Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:21

Андижон шаҳар прокурори ҳибсга олинди


Андижон шаҳар прокурори Азизбек Маматхўжаев ўтган ҳафта Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг вилоят бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Озодликка манбасига кўра, прокурор Маматхўжаев пора олганликда айбланмоқда.

Андижон шаҳар прокурори Азизбек Маматхўжаев ўтган ҳафтада пора олганликда айбланиб ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни Озодликнинг Андижон ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган манба берди:

“Андижон шаҳар прокурори МХХ ходимлари томонидан қўлга олинди. Чунки сўнгги пайтда прокурор устидан тушган аризалар кўпайиб кетди. Прокуратурада ишлайдиган танишимнинг айтишича, Азизбек Маматхўжаев одамларнинг мушкулини енгил қилиб бериш эвазига улардан пора олганликда айбланяпти”, деди Озодлик манбаси.

Андижон вилоят прокуратурасининг исми сир қолишини сўраган мулозими Азизбек Маматхўжаевнинг бир ҳафтадан буён ишга чиқмаётганини Озодликка тасдиқлади:

“Ҳа, бу одам энди ишга чиқмаса керак. Бизга ҳам ҳеч нарса дейишгани йўқ, у ёғини миллий хавфсизлик хизматидан сўрайсиз", деди прокуратура мулозими.

Азизбек Маматхўжаевнинг мобил ва уй телефонлари ҳам ўчирилган.

Маматхўжаев билан маҳалладош бўлган андижонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов прокурорнинг муомалали шахс бўлганини таъкидлайди:

- Ўзи яхши бола. Маҳалламизда ҳурмати бор. Чунки маҳалланинг газ, свет ва бошқа коммунал хизматларига ёрдам бериб турарди. Кўча-куйда машинадан тушиб, ёши катта одамлар билан салом-алик қиларди. Лекин энди минг яхши одам бўлса ҳам бу системага мослашмасдан иложи йўқ. Барибир тепадан келган буйруқни бажаради ва шу қозонда қайнашга мажбур бўлади. Бу қозонда қайнагандан сўнг хато қилмасликнинг иложи йўқ, - деди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Андижон шаҳар прокурорига яқин манбанинг Озодликка айтишича, Азизбек Маматхўжаевнинг ҳибсга олинишига унинг укасининг одамларни алдаб, чув тушириб қочиб кетиши ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин:

"Азизбекнинг бир аферист укаси бор эди. Икки йилча олдин унинг укаси “акам прокурор, мошин олиб бераман, ер олиб бераман" деб одамларни алдаб, 400 минг долларга яқин пулни олиб қочиб кетган. Ўшандан кейин прокурорнинг укаси шу ишни қилди деган гап-сўз кўп бўлди. Унинг ҳибсга олинишига шу ҳам сабаб бўлган, деб ўйлайман", деди манба.

Сўнгги пайтда Ўзбекистонда туман ва шаҳар ҳокимларининг, прокуратура ва милиция бошлиқларининг кетма-кет ҳибсга олиниши кузатилмоқда.

Шу йилнинг 19 апрель куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳокими Панжи Тангриев МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ҳибсга олинди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокими Ҳусниддин Жўраев ҳибсга олинган эди.
XS
SM
MD
LG