Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:27

Жиззахда заҳарланган 161 кишидан 85 нафари касалхонада қолмоқда


Жиззах шаҳар юқумли касалликлар шифохонасидаги Озодлик манбасига кўра, шаҳардаги PRIM ресторанида овқатланиб заҳарланган 161 кишидан 76 нафари соғлиғи барқарорлашгани сабабли касалхонадан чиқарилган. 19 май, куннинг биринчи ярмида шифохонада яна 85 киши қолаётган эди. Норасмий манбаларнинг заҳарларганлар орасида ўлганлар ҳам бор эканлиги тўғрисидаги хабарларини соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари қатъиян инкор этди.

Жиззах шаҳри марказида жойлашган PRIM ресторанида 11,12,13 май кунлари овқатланган хўрандалар ёппасига заҳарлангани, 15 май, пайшанба соат 14 гача касалхонага ётқизилган беморлар сони 160 нафарга етгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Шаҳар юқумли касалликлар шифохонасининг исми сир қолишини сўраган врачидан 19 май куни олинган маълумотга қараганда, заҳарланганлар сони 161 нафарга етиб тўхтаган.

- Заҳарланганлардан 86 нафари касалхонада қолмоқда, 76 кишига жавоб берилди, деди врач.

Бир-биридан мустақил икки манба заҳарланганлар орасида ўлганлар ҳам борлиги тўғрисида Озодликка хабар қилди. Биринчи манба 5 кишининг ўлгани тўғрисида ёзса, иккинчи манба телефон орқали суҳбат чоғида 2 кишининг ўлгани, вафот этганлардан бири қиз бола эканлиги тўғрисида айтди.

Бироқ бу маълумотларни шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси врачи ҳамда шаҳардаги бошқа икки тиббиёт муассаси вакиллари бир-биридан мустақил равишда қатъиян инкор этди. “Ресторанда овқатланиб заҳарланганлардан ҳеч ким ўлган эмас”, деган мазмундаги гапни айтди улар.

Озодликнинг Жиззахдаги норасмий манбаларидан бирининг суриштириб билишича, ресторан хўрандаларининг заҳарланишига муассасанинг ўзида тайёрланган қўлбола майонез сабаб бўлган. “Бу ҳақда менга иш билан бевосита шуғулланаётган милиция ходими айтди”, деди манба.

Озодликнинг Жиззах вилоят суд-тиббий экспертиза бюросидаги манбасига кўра, ресторанда тайёрланган таомларни вилоят санитария-эпидемиология хизмати текширувдан ўтказган ва ҳозирча хўрандалар сальмонеллездан заҳарланган, деган шубҳа бор. “Бу ҳозирча шубҳа, холос. Якуний хулосанинг бугун кечга яқин чиқиши кутилмоқда”, деди манба.

Санитария-эпидемиология станцияси билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Интернетдаги очиқ манбаларда ёзилишича, сальмонеллёз сальмонелла бактерияси келтириб чиқарадиган ва одамлар ҳамда ҳайвонларда учрайдиган ўткир ичак инфекциясидир.

Айтилишича, касалликнинг инкубация даври 2 – 6 соатдан 2 – 3 суткагача чўзилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, PRIM ресторанида 11, 12, 13 май кунлари овқатланиб заҳарланганлардан сўнггиси касалхонага 15 май куни ётқизилган.

Жиззахдан олинган маълумотларга қараганда, хўрандалари заҳарланган PRIM ресторани шу кунда ёпиб қўйилган.

Норасмий манбаларга кўра, мазкур умумий овқатланиш муассаси Жиззахдаги энг ҳашаматли ресторанлардан бири бўлиб, фойдаланишга топширилганига эндигина 2 йил бўлган эди.

Айтилишича, ресторанни Бахтиёр исмли йирик тадбиркор қурган. PRIM очилгунича унинг Жиззахда “Нафиса” деган ресторани ҳам бўлган.

Оммавий заҳарланиш билан боғлиқ яхши бир гап ҳам бор: норасмий манбанинг айтишича, рестораннинг эгаси мижозлари касалхонага туша бошлаган дастлабки кунлари касалхонадан жилмаган, даволаш учун кетадиган барча ҳаражатларни кўтаришга тайёр эканлигини билдирган.
XS
SM
MD
LG