Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:20

Венада Ўзбекистондаги қийноқларга қарши намойиш ўтказилди


“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Австрия пойтахти Вена шаҳрида ўтаётган ЕХҲТ анжумани доирасида Ўзбекистондаги қийноқ ва сиёсий қатағон қурбонларига бағишлаб норозилик намойиши ўтказаётганини билдирди.

“Ким айбдор?! Навбатдагиси ким?!” дея номланган мазкур акция фикр эркинлиги мавзусига бағишланган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкарлик Ташкилотининг анжумани доирасида бўлиб ўтмоқда.

Тадбир ташкилотчиси, Париждаги “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Озодлик билан суҳбатда мазкур норозилик намойиши узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаб бўлганидан 25 кун ўтиб вафот этган ҳуқуқ фаоли, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Ангрен шаҳар бўлими раиси бўлиб ишлаган Абдурасул Худойназаров ва у каби қийноқ қурбонлари хотирасига бағишланмоқда.

-Ўзбекистонда фаоллар қийноқ қўллаб ўлдириляпти. БМТнинг Женевада бўлиб ўтган йиғилишидан сўнг қийноқлар борасида айтилган танқидларга қарамай, Таваккал Ҳожиев, Абдурасул Худойназаров қийноқ қурбони бўлди. Биз ЕХҲТ, бошқа халқаро ташкилотлардан сўрамоқчимиз: "ким айбдор, бизни ҳуқуқ ҳимоячиларимизни ўлимига ким айбдор?" Шунинг учун биз бугун эркаклар дўпписини кийиб, уларни мотамини нишонлаймиз, ёлғиз ўзи қолиб кетган муштипар ўзбек халқининг мотамини бугун нишонлаймиз, - деди Тожибоева.

58 ёшли ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдурасул Худойназаров 26 июнь – Халқаро қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш куни, яъни қамоқдан озод этилганидан бир неча куни ўтиб ҳаётдан кўз юмган..

Шифокорлар унда саратон ва бошқа хасталиклар борлигини аниқлаганларидан сўнг у озодликка чиқарилган эди.

Мўътабар Тожибоева ва бошқа фаоллар ЕХҲТ биносида бўлаётган акцияда қозоғистонлик фаол ва рассом Қанат Ибрагимовнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов ҳамда Ўзбекистонда асоссиз қатағонлар қурбонлари бўлган бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамияти фаоллари тасвирланган ҳажвий суратларни намойиш этишди.

XS
SM
MD
LG