Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:03

NTT телеканали эфирга қайтишга тайёргарлик кўрмоқда


Ўтган йили эфирдан олиб ташланган, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишлилиги айтиладиган NTT телеканали яна эфирга қайтишга тайёргарлик кўрмоқда. Телеканал ходимларининг айтишича, NTTнинг номи бошқа бўлади ва кўрсатувлар ҳозирча фақат кабель орқали узатилишига рухсат берилган.

Ўтган йилнинг октябрь ойида ёпилган NTT телеканали энди бошқа ном билан яна эфирга қайтмоқчи.

Бу ҳақда хабар берган ўзбекистонлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, фаолияти тўхтатиб қўйилган телеканалда тайёргарлик ишлари бошланиб кетган:

- Мен телеканал ходимлари билан гаплашдим. Уларнинг айтишича январь ойидан бошлаб Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасига бир неча бор аризалар берилган экан. Анча пайт бу аризаларга жавоб берилмаган. Ва янги хабар шундан иборатки, уларга ёз ойларидан бошлаб фақат кабель телевидениега чиқишга рухсат берилибди, - деди Абдураҳмон Ташанов.

Журналистга кўра, телеканалга ўз номини ўзгартириш талаби қўйилган:

- Ҳозирча 3 - 4та ном танлашибди, лекин қайси номда бўлиши ҳали аниқ эмас. Ҳукумат тавсияси билан ҳозир телеканалнинг ҳудудий дастурлари Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигининг УзРепорт телеканалида қисман бериб борилишини айтишди, - деди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистонда кабель телевидение фақат катта шаҳарлар ва вилоят марказлари учун мослаштирилган. Ўзбекистон қишлоқ ҳудудлари эса бундай имкониятга эга эмас.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда қатор телеканаллар, жумладан, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишлилиги айтиладиган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканаллари тўсатдан эфирдан олинган эди.

Тошкентда битта бино ичида жам бўлган бу телеканаллар раҳбариятига "лицензион шартларга риоя қилмаганлиги ва қайд қилинмаган пул оқимини ташкил этгани" юзасидан айбловлар илгари сурилган.

Бу телеканаллар ёпилиши ортидан ўтган йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Ўзбекистонда “Кинотеатр” ва “Наво” деб номланган икки янги телеканални эфирга узатишни бошлаган эди.
XS
SM
MD
LG