Самарқанд кимё заводи ишчилари 7 ойдан бери иш ҳақини ололмаяпти. Жорий йилда бирор марта маош олмаган бир гуруҳ ишчиларнинг Озодликка айтишича, сўнгги бор уларга 2013 йилнинг июнь-декабрь ойлари маоши берилган. “Самарқандкимё” ширкати раҳбарияти бугунги кунда корхонанинг 560дан ошиқ ходимидан маош бўйича 3 миллиард сўмдан ортиқроқ қарздорлик тўпланиб қолганини тасдиқлади. Ширкат расмийлари вужудга келган муаммони корхона мижозлари бўлган давлат ташкилотлари 27 миллиард сўмдан ошиқ қарзини тўлашни пайсалга солаётгани билан изоҳлашмоқда. “Ўзкимёсаноат” давлат ширкати таркибига кирувчи корхоналарда иш ҳақининг вақтида тўланмаслиги одатий ҳолга айланмоқда.
“Самарқандкимё” корхонаси ўтган йилдан бери ойлик тўламаётгани ҳақида мазкур заводнинг қийин аҳволада қолган бир гуруҳ ишчилари Озодликка мурожаат қилди.
Шахслари ошкор қилинмаслигини сўраган кимё заводи ходимлари 2014 йилнинг бирорта ойи учун маош берилмаганини билдиришди.
“Самарқандкимё”да 8 ойдан бери ишчилар ойликлари берилмаяпти. Ўзи бизнинг корхонада ҳар 9 ой-1 йилда бир марта, ойликларни битта қилиб беришадиган бўлиб қолди. Бу масала бўйича мурожаат қилмаган давлат ташкилоти қолмади. “Самарқандкимё” раҳбарлари норози бўлганлар ишдан кетишлари мумкин, деб маслаҳат бершмоқда. Жуда қийин аҳволда қолдик”, дейди Озодликка мурожаат қилган завод ишчиларидан бири.
Унинг яна айтишича, бу вазият хусусида бир гуруҳ ишчилар Самарқанд вилоят прокуратурасига ҳам мурожаат қилишган. Лекин прокуратура завод маъмурияти ҳаракатларида қонунбузарлик аниқланмаганини хулоса қилган.
Озодлик мухбири “Самарқандкимё” ширкати раҳбарияти билан вужудга келган муаммо хусусида гаплашишга муваффақ бўлди. Исми ошкор қилинишини истамаган завод раҳбарларидан бири заводнинг 564 нафар ишчи-ходимига жорий йилнинг бирорта ойи учун маош берилмганини тасдиқлади. Унинг эътироф этишича, кейинги йилларда ойлар давомида иш ҳақи тўланмаслиги сурункали муаммога айланган, лекин корхона раҳбарияти бу муаммони мустақил тарзда ҳал қила олмайди.
“Мен яшириб ўтирмайман, аҳволимиз, ҳақиқатан, жуда қийин. Чунки биз маҳсулотимизнинг 99 фоизини давлат буюртмаси бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ширкатларга етказиб берамиз. Буғдой ва пахта етиштирадиган фермерларга берамиз. Шу мижозларимиз бугунги кунда бизга 27 миллиард сўмлик қарзини узишмаган. Биз шартномани “Қишлоқхўжаликкимё” ширкати билан тузилган шартнома бўйича етказиб берамиз. Бу ширкатнинг ҳар бир вилоятдаги шўъбасига, 15 фоиз ҳақини аввалдан тўлаш шарти билан, маҳсулотимизни етказиб берамиз, қолганини турли транш схемалари бўйича ўтказишлари керак. Бу ижро қилинганидан кейин пул тушади. Ана шу пулнинг 27 миллиард сўми тушмаган ҳозирда”, дейди “Самарқандкимё” корхонаси раҳбарларидан бири Озодликка.
Шу билан бирга суҳбатдошимиз, корхона ишчиларининг “8 ойдан бери ойлик олмаяпмиз”, деган эътирозларига тузатиш ҳам киритишга уринди.
“Етти-саккиз ойдан бери эмас, мана тахминан бир ойча бўлиб қолди, ўтган йилнинг июнь-декабрь ойлари учун олти ойлик маошни битта қилиб бердик. 5-6 миллион сўм қилиб бердик. Шунинг учун саккиз ойдан бери ойлик берилмаётгани тўғрисидаги иддаолар бироз нотўғри. Лекин 2014 йилнинг олти ойи учун ойлик берилмагани, бор гап. Бу қарздорликни ёпиш учун имкон қадар ҳаракат қиляпмиз”, дейди Озодлик билан суҳбатлашган корхона раҳбари.
Айни пайтда, суҳбатдошимизнинг гапларидан ўтган йилнинг июнь ойи маоши орадан қарийб бир йил ўтиб берилганини тушуниш керак.
Корхонанинг бошқа бир мутасаддисига кўра, ҳозирда иш ҳақидан қарздорлик 3,5 миллиард сўмдан ошиқроқни ташкил қилади.
“Самарқандкимё” очиқ акциядорлик ширкати ҳам, корхона раҳбарининг сўзларига кўра, 27 миллиард сўмлик қарздорликни ёпишни пайсалга солаётган “Қишлоқхўжаликкимё” корхонаси ҳам, “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик ширкати таркибига киради. Яъни давлатга қарашли ширкат ичидаги иккита корхона ўртасидаги шартнома бажарилмаётгани оқибатида юзлаб оддий ишчи ойлаб иш ҳақини ололмаётир.
Бу вазият хусусида “Ўзкимёсаноат” давлат ширкатидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
“Ўзкимёсаноат” давлат компанияси таркибига кирувчи корхоналар ойлар давомида ишчи-хизматчиларга маош тўламаслиги кейинги йилларда одатий ҳолга айланаётганини кўриш мумкин.
Шу йилнинг апрел ойида “Ўзкимёсаноат” таркибига кирадиган “Навоийазот” ва “Фарғонаазот” корхоналарининг 20 мингга яқин ишчилари йил бошидан бери маош олмагани тўғрисида Озодлик ўз вақтида хабар қилган эди.