Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:21

Қозоғистонда уч ўзбекистонлик жинсий қулликдан озод этилди


Олмаотадаги бошқа бир рейд пайти ушланган ўзбекистон ва қирғизистонлик фоҳишалар.
Олмаотадаги бошқа бир рейд пайти ушланган ўзбекистон ва қирғизистонлик фоҳишалар.
Қозоғистон жанубидаги Чимкент шаҳрида уч нафар ўзбекистонлик аёл сексуал қулликдан озод этилган. Бу ҳақда Қозоғистондаги аёллар ва меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Сана Сезим” ташкилоти раҳбари Хадича Абишева Озодликка маълум қилди.

"Сана Сезим" ташкилотига кўра, ёши 25-28 оралиғидаги ўзбекистонлик аёллар бундан уч ой аввал Жанубий Қозоғистонга иш излаб келишган. Чимкент шаҳрига келишлари билан уларни паспортлари олиб қўйилиб, икки ойдан ошиқроқ вақт давомида улар жинсий эксплуатация қилинган.

Ўзбекистонлик уч аёл ўтган ҳафтада Қозоғистондаги “Сана Сезим” ташкилоти кўмаги билан қулликдан озод этилди.

Аёлларнинг исми улар хавфсизлиги нуқтаи назардан сир тутилмоқда.“Сана Сезим” ташкилоти раҳбари Хадича Абишеванинг айтишича, аёллар одамфурушларнинг мўмай ойликлик иш ҳақидаги алдов ваъдаларига учиб Чимкентга келишган:

- Уларга Қозоғистонга келишларидан олдин катта миқдорда ойликлар ваъда қилинган. Меҳмонхонада ишлайсизлар, деб айтишган. Чимкентга келишса -фоҳишалик. Икки ой давомида уларни Чимкентдаги хонадонлардан бирига қамаб, ҳеч қаерга чиқармай, калтаклашган, кунига бир қанча клиентга хизмат кўрсатишга мажбурлашган, дейди Абишева.

Қуллик азобларига дош беролмаган ўзбекистонлик аёллардан бири “Сана Сезим” ташкилотининг “қайноқ линия”сига қўнғироқ қилиб, нажот сўраганидан сўнг, ташкилот фаоллари Қозоғистоннинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ходимлари билан биргаликда аёлларни қулликдан қутқаришга муваффақ бўлганлар:

- Ҳозир бу уч аёлни Ўзбекистонга, уйига жўнатиб юбордик. Уларни жинсий эксплутация қилган жиноий тўдани аниқлаб, уларни жазога тортиш масаласини кўтарaяпмиз, дейди Абишева.

Гарчи Қозоғистон милицияси вақти-вақти билан фоҳишалик ва ноқонуний муҳожирликка қарши рейдлар ўтказиб турса-да, айрим ходимларнинг катта пора эвазига бу ҳолатларни четлаб ўтиши таxмин қилинади:

- Қўшмачилар сексуал қулликка мажбурланган бу аёлларга ҳуқуқ-тартибот идораларида танишларимиз бор, қочиб ҳеч қаерга боролмайсанлар, деган гаплар билан қизларни қўрқитишган. Уларни ҳақиқатан ҳуқуқ-тартибот идораларида одамлари борми, ёки қўрқитиш учун бу ҳақда гапиришганми, буни билмаймиз, дейди “Сана Сезим” ташкилоти раҳбари Xадича Абишева.

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик Шохруҳ ўз ватандош аëлларнинг бу ердаги яшаш тарзини яқиндан кузатиб келаëтганини айтади. Унга кўра, ўзбекистонлик аёллар орасида фоҳишалик билан шуғулланишини билиб келаётганлар ҳам бор, билмасдан одам савдоси қурбонига айланаётганлар ҳам бор:

- Ўзбекистонда шунақа ишлар билан шуғулланиб юрган бўлса, ўзлари келишади. Айримларини эса болаларга қарайсан, қарияларга қараб турасан, ҳамширалик қиласан деб, фоҳишаликка мажбурланаётганлари ҳам бор. Бошида фоҳишаликка мажбурланиб, кейин ўз ихтиёрлари билан бу иш билан шуғулланаётганлар ҳам бор. Хуллас ўзбекистонлик аёллар бу ерда жуда кўп, дейди Шохруҳ.

Қозоғистондаги “Сана Сезим” ташкилоти раҳбари Хадича Абишева, фоҳишаликни олдиндан билиб келадими, билмасдан келадими, уларни бу ишга мажбурлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини таъкидлайди:

- Ўзбекистондан эркаклар қатори кўплаб аёллар бу ерга пул топиш учун келади. Ўзбекистондаги ночорлик уларни шунга мажбурламоқда. Айримлари фоҳишалик қилишини билиб келаётгандир. Лекин 21 асрда ҳеч кимнинг одамларни қулликда ушлаб, таҳқирлаб фоҳишаликка мажбурлашга ҳаққи йўқ, дейди Абишева.

Ўзбекистонда одам савдосига қарши қонун қабул қилинган ва республика даражасида турли давлат ташкилотлари ўртасида бу муаммога қарши кураш бўйичамувофиқлаштирувчи гуруҳлар ҳам тузилган.

Шунга қарамай, норасмий манбалар¸ Ўзбекистондан қизларни Яқин Шарқ давлатлари¸ хусусан Туркия, Бирлашган Араб Амирликларига фоҳишаликка мунтазам жўнатиш ҳоллари камаймаëтир.

Сўнгги йилларда қатор араб давлатлари, шунингдек, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Таиланд ва Малайзияда юзлаб ўзбекистонлик аёлнинг фоҳишаликда айбланиб, қўлга олингани ва мамлакатдан депортация қилингани кўп кузатилди.

Халқаро ташкилотларга кўра, Ўзбекистондаги иқтисодий танглик ва иш топиш имконларининг чеклангани аëлларни фоҳишалик орқали даромад қилишга ундамоқда.
XS
SM
MD
LG