Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:57

Қирғиз-Тожик чегарасидаги отишма юзасидан музокаралар бошланди


Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 10 июль куни бир одамнинг ўлими ва 8 одамнинг жароҳатланиши билан якунланган отишмадан сўнг расмийлар барқарорликни тиклашга ҳаракат қилмоқда. Бироқ вазият исталган пайтда яна издан чиқиши мумкинлиги ҳам эҳтимолдан соқит қилинмаяпти.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 10 июль куни бир одамнинг ўлими ва 8 одамнинг жароҳатланиши билан якунланган отишмадан сўнг расмийлар барқарорликни тиклашга ҳаракат қилмоқда. Бироқ вазият исталган пайтда яна издан чиқиши мумкинлиги ҳам эҳтимолдан соқит қилинмаяпти.

Вақтинча барқарор беқарор ҳудуд

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Боткендаги мухбири Жениш Айдаровнинг айтишича, қирғиз-тожик чегарасининг 10 июль куни отишма содир этилган ҳудудида ҳарбийлар ва куч ишлатар тузилмалар ходимларининг кўпайганини кузатиш мумкин:

-Қишлоқларнинг ички хавфсизлигини таъминлаш учун чорраҳаларда, йўлларда қуролланган одамлар турибди. Аҳоли орасида тўпланганлар йўқ. Ҳозир қирғиз ва тожик чегарачилари ўртасида кечаги можоро юзасидан музокаралар бўлиб ўтмоқда,- деб хабар берди Жениш Айдаров.

10 июль куни чегарада бўлган отишмада Тожикистоннинг Ворух қишлоғида истиқомат қилган 36 ёшли Сафоиддин Шаропов вафот этган. Тожикистонлик яна 7 киши ўқотар қуролдан олган жароҳатлари туфайли касалхонага ётқизилган. Аниқланган маълумотларга кўра, тожикистонликлар чегаранинг аниқланмаган ҳудудида сув келтириш учун қувур кўмаётган пайтда қирғиз чегарачилари билан зиддият келиб чиққан. Шундан сўнг отишма бошланган.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Райимберди Душенбиев чегаранинг мазкур ҳудудида 10 июль тушдан кейин бошланган ўқ отишлар бир неча соатлик танафуслар билан давом этгани ва кечки соат 9.30да тўхтатилганини, Қирғизистоннинг бир чегарачиси тош тегиши оқибатида контузия бўлганини билдирди.

Райимберди Душенбиев 10 июль куни Тожикистон Чегара хизмати раҳбари Ражабали Рахмонали билан телефон орқали гаплашганини ва қўшни давлат вакили унга чегарадаги вазият исталган пайтда яна издан чиқиши мумкинлигини айтганини маълум қилди:

-У телефон суҳбатида “Бизнинг аҳоли назоратдан чиқиб кетди. Ўттизга яқин қуролланган фуқароларимиз ўзларининг қуроллари билан бориб,”қирғиз чегара постини йўқ қиламиз”, деб таҳдид қилишаяпти. Шунинг учун чегара постини олиб чиқиб кетинглар, агар унга ҳужум қилишса, масъулиятни ўз бўйнимга олмайман”, деб айтди. Мен бу ер Қирғизистон ҳудуди эканини ва чегара пости олинмаслигини айтдим. Агар ўша қуролланган одамлар ҳужум қилса, Қирғизистон чегарачилари бунга муносиб жавоб қайтаради, -деди Райимберди Душенбиев Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбарининг айтишича, Тожикистон билан чегараларда бу каби низоларнинг тез-тез бўлиб туриши мазкур ҳудудда икки давлат ўртасида баҳсли ҳудудларнинг борлиги билан изоҳланади.

Низоларни бартараф этишга музокаралар ёрдам бера олмаяпти

Айни пайтда Тожикистоннинг Қайроқум шаҳрида Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари даражасида музокаралар ўтказилмоқда. Лекин бу каби музокаралар ва учрашувлар тожик-қирғиз чегарасидаги вазиятни барқарорлаштиришга деярли омил ярата олмаётир.

Масалан, 10 июлдаги воқеадан бир ҳафта олдин Бишкекда Тожикистон ҳукумати расмийлари билан чегара муаммоларига бағишланган музокаралар ўтказилган эди.

Баҳорда қирғиз томони тожик расмийлари билан чегара муаммоларини ҳал этиш юзасидан учрашган. Аммо орадан кўп ўтмай, 8 майга ўтар кечаси икки давлат фуқаролари содир этган тартибсизликлар пайтида таҳминан 60 одам жароҳат олди ва уларнинг камида 22 нафари оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди. Қирғизистон ҳудудида бир ёнилғи қуйиш шаҳобчаси, 3 контейнер, 2 дўкон ва 2 та юк автомашинаси ёқиб юборилган.

Шу йилнинг 10 январида Қирғизистон ва Тожикистон чегарани ҳамкорликда назорат қилиш тўғрисидаги шартномани имзолаган. Бироқ 11 январда қирғиз-тожик чегарасида икки давлат ҳарбийларининг ўзаро низолашуви оқибатида Қирғизистоннинг 5, Тожикистоннинг 3 чегарачиси ярадор бўлган эди.

Қирғизистон ва Тожикистон содир этилган низоларда бир-бирини айблаб келади.

XS
SM
MD
LG