Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:58

Божхонанинг контрабандага қарши асосий курашувчилари қўлга олинди


Божхоначилар Сурхондарёда қўлга олинганини термизлик божхоначи билвосита тасдиқлади.
Божхоначилар Сурхондарёда қўлга олинганини термизлик божхоначи билвосита тасдиқлади.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг нуфузли икки амалдори ҳибсга олинди. Озодликнинг бир-биридан мустақил икки манбаси тақдим қилган бу хабарни божхона ходими ҳам билвосита тасдиқлади. Гап божхона қўмитасининг контрабандага қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи Азиз Хасанов ва унинг ўринбосари Азиз Абдураҳмонов ҳақида кетмоқда. Айни пайтда Узметроном нашрининг хабар қилишича, юқори лавозимли икки раҳбарни ортиқча шовқинсиз қўлга олиш учун операция Сурхондарё вилоятида ўтказилган. Озодлик манбаларига кўра, Азизлардан бирининг Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматидаги нуфузли шахсларга қариндошчилик жой бор.



Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси контрабандага қарши кураш бош бошқармаси бошлиғи Азиз Хасанов ва унинг ўринбосари Азиз Абдураҳмонов айнан қачон ҳибсга олингани ноаниқ қолмоқда.

Озодликнинг бир-биридан мустақил икки манбаси шу ойнинг бошларида етказган бу хабарни Давлат божхона қўмитаси инкор қилиб, контрабадага қарши кураш бошқармаси раҳбарлари ҳозирда таътилда эканини билдирди.

Озодлик манбалари берган бу хабарни энди Ўзбекистон ҳокимияти идораларидаги ҳодисалардан яхши хабардор Узметроном нашри ҳам тасдиқлади.

Интернет нашри душанба куни эълон қилган “Икки Азиз – битта иш” номли мақолада айтилишича, бош бошқарма бошлиғи ва унинг ўринбосарини қўлга олиш операцияси, ортиқча шов-шувнинг олдини олиш мақсадида, Сурхондарё вилоятида ўтказилган.

“Манбанинг айтишича, бундай эҳтиёткорлик ортиқча бўлмаган. Юқори лавозимли божхоначиларни ҳибсга олиш операцияси Тошкентда ўтказилганида эди, уларнинг жуда юқори даражадаги шахсий алоқаларини ишга солишлари эҳтимоли юқори бўлган бўларди”, дейилади мақолада.

Айни пайтда, Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, икки амалдор айнан Термиз шаҳрида қўлга олинганини билвосита тасдиқлади.

“Ҳа, улар шу ерда (Сурхондарё вилоятида – таҳр.) ҳибсга олингани ҳақида эшитдик, лекин бу ҳақда бошқа маълумот бера олмайман”, деди термизлик божхоначи.

Озодлик манбалари ҳибсга олингани айтилаётган божхоначи мулозимларнинг нуфузли шахсларга алоқадорлиги тўғрисида бир-бирига мутлақо зид версияларни илгари сурмоқда. Бу иддаолардан бирига кўра ҳибсга олиш операциясига МХХ ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаев бошчилик қилган.

Лекин Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги бошқа манбасига кўра, қўлга олинган божхоначилардан бирининг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг нуфузли амалдорлари ака-ука Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевларга қариндошчилиги бор.

“Божхонанинг контрабандаси бошлиқлари қўлга олинди. Бирданига бошлиғи билан ўринбосарини қамаб қўйишди. Иккаласининг исми Азиз, бир вақтнинг ўзида қамалди. Қизиғи, улардан бири МХХдаги “энг буюк одамлар” Жавдат ва Ҳаёт Шарифхўжаевларнинг қариндоши”, дея иддао қилди Озодлик манбаси.

Озодликнинг бошқа манбаси ҳам илгари сурган бу иддаоларини расмий идоралардан тасдиқлатишнинг имкони бўлмади. Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси вакиллари Озодликнинг сўровига жавобан, икки амалдор ҳибсга олинганига доир иддаоларни қатъий инкор қилиб, иккаласи ҳам ҳозирда таътилда эканини таъкидлашда давом этмоқда.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ўта ёпиқ идора бўлгани боис, ҳибсга олингани айтилаётган божхона амалдорларининг бири Жавдат ёки Ҳаёт Шарифхўжаевга қариндошчилиги борми, йўқми ёки аксинча уларни ҳибсга олишда МХХ ички хавфсизлик бошқармаси раҳбари иштирок этганига доир иддаоларни тасдиқлатишнинг имкони бўлмади.

Узметроном хабарида икки Азизнинг фамилиялари берилмаган. Лекин Озодликнинг бошқа манбасига кўра, гап айнан Давлат божхона қўмитаси контрабандага қарши кураш бош бошқармаси раҳбари Азиз Хасанов ва унинг ўринбосари Азиз Абдураҳмоновлар ҳақида кетмоқда.

Ўзбекистон ҳокимияти йўлакларидаги гап-сўзлардан яхши хабардор Узметроном нашрининг ёзишича, контрабандага қарши кураш ишларига бош-қош бўлиши керак бўлган бу икки амалдор “контрабанда товарларининг ҳеч бир тўсиқсиз” мамлакатга олиб кирилишига ҳомийлик қилган.

“Уларнинг мамлакатдаги шахсий бизнеси 20 миллион АҚШ долларига тенг бўлган”, дея ёзди нашр.
XS
SM
MD
LG