Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:38

Светсизлик хусусий бизнес учун катта муаммога айланмоқда


Избоскан туманида чироқнинг тез тез ўчиб туриши совутгичлардаги маҳсулотларнинг айниб қолишига сабаб бўляпти.
Избоскан туманида чироқнинг тез тез ўчиб туриши совутгичлардаги маҳсулотларнинг айниб қолишига сабаб бўляпти.

Ëз кунлари ҳам бутун Ўзбекистон бўйлаб кузатилаëтган электр энергияси таъминотидаги сурункали узилишлар cабаб аҳоли¸ қолаверса¸ озиқ-овқат савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар совутгич ва музлатгичлардаги маҳсулотлар айниб қолаяпти. Бу эса¸ хусусий тадбиркор учун кони зиëн бўлмоқда.

Хусусан¸ ëзнинг чилласида ҳам Андижон вилояти Избоскан туманида электр энергияси таъминотидаги узилишлар тўхтагани йўқ.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган избосканлик тадбиркорлардан бири бу узилишлар оқибатида совутгич ва музлатгичлардаги маҳсулотлар айниб қолаётгани ҳақида ёзди:

“Избоскан тумани марказида электр тақчиллиги вужудга келди. Кўплаб савдо дўконлари ва давлат идоралари электрсиз қолиб кетмоқда. Марказдаги савдо дўконларида иккитадан 6-7тагача музлатгичи бор. Ундаги маҳсулотларимиз айниб қолиб, бизга катта зарар бўлаяпти”, деб ёзади избосканлик тадбиркорлардан бири.

Избосканлик бошқа бир тадбиркор ҳам Озодлик билан суҳбатда чироқнинг тез-тез ўчиб туриши уларга зарар келтираётганини тасдиқлади:

- Кўп ўчиряпти, жудаям кўп ўчиряпти. Мана ҳозир ҳам ўчиб қолганига 2 соат бўлди. Тадбиркорларнинг музлатгичлардаги маҳсулотлари эриб кетяпти, кечаси ўчиб қолса эрталабгача айниб қоляпти. Бир кунда 3-4 соатдан икки-уч мартадан ўчиришяпти. Шунинг учун тадбиркорлар, кечқурун айниб қоладиган маҳсулотларини ўзлари билан бирга уйларига олиб кетишяпти. Хонадонлардаги совутгичларда сақлаб яна эрталаб дўконга олиб келишяпти, деди избосканлик тадбиркор.

Избоскан тумани электр тармоқлари идорасининг мулозими Убайдулла Назаров электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг сабабини таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани билан изоҳлади:

- Бизда ўчяпти, чунки атрофларда ремонт ишлари кетяпти. Лекин Избоскан маркази Пойтуқ шаҳарчасида бир секунд ҳам ўчмайди, қишда ҳам ўчмайди. Атрофдаги подстанцияларда қишга тайёргарлик ишлари олиб борилаяпти, почти ҳар куни. Шу маҳалда бир-икки соат ўчириляпти, холос, деди Убайдулла Назаров.

Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида электр ва газ тақчиллиги ёз ойларида ҳам жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг 90 фоизидан ортиғи электрлаштирилгани, 80 фоизидан ортиғи газлаштирилганини иддао қилади.

Лекин йиллар давомида қиш мавсуми учун одатий ҳол бўлган бўлган газ ва электр тақчиллиги ёз ойларида ҳам давом этмоқда.


Бу эса оддий аҳоли учун кундалик қийинчиликлардан ташқари, тадбиркорларнинг фаолиятига ҳам жиддий зарар етказмоқда.

XS
SM
MD
LG