Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:51

Президентнинг ташрифи ортидан Фарғона шаҳри ҳокими ишдан олинди


2014 йил, 3 февралида Фарғонада олинган сурат. 1 февралдан 4 февралгача Фарғона қордан тозаланмаган.
2014 йил, 3 февралида Фарғонада олинган сурат. 1 февралдан 4 февралгача Фарғона қордан тозаланмаган.

Фарғона шаҳри ҳокими ишдан олингани, шаҳарга вилоят ҳокимининг иқтисод ва қурилиш ишлари бўйича ўринбосари муваққат ҳоким этиб тайинлангани маълум бўлди. Ҳоким ишдан олинишидан бир неча кун олдин – 26, 27 июнь кунлари Ўзбекистон Президенти Фарғона вилоятида бўлган, сафар тўғрисидаги расмий хабарларда айтилишича, Ислом Каримов бу ерда олиб борилаётган “бунёдкорлик одамлар кўнглини кўтариб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаётганини таъкидлаган” эди.

Ўтган ҳафтада ишдан олинган Фарғона шаҳри ҳокими Илҳом Маматов ўрнига ҳокимлик вазифасини вақтинча бажариб туриш Фарғона вилояти ҳокимининг иқтисод ва қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Шуҳрат Собировга юклатилганини Озодликнинг вилоят ҳокимлигидаги манбаси тасдиқлади.

Шундай қилиб, бундан қарийб 3 йил муқаддам – 2011 йилнинг 7 октябрида шаҳар ҳокимлигига тайинланган Илҳом Маматов ўзидан олдинги ҳоким Эркин Нуралиев каби ишдан олинди.

Эркин Нуралиев ишдан олинганидан сўнг кўп ўтмай, 2011 йилнинг августида ҳибсга олингани хабар қилинган эди.

Нуралиевнинг кейинги тақдири тўғрисида маълумот йўқ. Илҳом Маматов тўғрисида ҳам, ҳозирча, ишдан олингани тўғрисидагина маълумот мавжуд.

Шаҳардаги вазиятдан яхши хабардор ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевга кўра, Илҳом Маматовнинг ишдан олиниши унинг ҳокимлик лавозимидаги ўзига хос фаолиятининг мантиқий якунидир.

- Шаҳар ҳокимидан халқ ҳам, вилоят ҳокимлигидагиларнинг ҳам норозилиги кучли эди. Икки йилдан бери шаҳар қайта қурилаяпти. Шу жараёнда бузилган уйи учун товон пули олишида, ер участкаси олишида одамларни кўп сарсон қилди, деди Эргашев.

Унинг айтишича, Илҳом Маматов шаҳар бошқарувчиси сифатида ўз вазифаларига ё лоқайд қараган ёки уқувсизлик қилган.

- Бу йил қишда 1 февралга ўтар кечаси жуда қаттиқ қор ёғди. Шаҳар кўчаларига 4 февралгача биронта ҳам қор тозалаш техникаси чиқарилмади. Ваҳоланки, шаҳарда етарлича техника мавжуд, деди Абдусалом Эргашев.

Президент Фарғонани ободонлаштириш ишлари билан танишиб қайтгач, ЎзА сафар тўғрисида мана бу гапларни ёзгач, Илҳом Маматовнинг ишдан олиниши тушунарсиздир.

“Ислом Каримов ташаббуси билан Фарғона шаҳрининг маркази яратилди. Шаҳар атрофида кичик ҳалқа йўли барпо этилди. Йўл бўйларига ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар экилди. Бу шаҳар ҳавоси мусаффолигини ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун янада кенг қулайлик яратмоқда”, деб ёзган эди куни кеча ЎзА.

Гап шундаки, кейинги йилларда шаҳар марказида олиб борилган ишларга Илҳом Маматовнинг бевосита алоқаси йўқ.

2011 йилнинг 22 ноябрида Фарғона вилояти халқ депутатлари Кенгашида ўтказилган йиғилишда бош вазир Шавкат Мирзиёев қатнашган, у Фарғона шаҳрини реконструкция қилиш режаси бўйича ишларни бошлашга фармойиш берган, бу ишларга раҳбарлик қилиш Шуҳрат Собировга юклатилган эди.

Шуҳрат Собиров ўша кунги йиғилишда Фарғона вилояти ҳокимининг иқтисод ва қурилиш ишлари бўйича ўринбосари этиб тайинланган.

Бунгача Қўқон шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган Собиров¸ Қўқонни қайта таъмирлаш ишлари учун президент Каримов олқишига сазовор бўлган.

XS
SM
MD
LG