Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:51

Фарғонада қўлга олинган қирғизистонликнинг озод этилиши талаб қилинмоқда


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги ўтказиш пунктларининг тўлақонли ишламаётгани сабабли, айрим фуқаролар чегарани ноқонуний бузиб ўтишга мажбур бўлмоқда.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги ўтказиш пунктларининг тўлақонли ишламаётгани сабабли, айрим фуқаролар чегарани ноқонуний бузиб ўтишга мажбур бўлмоқда.

Қирғизистоннинг Қизилбулоқ қишлоғи аҳолиси Фарғонада қўлга олинган ҳамқишлоқлари Кубаничбек Эралиевни озод қилиш талаби билан ўтган якшанба куни Шоҳимардонга элтувчи йўлларни тўсиб қўйган эди. Қизилбулоқликлар Эралиев ҳибсдан озод қилинмаса, Шоҳимардон йўлини бира тўла тўсиб қўйишларини айтишмоқда.

Кубанич Эралиев яшайдиган Қадамжой тумани Қизилбулоқ қишлоғидаги бир гуруҳ аҳоли ўз ҳамқишлоқларининг Фарғона ҳибсхонасидан озод қилинишини талаб қилиб якшанба куни Ўзбекистоннинг Шоҳимардон эксклавига элтувчи йўлларни бир неча соат тўсиб қўйган. Қирғиз расмийларининг аралашуви билангина йўл очилган эди.

Қизилбулоқликлар Қубаничбек Эралиев қамоқдан озод этилмаса Шоҳимардон йўлини бира тўла тўсиб қўйиш билан таҳдид қилмоқда.

Қадамжой тумани ҳокими Акрамжон Мадумаровнинг айтишича, Қубаничбек Эралиев 10 кундан бери Фарғонадаги вақтинча тергов изоляторида сақланмоқда. У Ўзбекистон чегарачилари томонидан ўзбек чегарасини ноқонуний равишда бузиб ўтганликда айбланиб қўлга олинган экан.

-Ҳозир тергов ишлари олиб борилаётган экан. Бу ишни биз ҳам ўз назоратимизга олганмиз. Вилоят ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг ҳам бу ишдан хабари бор, -деди Акрамжон Мадумаров.

Боткен вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбари Анарбай Алимбеков Фарғонада қўлга олинган қирғиз фуқароси иши масаласида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари билан сўзлашувлар ўтказилаётганини айтди. Унга кўра, сўзлашувлари натижасида Қубаничбек Эралиевга суд томонидан енгил жазо белгиланиши ва у бир неча кундан сўнг озод этилиши мумкин.

-Суд бошланиши билан ўзбек томони бу ҳақда бизга хабар берадиган бўлган. Суд унга тезроқ ҳукм чиқаради. Менимча, у жаримага тортилиб, қамоқдан озод қилинади, -деди Анарбай Алимбеков.

Айни пайтда Қирғизистонда мавжуд бўлган расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистон қамоқхоналарида 81 нафар қирғизистонлик жазо муддатини ўтамоқда.

-Хориж давлатларида судланган фуқароларимизнинг сони 2894 кишини ташкил қилади. Уларнинг 81 нафари Ўзбекистонда судланган. 2414 қирғизистонлик эса Россия қамоқларида ўтирибди, -деди Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги расмийси Турдакун Сидиков.

Айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган айрим қирғизистонликлар жазони ўташ маҳкамаларида вафот этганлари тўғрисида ҳам маълумотлар бор. Масалан, 1999 йилда “Хизбут – Таҳрир” диний оқимига алоқадорликда ҳамда Ўзбекистонда Конституциявий тузумига тажовузда айбланиб, 10 йилга қамалган ўшлик Ҳабибулла Омоновнинг 2013 йил 4 апрелда қамоқда “юрак ҳуружидан вафот этган”и ҳақида расмий хабар берилган.
XS
SM
MD
LG