Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:57

Балашихада муҳожирлар заҳарланиб ўлди


Death of Uzbek migrants in Balashikha
Death of Uzbek migrants in Balashikha

Москва вилоятининг Балашиха шаҳрида “ботқоқ гази”дан заҳарланиб, уч нафар ишчи нобуд бўлди. Полиция маҳаллий фуқарони қутқариш мақсадида водопровод коллекторига тушиб ўлганлардан икки нафари Ўзбекистон фуқароси бўлганини билдирди.


Москва вилояти, Балашиха шаҳрида сув ўтказиш коллекторида уч одамнинг нобуд бўлиши юзасидан тергов кетмоқда.

Москва вилояти полиция бошқармаси вакиллари Озодлик сўровига жавобан ўлганларнинг икки нафари ўзбекистонлик меҳнат муҳожири эканини тасдиқлаб беришди.

- 24 май куни, хато қилмасам, Москва вилоятида 3 кишининг ўлиги аниқлангани тўғрисида полицияга хабар келиб тушди. Аниқланишича, шу куни эрталаб Александр исмли маҳаллий фуқаро ўз уйига сув ўтказиш учун Балашиха шаҳрининг Шчитниково мавзеси 59-уй ёнидаги коллекторга тушган. У ерда ботқоқ гази – метан йиғилиб қолган экан ва Александр ҳушидан кетаётиб, ёрдамга чақира бошлаган. Коллектор ёнидан ўтиб кетаётган икки нафар ўзбекистонлик унга ёрдам бергани тушиб, ўзлари ҳам заҳарланиб ўлган,- деди Москва вилояти Ички ишлар вазирлиги Бош бошқармаси навбатчи офицери Озодлик сўровига жавобан.

Ҳодиса жойига етиб келган қуткарувчилар ва полиция ходимлари ишчилар оддий хавфсизлик техникасига риоя қилмагани бундай фожиага олиб келганини дастлабки терговда аниқланганини маълум қилди.

Россия Тергов қўмитасининг Москва вилояти бўйича Бош бошқармаси мазкур ҳодиса юзасидан тергов ишлари кетаётгани, ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилиши мумкинлигини хабар қилди расмий сайтида.

Балашихадаги полиция бўлимларидан бирининг ўз исмини ошкор этишни истамаган ходими, Озодлик билан суҳбатда, Россия Тергов қўмитаси расмий хабаридан бироз ўзгача маълумот берди.

Манбанинг маълумотига кўра, шу мавзеда жойлашган коттеджнинг 73 ёшли эгаси Александр исмли россиялик сантехник ҳамда 34 ва 36 ёшли икки нафар Ўзбекистон фуқаросини (исмини билмайди.- таҳр.) ўз уйига сув ўтказишга ёллаган. Водопровод коллекторидаги труба олдига тушган Александр метан газидан заҳарланаётганини сезиб, ёрдамга чақира бошлаган.

Унинг ўзбекистонлик ёрдамчилари иккиланмасдан ўзини коллекторга отган ва “ботқоқ гази”дан улар ҳам шу ерда заҳарланиб ўлган.

Ўзбек муҳожирлари Россияда бирор расмий ҳужжатсиз ёлланма меҳнат билан шуғулланиб юрган. Полиция бошқармаси ва Тергов қўмитасида коллекторда заҳарланган ишчиларнинг исми-шарифи ҳозирча ошкор этилмаслигини маълум қилмоқда.

2012 йилнинг 18 мартида Нижний Новгород шаҳрининг Приокский туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида тўрт киши ҳалок бўлгани, яна икки киши шифохонага олиб кетилгани, нобуд бўлганлардан уч нафари Ўзбекистон фуқаролари экани; шу йилнинг декабрида эса Калининградда икки эркак ва бир аёл бензин генераторидан чиққан тутундан заҳарланиб ўлганини Озодлик хабар берган эди.

Айни пайтда, 24 май куни Россиянинг Ленинград вилоятида Ўзбекистоннинг икки фуқароси ўз жонига қасд қилгани маълум бўлди. Россия тергов қўмитасига кўра, ҳодиса оилавий жанжал оқибатида рўй берган.

Тергов қўмитаси тарқатган хабарда айтилишича, 24 май куни эрталаб Сертолово шаҳрининг Центральная кўчасида жойлашган кўп қаватли уй олдида 26 ёшли йигит билан 51 ёшли аёлнинг жасадлари аниқланган. Уларнинг иккаласи ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлган.

Дастлабки тергов натижасидан маълум бўлишича, 24 май куни йигит қаллиғининг оиласи ижарада турган уйга меҳмон бўлиб келган. Қизнинг онаси билан йигит ўртасида жанжал чиққан ва йигит аччиқ устида ўзини 9-қават ойнасидан ўзини ташлаб юборган. Воқеа жойига тез ёрдам бригадаси келган пайтда, йигит билан жанжаллашган 51 ёшли аёл ҳам ўзини ойнадан ташлаб нобуд бўлган.

Маълум бўлишича, аёл қизининг бу йигит билан турмуш қуришига қарши чиққан.

Тергов қўмитаси мазкур воқеа юзасидан тергов олиб борилаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG