 402 625 сўм) бўлган маблағи ортиқча ҳужжат ва изоҳлар талаб қилинмай, эгаларига берилади. Бундан ортиқ маблағ эса белгиланган тартибда эгаларига етказилади.

Пул ўтказмалари 1000 АҚШ долларигача бўлган маблағлар ҳозир эски тартибда эгаларига бермоқда. Аммо бу миқдор 3000-4000 дан ошадиган бўлса, пул ўтказмаларидаги электрон чиғириқлар дарҳол банкнинг бош компьютерига хабар беради. У ҳолда олувчи ўз маблағини махсус текширувлар, хориждаги банк муассасасига юбориладиган сўровлардан сўнг олиши мумкин.

“Асака” давлат акциядорлик тижорат банки ходими Абдуҳошим Салаевга кўра, Бош прокурорнинг буйруғи асосидаги мазкур амалиёт режаси ҳали тўла ишлаб чиқилгани йўқ, аммо келажакда пул ўтказмалари фаолияти ана шу буйруқ асосида жиддий назорат остига олинади.

Тошкентдаги “Ориент”, “Ипотека”, “Ҳамкор” сингари акциядорлик тижорат банклари ходимлари ҳам “Озодлик”нинг бу борадаги телефон орқали сўровини тасдиқлади.
XS
SM
MD
LG