Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:42

Ўзбекистонлик 585 пулдор Ригадан уй сотиб олиб "шенгенлик" бўлди


Шенген ҳудудида доимий яшаш мақомини олишда кўмаклашувчи Schengen Property ташкилоти 4 йил ичида 585 пулдор ўзбекистонлик қиммат уй сотиб олиш йўли билан Латвияда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлганини маълум қилди. Молиявий оффшор ҳудуди кўриладиган Латвия айрим ўзбекистонлик амалдорлар учун “заҳира аэродроми” вазифасини ўтай бошлагани ҳақида норасмий маълумотлар бор.


Ригадаги Schengen Property ташкилоти раҳбари Дмитрий Кувшиновнинг Озодликка айтишича, ўзбекистонлик пулдорлар Латвиянинг Рига ва Юрмала каби шаҳарларидан қиммат уйларни сотиб олиш орқали Шенген маконида доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритмоқда.

- Эътиборлиси, ўзбекистонликларнинг кўпчилиги уйларни банкларнинг қўшимча молиявий ёрдамисиз, кредитларсиз, нақд пулига сотиб олмоқда. Қолаверса, уларнинг кўпчилиги Рига ва Юрмаладаги бадавлат одамлар яшвочи мавзелардан, минимум нархдан анча юқори, нархи 250 минг евродан қиммат бўлган уйларни харид қилмоқда, - дейди Кувшинов.

2010 йилда Латвия ҳукумати Рига ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларидан нархи қиммат бўлган уйларни сотиб олган чет эл фуқароларига доимий яшаш ҳуқуқини беришни бошлаган. Аввалига, чет эллик пулдорларга Латвияда доимий яшаш ҳуқуқини олиш учун камида 143 минг евро турадиган кўчмас мулкни сотиб олиш шарти қўйилди.

Шу йилнинг 1 сентябридан эса бу сумма 250 минг еврога оширилди.

- Кўчмас мулк нархидан беш фоиз солиқ тўланади. Сотиб олиш жараёнида қандайдир тўловлар ҳам бўлади. Хуллас, 1 сентябрдан 280 минг евро атрофида пул сарфласангиз, сиз ва оилангиз Шенген ҳудудида доимий яшаш мақомини олади, - дейди Кувшинов.

Schengen Property ташкилотига кўра, сўнгги тўрт йил ичида ўн мингга яқин хорижлик шу имкониятдан фойдаланган. Латвияда кўчмас мулк олиш йўли билан доимий яшаш ҳуқуқини олаётган чет элликлар орасида ўзбекистонликлар тўртинчи ўринда туради.

- Тўрт йил ичида 585 ўзбекистонлик бу имкониятдан фойдаланди. Латвия пойтахти Риганинг аҳолиси бир миллиондан камроқ экани эътиборга олинса, бу жуда катта рақам. Лекин биз мулкдорлар шахсига оид маълумотни очиқлай олмаймиз. Бу уйларни улар ўғирлик йўллар билан орттирилган бойлик эвазига оляпти, деб ҳам айтолмаймиз. Сабаби, Европа Иттифоқи ҳозир Латвиядаги ҳамма банкларни текширади. Ҳаром пулни бу ерга олиб келиш осон эмас, - дейди Schengen Property ташкилоти раҳбари Дмитрий Кувшинов.

Сўнгги йилларда Латвия собиқ совет давлатлари, жумладан ўзбекистонлик пулдорлар учун молиявий оффшор ҳудудга айлангани маълум.

Ўзбекистондаги айрим амалдорлар орасида эртасини ўйлаб, “заҳира аэродроми” сифатида Латвиядан уй олиб қўйганлар борлиги ҳақида норасмий маълумотлар бор.

Ўтган йили Латвия молиявий идоралари "Телиасонера" мобил алоқа ширкатининг Ўзбекистондан лицензия олиш учун Латвия банки орқали ўтказган пуллари юзасидан бир қатор ўзбекистонлик устидан текширув бошлаган.

Мазкур тергов доирасида Латвияда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли банк ҳисоб рақамлари ва кўчмас мулк объектлари ҳам музлатиб қўйилганди.
XS
SM
MD
LG