Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:01

Ўзбекистонда суюлтирилган газнинг тижорат нархи қимматлади


Ўзбекистон Товар хом ашё биржасида ўтган ҳафтада суюлтирилган (пропан) газнинг бир килограмми ўртача 2321 сўмдан сотилди. Бир ой муқаддам бу газнинг ўртача нархи 1000-1200 сўмни ташкил этган эди. Аҳоли учун сотиладиган суюлтирилган газнинг нархида ўзгариш бўлгани йўқ, бироқ аҳоли газ баллонлари билан таъминланмагани ва арзон газнинг йўқлиги боис пропан газини қиммат нархда сотиб олишга мажбур бўлмоқда.

Ўзбекистонда май ойининг сўнгги кунларида суюлтирилган газнинг тижорат нархи кескин кўтарилди.

Мамлакат биржаларида сотилаётган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми нархи икки минг сўмдан ошди.

Машинаси суюлтирилган газда ишлайдиган тошкентлик Сулаймон автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида газ нархи турли хил эканлигини айтади:

- Пропан нархини тушуниб бўлмайди. Бир қарасанг 2200 сўмга чиқиб кетади, яна 1200 сўмга тушиб кетади, ўйнаб турадида. Куни кеча яна 2000дан ошиб кетди,-деди Сулаймон.

Ўзбекистон Товар хомашё биржасининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам сўнгги кунларда суюлтирилган газнинг нархи ошганини Озодликка тасдиқлади:

- Тўғри, нархлар ўзгариб туради, бозор иқтисодиёти шароитида талаб ва таклифга қараб нархлар ошиб-тушиб туради. Бир ҳафта олдин кўтарилган бўлса яна тушиши мумкин. Бу ёғи энди бозорга боғлиқ,- деди биржа мулозими.

Биржа мулозими суюлтирилган газ нархининг ўтган ойларга нисбатан кескин кўтарилиб кетишининг асл сабабини изоҳлаб беролмади.

Ўзбекистонда суюлтирилган газ ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган “Ўзнефтгаз қазиб чиқариш” ҳиссадорлик компаниясининг исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра, мамлакатда эҳтиёжга яраша суюлтирилган газ ишлаб чиқарилмоқда:

- Биз пропан гази ишлаб чиқарамиз ва уни биржа сотади. Биржа унинг устига қанча қўйиб сотади, қанча фойда қилади, буниси бизнинг ишимиз эмас. Фақат шуни айта оламанки, Ўзбекистонда одамлар ва саноат эҳтиёжи учун етарли миқдорда суюлтирилган газ ишлаб чиқарилмоқда,- деди компания мулозими.

Ўзбекистонда суюлтирилган газ икки хил нархда сотилади, тижорат ва аҳолига сотиладиган давлат нархи.

Озодликнинг “Фарғонагазтаъминот” идорасидан олган маълумотига кўра аҳолига сотиладиган суюлтирилган газнинг нархида ўзгариш бўлгани йўқ:

- Йигирма килограмм суюлтирилган газ сиғадиган баллонлар аҳолига 9730 сўмдан сотиляпти. Демак, газнинг ҳар килограмми қарийб 500 сўмга тўғри келади. Пропан ҳозирча бизда қимматлашгани йўқ,- деди газ идораси мулозими.

Бироқ Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилда қабул қилган аҳолини пропан газ билан таъминлаш дастури ҳамма ерда ҳам бажарилмаётгани кузатилади.

Ўзбекистоннинг аксарият туманлари аҳолиси хўжалик эҳтиёжи учун ишлатиладиган пропан газини автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидан қиммат нархда сотиб олишга мажбур бўлмоқда.

Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида истиқомат қилувчи пенсионер Абдуазим аканинг айтишича, аҳолини пропан газ билан таъминлаш ҳақидаги ҳукуматнинг ваъдаси ваъдалигича қолмоқда:

- Ўтган йили пропан газ баллонлари берамиз, деб шартнома қилиб кетишган эди. Шу кетганича қораларини ҳам кўрсатишмади. Ҳозир хусусий заправкалардан килосини 1800 сўмдан сотиб оляпмиз. Қўшни Жомбой туманида яхши экан, 20 килосини 10 минг сўмга тўлдириб беришяпти экан,- деди Абдуазим ака.

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистонда пропан газининг тижорат нархи арзонлагани кузатилган эди. Ўшанда ҳар килограмм суюлтирилган газнинг нархи 1000-1200 сўмга тушган эди.
XS
SM
MD
LG