Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:13

Президент пора берганни ҳам олган каби жазолашга оид қонунга қўл қўйди


Ўзбекистон Жиноят кодексига пора олиш ва бериш учун жазони оғирлаштириш кўзда тутилган ўзгартишлар киритилди. Ўзгартирилган қонунга кўра бундан буён пора берганга ҳам, порахўрликка воситачилик қилганга ҳам пора олган билан бир хил жазо қўлланиладиган бўлди.

Президент Ислом Каримов 14 май куни "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш¸ шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги қонунга имзо чекди.

15 майдан кучга кирган бу ўзгартишлар орасида Жиноят Кодексига пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш каби жиноятлар учун жазонинг оғирлаштирилишини кўзда тутувчи бандлар ҳам бор.

Бундан буён Ўзбекистонда пора берувчи ҳам, порахўрликка воситачилик қилган шахс ҳам пора олган билан бирдек жазога тортилади.

Янги қонун пора беришни пора олиш жинояти билан тенглаштириб қўйди.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 211- моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, мансабдор шахсга пора берган шахс энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ëки 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиш билан жазоланади.

Аввал бу жиноят учун 50 минимал ойлик миқдорида жарима ёки уч йиллик қамоқ жазоси белгиланган эди.

Уюшган жиноятчилик билан боғлиқ йирик миқдорда пора берганлар эса бундан буён 10 йилдан 15 йилгача қамалиши мумкин.

Порахўрликка воситачилик қилганлар ҳам бундан буён 5 йилгача бўлган муддатга қамоққа ҳукм этилиши мумкин. Аввал бу жиноят учун 3 йилгача қамоқ белгиланган эди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда мазкур ўзгаришларнинг мамлакатдаги коррупцияга қарши кураш доирасида қабул қилинганини таъкидлади:

- Биласиз, кўпгина мамлакатларда пора берувчига нисбатан ҳам олувчи ва воситaчилик қилганларга нисбатан ҳам бир хил жазо бор. Порани бериш ҳам олиш ҳам катта жиноят ҳисобланади. Бу жиноятни биринчи бўлиб берувчи содир этади. Буни учун каттароқ жазо борлигини билса, бу ишни қилмайди, дейди исмини айтмаган Олий Мажлис Сенати расмийси.

Мустақил ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов фикрича, Ўзбекистонда пора берувчи ва олувчига жазо чораларини кучайтириш билан коррупцияни камайишига эришиб бўлмайди:

- Ўзбекистондаги тизим одамларни одамларни пора беришга мажбур қилиб қўйган. Пора берувчини шу ҳолатга соладиган ким, ҳукумат амалдорларику. Одамлар порани ноиложликдан беряпти. Ўзбекистонда ҳукуматнинг энг қуйи бўғинларидан юқорисигача порхўрликка ботиб кетган. Шу тизим ислоҳ қилинмас экан, бизда коррупция камаймайди. Бизда порахўрликни фош қилиш механизмлари йўқ. Жамоатчилик назоратини кучайтириш керак, дейди Комилов.

Ўзбекистон Жиноят кодексига киритилган яна бир ўзгартишга мувофиқ, агар фуқаро 30 кун ичида мансабдор шахсга пора бергани ҳақда тегишли идораларга хабар берса, жазодан қутилиб қолади.

Аввал пора берган ва воситачилик қилган шахс хоҳлаган вақтда келиб бу ҳақда хабар берса жазодан қутилиб, пора олган мансабдор шахс жазога тортилар эди.

Энди эса пора берган шахс бу ҳақда бир ойдан кечикиб хабар берса, пора олган билан бирга ўзи ҳам жавобгарликка тортилади.

Руҳиддин Комилов фикрича, бу ҳам мантиқсизлик:

- 30 кун ичида пора берганини бориб айтса жазодан қутилади, кечикса жазоланади, деяпти. Ўзбекистонда ким бориб айтади, пора бердим деб. Илгари мисол учун икки ойдан кейин бориб айтса жазога тортилмас эди. Энди ҳеч ким бориб айтмайди пора бердим деб, жиноят ҳам очилмай қолади, дейди Комилов.

'Жаҳон бўйлаб коррупция вазиятини кузатиб келаëтган Transparency International ташкилоти Ўзбекистонни йиллардан бери коррупцияга ботган давлатлар сирасига киритиб келади.

Transparency International томонидан ўтган йил декабрь ойида эълон қилинган Коррупция даражаси индекси (Corruption Perceptions Index) рейтингида Ўзбекистон 177 давлат орасида 168-ўринни эгаллади.

Мазкур мустақил гуруҳ таҳлилчилари¸ Ўзбекистондаги порахўрликнинг сиëсий коррупция деб таснифланадиган энг юқори нуқтага етганини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG